Фаластин халқи мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқига эга – Мирзиёев

Жамият

image

Бугун, 3 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида сўзга чиқиб, Исроил ва Фаластин ўртасидаги можаро масаласига тўхталди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

“Бугунги кунда жаҳон миқёсида ишонч инқирози тобора авж олмоқда. Глобал хавфсизликни таъминлашда янги муаммолар юзага келмоқда ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш ҳолатлари кучаймоқда. Айниқса, Яқин Шарқда узоқ вақтдан буён давом этаётган Исроил-Фаластин муаммосининг ниҳоятда хавфли тус олгани барчамизни жиддий хавотирга солмоқда”, деган Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари қуролли тўқнашувлар оқибатида тинч аҳоли, айниқса, кексалар, аёллар ва болалар ўртасида ҳалок бўлиш ва жароҳатланганлар сони кескин ошганини таъкидлаган.

“Шу муносабат билан биз томонларни жанговар ҳаракатларни ва ўт очишни зудлик билан тўхтатишга ва сулҳ тузишга чақирамиз. Мазкур муаммонинг ягона ва энг адолатли ечими низони „икки халқ учун икки давлат“ тамойили асосида ҳал этишдир. Фаластин халқи, БМТ резолюцияларида белгиланганидек, мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқига эга”, дея таъкидлайди Мирзиёев.

Ўзбекистон Президентининг қўшимча қилишича, ташкилот доирасида иштирокчи давлатлар раҳбарлари бу масала бўйича якдил ва қатъий позицияни бутун дунёга эълон қилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Фаластин халқи томонида эканини айтганди. 1 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкил этиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига гуманитар ёрдам ажратиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг