Тан олинмаган давлат президенти ҳам Озарбайжонга борди
Олам
−
07 Октябрь 7069 2 дақиқа
Кеча, 6 октябрь куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Габала шаҳрида тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси президенти Эрсин Татар билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда мамлакат Президентининг расмий сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, Эрсин Татар Президент Илҳом Алиев билан олдинги учрашувларни, жумладан, Шуша шаҳридаги Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) саммити чоғидаги мулоқотни мамнуният билан ёдга олган.
“Шимолий Кипр Турк Республикасига кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш учун миннатдорлик билдираман”, дейди у.
Президент Илҳом Алиев ўз навбатида, Озарбайжон келгусида ҳам Шимолий Кипр Турк Республикасига ёрдам беришни давом эттиришини таъкидлаган.
Эрсин Татар эса Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик жараёни бўйича Вашингтонда, АҚШ Президенти иштирокида эришилган натижалар билан табриклаган. Давлат раҳбари бу табрик учун миннатдорлик билдирган.
Суҳбат давомида Шимолий Кипр Турк Республикасининг Туркий давлатлар ташкилотига кузатувчи мақомида аъзо бўлиши муҳим қадам экани таъкидланган. Шунингдек, Габалада ўтказилаётган саммит туркий мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилган.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги қатор соҳалардаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Маълумот учун, 1974 йилда Грецияда юз берган ҳарбий тўнтариш ортидан Туркиянинг оролга ҳарбий аралашуви оқибатида Кипр можароси бошланди. Шундан бери Кипр ороли шимолий (турклар яшайдиган) ва жанубий (юнонлар яшайдиган) қисмларга бўлинган. 1983 йилда Шимолий Кипр Турк Республикаси (ШКТР) мустақиллигини эълон қилди, бироқ у фақат Туркия томонидан тан олинган.
Туркия Кипр масаласида “икки давлатли ечим”ни доимо қўллаб-қувватлайди, яъни Шимолий ва Жанубий Кипр алоҳида, тенг ҳуқуқли давлатлар сифатида тан олиниши керак, деб ҳисоблайди. БМТ ва Европа Иттифоқи эса, аксинча, Кипрда ягона федерал тузум асосида бирлашган давлат барпо этиш тарафдори.
Эслатиб ўтимиз, кеча, 6 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 6 октябрь куни амалий ташриф билан ушбу мамлакатга етиб борганди. Габала халқаро аэропортида Ўзбекистон етакчисини Озарбайжон маданият вазири Одил Каримли, Габала тумани ижро ҳокимияти раҳбари Сабуҳи Абдуллаев ва бошқа расмий шахслар кутиб олганди.
Live
Барчаси