Фарғона водийсига электр узатувчи тармоқда авария содир бўлди
Ўзбекистон
−
12:51 746 2 дақиқа
Сирдарё иссиқлик электр станциясидан Фарғона водийси вилоятларига электр энергияси етказиб берувчи 500 кВ кучланишли “L-503” электр узатиш тармоғида авариявий узилиш содир бўлди. Тармоқнинг Тожикистон ҳудудидан ўтувчи қисмида ноқулай об-ҳаво сабабли таянчлардан бири қулаган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Вазирлик маълумотига кўра, ҳодиса бугун, 19 ноябрь куни соат 06:19 да қайд этилган. Дастлабки маълумотларда айтилишича, мураккаб релефли адирлик ҳудудда жойлашган электр узатиш тармоғи таянчларидан бири ноқулай об-ҳаво таъсирида қулаган.
Шундан сўнг, автоматик ҳимоя тизими ишга тушган ва ушбу тармоқ орқали электр энергияси узатилиши вақтинча тўхтатилган. Оқибатда айрим истеъмолчилар электр таъминотида узилишларга дуч келган.
Ҳозирда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ раҳбарияти бошчилигидаги мутахассислар ва авария-тиклаш бригадалари ҳодиса жойига сафарбар қилинган.
Тожикистоннинг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорликда авария оқибатларини бартараф этиш ҳамда электр узатиш тармоғи фаолиятини тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Таъмирлаш-тиклаш ишлари якунлангунига қадар Фарғона водийси вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотига вақтинчалик чекловлар жорий этилади.
Маълум қилинишича, Фарғона водийси вилоятларига электр энергияси бошқа тармоқлар орқали ҳам етказиб берилади. Хусусан, Фарғона вилоятига Тошкент вилоятидаги “Янги Ангрен” иссиқлик электр станциясидан чиқувчи 500 кВ кучланишли “L-524” электр узатиш тармоғи орқали ҳам электр энергияси узатилади.
“Вазият Энергетика вазирлигининг доимий назоратида. Электр таъминотидаги узилишларни имкон қадар қисқа муддатларда бартараф этиш ва истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда”, дейилади хабарда.
Тиклаш ишларининг бориши ва электр таъминотидаги ўзгаришлар ҳақида қўшимча ахборот бериб борилади. Вазирлик юзага келган вақтинчалик ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраган.
Live
Барчаси