Фарғонада 15 яшар боланинг ўлимига сабабчи бўлганлар айбини тан олди – Омбудсман
Жамият
−
21 Ноябрь 2022
1417618 ноябрь куни Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова Фарғона вилояти прокуратурасида 15 ёшли вояга етмаган А.Р. ўлимида айбланаётган ва қамоққа олинган А.Э. ва К.С. билан учрашди. Бу ҳақда Омбудсман сайтида хабар берилди.
Ўзаро суҳбат давомида қўлга олинган А.Э. ва К.С. уларга қўйилган айбни тан олган ва ўзларига нисбатан қийноқ, руҳий ва жисмоний босим қўлланилмаганини ва адвокатлар билан таъминланганларини билдирганлар.
Болалар Омбудсмани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари билан мулоқотда бола ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз тавсияларини бериб ўтган.
Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Фарғона вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси маълумотларига кўра, Учкўприк тумани, “Султон” МФЙ, Султон қишлоғида яшаган, 2007 йилда туғилган, вояга етмаган Р.А. жорий йилнинг 16 октябрь куни Бувайда тумани, Янгиқўрғон қишлоғида жойлашган “Ансор” савдо мажмуасида ота-онасининг назоратисиз юргани ва ушбу мажмуада ўғирлик қилмоқчи бўлганида, ИИБ ходимлари томонидан ушланиб, туман ИИБ бошлиғининг шу кунги қарори билан Қўқон шаҳрида жойлашган вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлик хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимига жойлаштирилган.
17 октябрь куни вояга етмаган Р.А. нинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушидан кетгани сабабли шаҳар Тез-тиббий ёрдам ходимлари чақирилиб, унга тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлимига “бош мия калла ёпиқ шикасти, мия қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия моддасининг лат ейиши” сабаб бўлганлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан 18.10.2022 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давомида, 2 нафар вояга етмаган тарбияланувчи марҳум Р.Абдусатторовни уриб, унинг ўлимига сабаб бўлган тан жароҳатлари етказгани маълум бўлган. Шу сабабли, жиноят иши доирасида ушбу 2 нафар вояга етмаган тарбияланувчи қамоққа олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан собиқ ИИБ марказ тарбиячиси ҳамда навбатчилик сменаси инспектор-навбатчиси Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” банди (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан гумон қилинувчи сифатида жалб қилиниб, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Уларга нисбатан "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь