Фаластин гуруҳлари сулҳ музокараларидаги ҲАМАСнинг позицияси бўйича консенсусга эришди
Олам
−
13 Май
5093Қоҳирада бўлиб ўтаётган Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда ҲАМАС делегациясининг талаблари юзасидан Фаластин жамоатчилиги ва Фаластин қаршилик гуруҳлари ўртасида консенсус шаклланди. Бу ҳақда Дамашқдаги Фаластин Миллий Кенгаши биносида бўлиб ўтган Фаластин қаршилик гуруҳлари вакилларининг маслаҳат йиғилишида ҲАМАС миллий ишлар бошқармаси раҳбари Хосам Бедран маълум қилди.
Унинг айтишича, музокаралар Ғазо секторида тўлиқ ва кенг қамровли ўт очишни тўхтатиш, Исроил армиясини бутун эксклавдан олиб чиқиб кетиш, кўчирилган фаластинликларни уйларига қайтариш, асирлар алмашинуви, Ғазода қайта қуриш ишларини бошлаш бўйича келишувни ҳам қамраб олиши керак.
ҲАМАС вакилининг таъкидлашича, Исроил тобора халқаро миқёсда яккаланиб қолмоқда, глобал ва минтақавий ўйинчилар музокараларда Тель-Авив позициясини қўллаб-қувватлашдан кўпроқ бош тортмоқда.
Бедранга кўра, Исроилнинг Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳрида қуруқликдаги операцияни талаб қилиши Исроилнинг яккаланишини янада чуқурлаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония Фаластин ҳаракати Қатар ва Мисрнинг Ғазо секторида нисбий ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги таклифини қабул қилиш қарорини эълон қилган эди. Бунинг ортидан Исроил ҳукумати Рафаҳга ҳужумларни давом эттиришга қарор қилди. Исроил армияси блокададаги Ғазо сектори ва Миср чегарасидаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти яқинида жойлашган ҳудудларга ҳужум уюштирди. Исроил ҳарбий Вазирлар Маҳкамаси 9 май оқшомида Исроил мудофаа кучларининг Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳридаги амалиётини кенгайтириш учун овоз берди.
Муқаддасхон Саттарова
LiveБарчаси