Фанлар Академияси Ботаника боғини ҳокимликка бермоқчи эмас
Жамият
−
07 Октябрь 2023
4775Тошкент шаҳридаги Ботаника боғининг “Истироҳат боғлари фаолияти ва бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги ҳукумат қарори асосида Фанлар академияси тасарруфидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига ўтказилаётгани ҳақидаги хабарга Ўзбекистон Фанлар академияси расмий муносабат билдирди.
Унга кўра, Фанлар академияси Ботаника боғининг шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтказилишига қарши. Ушбу норозиликни билдириш учун академия қарор лойиҳаси келиб тушган куннинг ўзидаёқ Давлат активларини бошқариш агентлигининг масъул ижрочиси билан боғланган ва Ботаника боғини қарор лойиҳасидаги рўйхатдан чиқариб ташланиш лозимлигини айтган. Юқори турувчи органлар эса оғзаки тарзда хабардор қилинган.
“Фанлар академиясининг мутахассислари томонидан асоснома тайёрланиб, ўрнатилган тартибга биноан белгиланган муддатдан чиқиб кетмаган ҳолда, project.gov.uz тизими орқали Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасининг 1-иловаси 193-тартиб рақам билан келган Ботаника боғини рўйхатдан чиқариб ташлаш қатъий талаб қилинди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Фанлар Академияси ўрнатилган тартибга биноан қарор лойиҳаси идоралараро келишув тарзида амалга оширилишини эслатиб ўтган.
Бундан ташқари, Академия “Академик Ф. Русанов номидаги Ботаника боғи фаолиятини такомиллаштириш, шу жумладан, илмий салоҳиятини кучайтириш, моддий-техник базасини яхшилаш, ҳудудларда уларнинг тажрибасини қўллаш ва филиалларини ташкил этиш” бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқди.
“Мазкур қарорнинг қабул қилиниши Ботаника боғининг имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда республикада биохилма-хиллик соҳасини илмий жиҳатдан ўрганиш тизимини такомиллаштиради ва Ботаника боғининг бошқа вазирлик ва идораларга ўтказилиш имкониятини чеклайди”, дейилади муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, бу қарор ўз навбатида, жамоатчилик ва Экопартия норозилигига сабаб бўлди. Жумладан, Расул Кушербаев ўз Telegram-каналида ҳукуматнинг ушбу қарорига муносабат билдирганди.
LiveБарчаси