Эстония Россия дипломатини мамлакатдан қувди
Олам
−
13 Август 4183 2 дақиқа
Эстония Россиянинг биринчи котибини мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилди. Бу ҳақда Эстония Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Дипломат “Эстония конституцион тузуми ва ҳуқуқий тизимини издан чиқаришга, жамиятда бўлиниш келтириб чиқаришга” алоқадорликда айбланган. Ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна унинг санкцияларни бузишда ҳам иштироки бўлгани, бунинг ортидан эса Эстония фуқароси жавобгарликка тортилганини айтган.
Эстония ҳукумати бу қадамни дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенциясининг 9-моддасига мувофиқ амалга оширган. Ушбу модда бўйича қабул қилувчи давлат исталган вақтда ўз қарорини изоҳлаш мажбуриятисиз, юборувчи давлатга дипломатик ваколатхона таркибидаги ходим “персона нон грата” деб эълон қилинганини билдириш ҳуқуқига эга.
Шу воқеалар фонида Эстония Россия билан чегарада дарвозалар ва тўсиқлар ўрнатишни бошлади.
Июль ойида Эстониянинг Нарва суди россиялик Павел Капустинни Эстонияга қарши жосуслик қилгани учун 6,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Терговга кўра, у Россия билан алоқа ўрнатган, унга зарур маълумот ва воситаларни етказган, бу эса республика хавфсизлигига қарши қаратилган ҳаракат ҳисобланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июнь ойида Эстония пойтахти Таллин ҳокимияти Рус маданияти марказини (“рус уйи”) “Мере” маданият маркази деб қайта номлаш ва уни янги лойиҳа доирасида бошқа маданият марказига топшириш қарорини маъқуллаганди.
Live
Барчаси