Ёзда бизни қандай иссиқ кутяпти?

Интервью

Жорий йилда ёз фасли иссиқ келиши кутилаётгани хабар қилинди. Май ойи эса ҳарорат кўтарилиши бўйича бўйича рекорд янгиланди. Шуларнинг ўзи олдинда бизни қандай ёз фасли кутиб турганини тасаввур қилишимиз учун етарли.

Об-ҳаводаги бундай ўзгаришларнинг боиси не? Нега дастлабки 20 куни намгарчилик билан ўтган май ойининг сўнгги ўн кунида ҳаво ҳарорати кескин исиб кетди? Кутилаётган ёзнинг қурилишлар кўпайган ва дарахтлар камайган бир шароитда таъсири қандай бўлади?

QALAMPIR.UZ мухбири об-ҳаво ва иқлимдаги сўнгги ўзгаришлар бўйича Гидрометеорология хизмати маркази мутахассиси, синоптик Улуғбек Шермуҳамедов билан суҳбатлашди.

Феруза Нажмиддинова, журналист: — Ассалому алайкум. Биламизки, охирги ойларда ҳаво ҳарорати кўтариляпти. Айниқса шу йилнинг май ойида ҳарорат бўйича рекорд қайд этилди. Умуман май ойида ҳароратнинг бундай кўтарилишига асосий сабаб нима?

Улуғбек Шермуҳамедов, синоптик: — Агар май ойини таҳлил қиладиган бўлсак, май ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунликларида юқори ҳарорат бўлгани йўқ. Биринчи ва иккинчи ўн кунликда ёғингарчиликлар кўп, ҳарорат нисбатан салқинроқ бўлди. Сиз айтаётган иссиқ ҳаво бу май ойнинг охирги ўн кунлигига тўғри келди. Шу вақт ичида бизнинг ҳудудимизга жанубдан, асосан, Эрон ва Туркманистон ҳудудидан, илиқ ва иссиқ ҳаво массалари кетма-кет келиши натижасида Республикада, айниқса Шимолий – Хоразм ва Қорақалпоғистон ҳудудлари ҳамда чўл ҳудудларида ҳарорат кескин кўтарилди. Бошқа ҳудудларда ҳам ҳарорат кўтарилиши кузатилди. Лекин асосан юқоридаги ҳудудларда бир неча кун давомида, аниқроқ айтадиган бўлсак 26-28 май кунлари тарихдаги энг юқори ҳарорат қайд этилди. Мана шу ҳолатни биз май ойининг сўнгги ўн кунлигида кўрдик.

Одатда май ойларида иссиқ бўлмайди. Лекин мана бу йилда майнинг охирги ўн кунлигида иссиқ ҳаво бизда ҳукмронлик қилди. Юқорида айтганимдек, бу жанубдан иссиқ ҳаво массалари келиши натижасида бўлди.

Бу табиий синоптик жараён ҳисобланади. Бу жараён нисбатан узоқроқ давом этди.

Ф.Н.: — Одатда ҳарорат табиий омиллар натижасида кўтариладими ёки бунинг асл сабаби инсон омилими?

У.Ш.: — Ҳароратни кўтарилиши-тушиши 90-95 фоизи бу албатта табиий омил ҳисобланади. Сабаби, инсон алоҳида ўзи яшаб турган кичик ҳудудда у ёки бу кўринишда ўзига иқлим яратиб олиши мумкин. Лекин, биз кўраётган табиий шароитда, бизнинг ҳудудларимизда бўладиган об-ҳавода табиий жараённи роли жуда катта. Инсон омили буни ўзгартирадиган даражада кучга эга эмас.

Ф.Н.: — Яқинда Қуёшда сўнгги уч йилликдаги энг йирик чақнашлар содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Айнан Қуёшдаги портлаш об-ҳавога қанчалик таъсир қилади?

У.Ш.: — Бир нарсани айтиб ўтиш керак. Қуёш активлиги деган тушунча бор. Қуёш активлиги бу – қуёшдаги доғларни кўпайиб камайиб туриши. Қуёш бизнинг энг асосий энергия манбамиз бўлгани сабабли ундаги ўзгаришлар бизга таъсир қилади. Мана шу ҳозир айтганингиздек, Қуёшда бўладиган Қуёш доғларининг ўзгариши қуёш активлиги дейилади. Қуёш активлиги ҳар йилда даврий равишда ўзгариб туради. Яъни, мана шу йил ичида унинг фаоллиги минимум ёки максимумга чиқади. Чақнашларнинг кўпайиши бу қуёш янги фаол даврга кирганини билдиради. Бу нарсани қандайдир аномал ҳолат деб бўлмайди. Бу даврийликнинг қайтарилиши.

Даврийлик қайтарилаётган пайтда қайсидир вақтда энергия кўпайиб нисбатан исишига олиб келиши мумкин. Чунки келаётган энергия кўпайяпти. Қанчадир вақтдан кейин одатийдан кўра камаяди.

Ф.Н.: — Демак, қуёш фаолияти таъсир қилади?

У.Ш.: — Ҳа, энергия манбаси бўлгани учун таъсир қилади. Лекин, бир нарсани ҳисобга олиш керак. Бизга таъсир этадиган Қуёш радиацияси одатда ёруғлик нури ва инфрақизил нурларга тўғри келади. Чақнашларда ажралиб чиққан нурланиш бошқа диапазонда бўладиган бўлса, буни об-ҳавога таъсири йўқ.

Ф.Н.: — Ҳозирда Ўзбекистонда қурилишлар жуда ҳам кўп. Чиқаётган турли зарарли моддалар кўпайгани сари ҳаво ифлосланади. Дарахтлар ҳам камайиб кетяпти. Катта-катта соя берувчи дарахтлар ҳам камайиб кетяпти. Бундай шароитда кутилаётган иссиқнинг таъсири қандай бўлади?

У.Ш.: — Биз бир нарсани ажратиб олишимиз керак. Ҳарорат бошқа нарса, иссиқлик бошқа нарса. Мисол учун ҳарорат иккита жойда 37 градус бўлиб турибди. Бир ерда ўзингизни ёмон ҳис қиласиз, иккинчи ерда яхши ҳис қиласиз.

Ф.Н.: — Келинг, унда шуни фарқини батафсил айтиб беринг.

У.Ш.: — Ҳарорат бу ўлчанадиган метеорологик катталик. Иссиқлик бу ютилаётган ва ажратилаётган энергия. Қуйидагича мисол келтиришимиз мумкин. Агар бизда 35-40 даража бўладиган бўлса қийин, лекин чидаса бўлади. Агар Ҳиндистонда 35-40 ҳароратга тушиб қолсангиз, ўзингизни ташлаб юборасиз. Нима сабабдан? Чунки у ерда намлик юқори. У ерда намликнинг ҳисобига кўп иссиқлик ютилади ва кўп иссиқлик нурланади. Одам мана шу иссиқлик алмашинувида ўзини ҳис қилиши ёмон томонга ўзгариши мумкин. Сиз айтаётган чанглар, антропоген омиллар бу инсонни ўзини ҳис қилишига таъсир қилиши мумкин. Лекин, ҳарорат ўлчанишида ҳеч қандай таъсири бўлмайди.

Ф.Н.: — Демак, атмосферадаги димланиш даражасига зарарли моддалар у қадар таъсир қилмайди?

У.Ш.: — Атмосферага катта зарари йўқ, лекин атмосфера орқали ўсимликларга, жонзотларга ва бизга таъсири бор. Атмосфера нотирик об-ҳаво массаси. Қайсидир вақтда ифлосроқ, қайсидир вақтда тозароқ бўлади. Қанчадир вақтдан кейин ўзини ўзи тиклаб олаверади. Мана шу икки давр орасида инсонга таъсири бўлиши мумкин.

Ф.Н.: — Дарахтларнинг камлигичи?

У.Ш.: — Дарахтларнинг камлигида бир нарсани ҳисобга олишимиз керак, бу жойга қараб бўлади. Баъзи жойларда дарахтларнинг камайиши кескин ўзгаришига олиб келиши мумкин. Бошқа жойларда дарахтлар катта роль ўйнамайди. Табиий нарса, дарахт фойдали уларнинг кўплиги фойдали. Чанглар чиқиши, автомобилдан чиқаётган тутунлар зарарли. Лекин, уни ҳиссаси бор. Вазиятлар, об-ҳаво ва иқлимдан келиб чиққан ҳолатда унинг таъсири кучли ёки кучсиз ҳолатда бўлиши мумкин.

Ф.Н.: — Бу йил ёзнинг иссиқ келиши глобал исиш билан қанчалик боғлиқ?

У.Ш.: — Глобал исиш ва иқлим ҳақида гапирганда биз битта ёзга қараб, бир йилга қараб баҳо бермаймиз. Иқлим деганда 10 йиллаб, юз йиллаб кузатиш натижасида пайдо бўладиган хулоса. Масалан, маълум жойга бундай намлик, мана бундай радиация, мана бунақа ҳарорат хос. Бу нарсани биз юз йиллаб ўлчаш натижасида келтириб чиқардик. Глобал ўзгаришни қайд этиш учун ўн йилликлардаги солиштиришни амалга ошириш мумкин. Мисол учун, ўтган йил ёз иссиқ, бу йилги ёз совуқ, кейинги ёз яна иссиқ ундан сўнг ҳам яна иссиқ бўлиши мумкин. Лекин бу дегани ўртача қарайдиган бўлсак, бу ўн йиллик, олдинги ўн йиллик билан бир хил бўлиши мумкин. Ҳеч қандай ўсиш кузатилмаслиги мумкин. Шунинг учун, ҳозир айтганимдек, бу йил прогноз қиладиган марказ билан биргаликда ёзги прогнозлар қилишди. Бу прогнозларга кўра бизнинг ҳудудимизда ёз нормага нисбатан иссиқроқ бўлиши кутилмоқда. Масалан, олдинги ёз ҳарорат 3 кун 40 градусдан баланд бўлган бўлса, бу ёз 4 кун 40 дан баланд бўлади. Ваҳима қиладиган ҳеч қандай ҳолат эмас.

Ф.Н.: — Демак 2019 йилнинг ёзига нисбатан бу 2020 йилнинг ёзи ...

У.Ш.: — Йўқ. ўртача нормага нисбатан.

Ф.Н.: — Ўтган йилга нисбатанчи?

У.Ш.: — Буни фақат ёз ўтгандан кейин солиштириш мумкин.

Ф.Н.: — Олдинги йил ҳам худди шу мавсумда, худди шу ойда олдинги июль-август ойлари прогноз қилинган. Бу йил ҳам прогноз қилинган. Шуни солиштириб кўрдингларми?

У.Ш.: — Йўқ, бизда прогноз билан прогноз солиштирилмайди. Одатда прогноз билан факт солиштирилади. Шунингдек, иккита факт бир-бири билан солиштирилади. Бизда ҳозир ёз бўлгани йўқ. Ёз тугагандан кейин, ўтган ёз ва бу ёзни солиштириш мумкин. Лекин, икки йилнинг прогнозини солиштириш тўғри келмайди.

Ф.Н.: — Биз биламиз, Ўзбекистонда ҳавони, чангни ҳисоблайдиган қурилмалар СССР давридан қолган. Айнан эскирганларнинг ўрнига янги мосламалар харид қилинмаган. Бу об-ҳавони тўғри айтиб беришингизга қанчалик таъсир қилади?

У.Ш.: — Биринчидан, қурилмалар ҳақида қисқача айтаман. Қурилмалар янги бўладими. эски бўладими бизда олдиндан бутун дунёда амал қилиб келинадиган стандартлар бор. Масалан термометр, у қайсидир вақт оралиғида доимий текширувдан ўтказиб турилади. Уни аниқлиги, тўғри ишлаётгани, уни қанчалик сезгирлиги ва ҳоказо параметрлари баҳоланиб борилади. Мисол, учун термометр бузилиб қолса ҳам уни ўзини алмаштириш бўйича қонун қоидалари бор. Бу нуқтаи назардан, қурилмалар янги бўладими, эски бўладими улар ҳар доим маълум бир талабга жавоб бериши шарт. Бўлмаса улар билан ўлчаш мумкин эмас. Бунда кўчадан сотиб олиб қўйиш кетмайди. Албатта, ўша стандартлардан ўтган, талабга жавоб берадиган термометрлар ишлатилади. Қурилмаларни эски бўлиши нотўғри ўлчашига сабаб бўлмайди.

Ф.Н.: — Умуман, уларни Ишлаш стандарти неча йил?

У.Ш.: — Термометр эскича кўрингани билан билан у эски бўлмайди. Билишимча, ҳар беш йилда қурилма тўлиғича алмаштирилади. Сиз ҳозир симобли термометр кўраётган бўсангиз бу 30 йил олдинги термометр дегани эмас. Худди шундай шаклда, худди шундай метод билан ўлчайдиган, худди шундай тузилишга ва параметрларга эга бўлган қурилмани ишлатамиз.
Мисол учун мен симобли термометр ўрнига электрон термометр ишлатмоқчиман. Бунинг учун мен икки термометрни ёнма-ён қўйиб бир йил давомида текширишим керак бўлади. Агар мен методни ўзгартирсам қаторни бир жинслилиги ёқолади.

Ф.Н.: — Нима учун “Ўзгидромет”нинг об-ҳаво маълумотларига ишончсизлик бор?

У.Ш.: — Нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда синоптикларнинг прогнозларига шубҳа билан қараш кўп кузатилади. Синоптиклар ва об ҳавони прогноз қилувчилар ҳақида аскиялар, латифалар бор. Бу бутун дунёда тарқалган нарса, фақат Ўзбекистонда эмас. Буни сабаблари билан қизиқадиган бўлсак, бунга учта сабаб бор:

Биринчидан, ҳамма жойда ҳар хил лекин, бизда кўпроқ. Одамлар прогноз нималигини нотўғри тушунади. Масалан, эртага ёғингарчилик кутилмайди дейилса, бўлди ёмғир ёғмас экан дегани эмас. Биз барча бор маълумотларни анализ қиламиз, барча методлардан фойдаланиб эртанги кун учун умумий хулосалар чиқарамиз. Бу хулосалар натижасида қайси ҳудудда қандай ҳарорат, қандай ёғингарчилик бўлиши ёки бўлмаслигини айтамиз. Масалан ҳаво оқимларини йўналиши. Харитадан қараса бир фоиз ўзгариш ҳам катта роль ўйнайди. Масалан, Тошкентда ёғингарчилик бўлишини шу ҳал қилади. Ҳаво оқимининг бошқа йўналишга кетиши 70 фоиз, бу йўналишга кетиши 30 фоиз. Биз мана шу 70 фоизга таяниб туриб айтамизки, бизда ёғингарчилик бўлади ёки бўлмайди.

Прогнозни тўғри тушуниш керак. Бошқа мамлакатларда бу борада жуда кўп тушунтириш ишлари олиб борилади. Масалан, Россияда прогноз олувчиларга тушунтирилади: “Бизнинг прогнозлар мана шундай маълумотларга асосланган, ҳарорат 36-38 бўлиши мумкин бўлса айнан 36 ёки 38 бўлади дегани эмас. Ҳарорат шу икки рақам орасида бўлади” деб тушунтирилади. Башорат қилинаётган кун қанчалик яқин бўлса, аниқлиги юқори бўлади. Лекин жараён қийин. Айниқса баҳор пайтларида тез кечадиган жараён бўлиши мумкин. Шунинг учун, жараёни қийинлиги ва интенсивлигига қараб прогнозлар аниқроқ ёки эҳтимоллиги пастроқ бўлиши мумкин. Прогнозларни оддий одамлар тушунадиган терминлар асосида тушунтиришга ҳаракат қилинади.

Ф.Н.: — Кўп ҳолларда телевидение ва радио орқали об-ҳаво айтилади. Тошкент шаҳрида 38-40 даража иссиқ бўлади дейилди. Лекин, ижтимоий тармоқларда ҳарорат 51 даражагача кўтарилганини кўрдик. Ўша куни максимум 45 даража дейилган эди. Бу ҳолатни қанақа баҳолаш мумкин.

У.Ш.: — Демак, 40-45 деб прогноз беришимиз... Бу термометрда ўлчанадиган нарсани прогноз қилишимиз керак. Бизни термометр сояда турибди. Буни ўзини сабаблари бор. Термометр ҳаво ҳароратини ўлчаши керак, ўзининг ҳароратини эмас. Қуёш тагида турадиган бўлса ўзининг тагидаги темир колбаси қизийди ва у ўзининг ҳароратини ўлчайди. У нарса қизиқ эмаску. Машинани ҳарорати бошқа, унинг атрофидаги ҳарорат бошқа. Бизда “бутка”си бор. Буткани ҳаво кириб турадиган махсус жойлари бор. Унинг ичидаги ҳаво атрофдаги ҳаво билан бир хил. Сояда тургани сабаби мана шу ҳаво ҳароратини объектив ўлчаш учун.

Агар қуёшни тагида бўлса, ўзини ҳароратини ўлчаб ётаверади. Ўлчаш ишлари мана шундай махсус стандартлар бўйича амалга оширилади. Бутун дунёда ишлар мана шундай кўринишда олиб борилади. Нима учун? Ҳарорат бизда ўлчанадими, Англияда ўлчанадими ёки Америкада ўлчанадими фарқи йўқ, ҳамма жойда бир хил стандарт бир хил метод орқали ўлчанса, ана шунда бутун дунёдаги маълумот ассимиляция қилиниб прогноз учун ишлатилади.

Агар ҳамма жойда бир хил стандарт билан ўлчанса, эртага компьютерга киритилаётганда ҳам унинг устида ортиқча ноаниқлик деган нарса бўлмайди. Шунинг учун ҳамма жойда бир хил стандартда ўлчанади.

Иккинчи сабаби, бу прогнозни ўзига тегишли. Бугунги кунда илм-фаннинг тараққиёти жуда ҳам олдинга чиқиб кетди. Лекин, шунга қарамасдан, табиат шундай мураккабки, биз уни тўлиқ ёрита бера оладиган модель ишлаб чиқолмаймиз. Унақа модель йўқ. Бизни табиат ҳақидаги билимларимиз етарли эмас. Шунинг учун, ҳар доим қандайдир ноаниқлик бўлади. Ҳар қандай биз киритаётган прогноз математикасида, физикасида қандайдир камчилик бўлади. Биз билмаймиз. Мана шуни ҳисобига бошида кўзимизга озгина бўлиб кўринган ноаниқлик икки соатдан сўнг 5 фоиз хатолик беради, 4 соатдан сўнг 10 фоиз хатолик беради. Вақт ўтиши билан мана шу хатолик ошиб бораверади. Масалан, 7 кундан кейин бераётган прогнозимиз 50/50 бўлиши мумкин.

Буни сабаби, у ёки бу одамнинг ёмонлигида эмас. Бунинг сабаби билимларимиз етарли бўлмаганида. Методларимиз мукаммал эмас. Шунинг учун прогнозларимиз камчиликларга эга.

Учинчи фактори, агар статистикани кўрадиган бўлсак, ёмғир ёғади, ёғмайди, ҳарорат бундай бўлади ёки ундай бўлади деб прогноз берилади. Биринчи, иккинчи ва учинчи кунларни назарда тутяпман, 90 фоиз ҳолларда прогнозимиз тўғри чиқади. Лекин, одамларни эсида айнан ўхшамаган, тўғри келмаган ҳолатлар қолади. Эски китобларда кўрган эдим. Унда бундай ёзилган эди: “Ҳар бир синоптик билиши керак, ҳар қанча яхши бўлишингдан қатъий назар одамлар қилган битта хатонгни узоқ вақт эслаб юради”. Мана ҳозиргача бу нарса актуал.

Кейин, яна бир нарсани ҳисобга олиш керак. Тошкент катта жой. Биз ёмғир прогнозини берамиз, Юнусободда ёғади, Чилонзорда ёғмайди. Чилонзорда турган одам нима дейди, “алдади” дейди. Юнусободдаги, “ҳа, майли тўғри чиқибди” дейди. Юнусободдагини эсидан чиқади, Чилонзордагини эсида қолади. Шунинг учун, бу ерда кўп факторлар бор. Мен сизга асосий сабабини кўрсатиб ўтдим.

Ф.Н.: — Улуғбек сизга маълумотлар учун, саволларга жавоблар учун раҳмат айтиб қоламиз. Ишонамизки, бу QALAMPIR.UZ'ни кузатиб борувчилар учун жуда ҳам фойдали бўлади.
 

 

Мақола муаллифи

Теглар

Об-ҳаво

Баҳолаганлар

87

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг