Фахрий донорларга бериладиган мукофот пули кўпайтирилади
Жамият
−
23 Декабрь 2022
49842023 йил 1 январдан “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бирйўла бериладиган пул мукофоти суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 15 бараваригача (1,5 млндан 4,5 млн сўмгача) оширилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу янгилик Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш чоралари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий этилади.
Шунингдек, кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
• улар учун қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиш;
• шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш;
• давлат санаторий-курортларида даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш;
• доимий (йилига камида 3 марта қон топширувчи) донорлар ва уларнинг яқин қариндошлари (ота-оналари, турмуш ўртоғи, фарзандлари, ака-ука ва опа-сингиллари, турмуш ўртоғининг ота-оналари) стационар даволаниш жараёнида, зарурат туғилганда, қон ва унинг таркибий қисмлари билан бепул таъминланади;
• донорларни бепул овқат билан таъминлаш бўйича харажатларнинг қиймати республика бўйича бир хил – меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 фоизи (27 минг 600 сўм) миқдорида белгиланади;
• иммун донорларга ўтказилган иммунизация ва топширилган плазмаси учун ҳақ тўлаш миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг оширилиши даражаси доирасида мутаносиб равишда индексация қилиб борилади;
• шошилинч ҳолатларда донор қонининг таркибий қисмларини ташиш учун тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланишга рухсат берилади.
Соҳиба Комиловна
LiveБарчаси