Фарғона ҳокимлиги овоз Ғаниевникига ўхшатилганини иддао қилмоқда

Жамият

image

Кеча, 14 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевники экани айтилаётган овозли ёзув тарқалган эди. Унда овоз эгаси Қува тумани ҳокими Равшан Қурбоновга мурожаат қилиб, нега кўчага чиқиб газ йўқлигини видеога олган кишининг ҳали ҳам жанозаси ўқилмаганини сўрайди. Интернетда эса бу гапларни Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев жорий йилнинг 2 декабрь куни ўтказган йиғилишда блогерга нисбатан айтгани айтилмоқда. 

Ушбу аудиоёзув бўйича кеча QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган мақоладан кейин Фарғона вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати Facebook’даги саҳифасида расмий баёнот берди. Ундай шундай дейилади: 

“Озодлик” тарқатган “Фарғона ҳокими блогернинг “жанозасини ўқиш” ни буюрди” сарлавҳали мақоласи юзасидан қуйидагиларни билдирамиз.

“Озодлик” Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга нисбатан навбатдаги туҳматини эълон қилган. 2 декабрда айтилган деб иддао қилинаётган аудио ёзувдаги овози ўхшатилган сўзлар бирон бир селектор йиғилишида Шуҳрат Ғаниев томонидан айтилмаган. Шуҳрат Ғаниев журналист ёки блогерларга нисбатан босим ёки тазйиқ ўтказмаган, Қува тумани ҳокимига бу ҳақда ҳеч қачон танбеҳ бермаган.

Аудиоёзув ўхшатма овознинг қўпол монтажидан бошқа нарса эмас.

Ҳурматли интернет фойдаланувчилари, ҳамкасб журналистлар, блогерлар! “Озодлик”нинг ўйинига учманг, унинг туҳматларига ишонманг. Агар “Озодлик”да бундай ҳақиқий овоз бўлганида эди, у ўзи иддао қилишича 2 декабрдан буён уни ушлаб турмас эди.

“Озодлик”нинг куни энди пранкер (овоз ўхшатувчи)ларга қолган кўринади”.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам жорий йилнинг 16 ноябрь куни ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга нисбатан айтган тазйиқ кўринишидаги гаплари устидан текширув бошланганини айтиб, бу овоз Ортиқхўжаевники эмаслиги ва гўё унинг овози сифатида тарқатилаётганини иддао қилганди


Мақола муаллифи

Теглар

Шуҳрат Ғаниев Фарғона вилояти ҳокимлиги

Баҳолаганлар

174

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг