Фаластинликлар қурбонларни қайта дафн этмоқда

Олам

image

Фаластиннинг Ғазо шаҳридаги “Аш-Шифа” шифохонаси ҳовлисида оммавий қабристонни очиш ишлари бўлиб ўтмоқда. Қутқарув хизматлари ва кўнгиллилар 180 жасаддан 48 тасини қазиб олган. Бу ҳақда “Arab News” нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, Исроил томонидан амалга оширилган бомбардимон ва артиллерия зарбалари оқибатида шифохона ҳовлиси вайроналар, қолдиқлар ва чиқиндилар билан қопланган. Маҳаллий аҳоли оддий белкурак ва қўллари билан вайроналарни тозалаб, қурбон бўлганлар жасадларини қазиб олмоқда ва уларни диний маросимларга мувофиқ дафн этиш учун шай қилмоқда.

Хабарга кўра, топилган 48 жасаддан 38 таси аллақачон аниқланган ва дафн этиш учун олиб кетилган, яна 10 жасад шахсини аниқлаш жараёнида. Фуқаро мудофааси бошқармасининг ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йил октябрь ойида Фаластин-Исроил можароси кескинлашганидан буён “Аш-Шифа” шифохонаси ҳовлисида 180 га яқин одам дафн этилган.

AFP томонидан олинган тасвирларда қутқарувчилар ҳовлининг айрим жойларини ковлаётгани ва инсон қолдиқлари бўлган оқ халталарни чиқараётгани, сўнг уларни адёлларга ўраб олиб кетаётгани акс этган.

Ғазо шаҳри фуқароси Муҳаммад Абу Асий шифохонага келиб, акасининг жасадини аниқлаганини айтди.

“Бу урушни яна бошдан кечиргандек бўлдим. Акамнинг жасадини топиш уни бугун дафн қилгандек ҳис қилдирди – оғриқ ва яралар яна очилди”, дейди у.

Яна бир ғазолик фуқаро Суҳа ал-Шариф ўғлининг жасадини топиш умидида шу ерга келганини айтди.

“Ўғлим қандай кийим кийганини биламан. Шунинг учун келдим. Худо хоҳласа, уни топаман”, дейди у.

Маълумот учун, Ғазодаги шифохоналар, хусусан Аш-Шифа 2023 йил 7 октябрдан бери Исроил кучлари томонидан қайта-қайта нишонга олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил кучларининг Ғазо секторига ҳужуми оқибатида бир кун ичида саккиз киши ҳалок бўлганди. Маълум қилинишича, икки ўртада сулҳ битимининг иккинчи босқичи имзоланиши кутилаётган бир пайтда, Исроилнинг Ғазо секторига қаратилган ҳужумлари оқибатида 8 киши ҳалок бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

дафн Фаластин қурбон Аш-Шифа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг