Фаластиндаги тўқнашувда журналист аёл ўлдирилди
Олам
−
11 Май 2022
6751Қатарнинг “Al-Jazeera” телеканали журналисти Ширин Абу Акле Фаластинда, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги отишмада ҳалок бўлди.
Телеканалга кўра, 51 ёшли журналист 11 май куни эрталаб отишма содир бўлган Женин шаҳридаги фаластинлик қочқинлар лагерига исроиллик ҳарбийларнинг босқинини ёритган. Тўқнашув вақтида “Пресс” ёзуви туширилган ўқ ўтказмайдиган жилет кийган Абу Акленинг бошига ўқ узилган. Журналист шифохонага олиб кетилган, бироқ уни қутқариб қолишнинг имкони бўлмаган. У билан бирга “Al-Quds” мухбири Али Самодий ҳам яраланган. У ҳозирда шифохонада, аҳволи барқарор экани айтилмоқда.
“Al-Jazeera” Ширин Абу Акленинг ўлдирилишида Исроил хавфсизлик кучларини айблаб, буни “халқаро меъёрларни бузувчи совуқ қонли, даҳшатли жиноят” деб атади. Исроил мудофаа кучларининг иддаосича, қуролланган фаластинликлар журналистни тасодифан отиб ўлдирган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Қуддусда араб оиласида туғилган ва АҚШ фуқароси бўлган Ширин Абу Акле 1997 йилдан бери “Al-Jazeera” телеканалида ишларди.
Қайд этиш керакки, сўнгги фақтларда Фаластинда тўқнашувлар кўпайди. Дастлаб Рамазон ойида мутаассиб яҳудийларнинг Ал-Ақсо мажмуасига кириши тўқнашувларга сабаб бўлди. Сўнг Исроил кучлари ва фаластинликлар ўртасида эгаллаб олинган Шарқий Фаластинда тўқнашувлар юз берди ва бу давом этмоқда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Шарқий Фаластиндаги вазият бўйича баёнот бериб, кескинлик кучайгани учун жиддий хавотирда эканини билдириб, муаммони БМТ резолюцияларига мувофиқ ҳал этишга чақирди.
LiveБарчаси