Мирзиёев Габалага етиб борди
Жамият
−
06 Октябрь 12811
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан бугун, 6 октябрь куни амалий ташриф билан ушбу мамлакатга етиб борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Габала халқаро аэропортида Ўзбекистон етакчисини Озарбайжон маданият вазири Одил Каримли, Габала тумани ижро ҳокимияти раҳбари Сабуҳи Абдуллаев ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Ташриф дастурига мувофиқ, давлат раҳбари эртага, 7 октябрь куни Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг расмий тадбирларида иштирок этади. "Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик" мавзусида ўтказилаётган учрашув кун тартибидан устувор соҳаларда кўп томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари ўрин олган. Саммит якунида ташкилотдаги мамлакатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилинади.
Маълумот учун, ТДТнинг ХI саммити 2024 йилнинг 6 ноябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда “Турк дунёсини мустаҳкамлаш: иқтисодий интеграция, барқарор ривожланиш, рақамли келажак ва барча учун хавфсизлик” мавзусида бўлиб ўтган эди. Саммитда ташкилотга аъзо беш давлат – Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари, шунингдек, ТДТ кузатувчи мақомига эга мамлакатлар раҳбарлари иштирок этган. Давлат раҳбарлари ТДТ доирасидаги кўптомонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиб, бир қатор кўп томонлама ҳужжатларни, жумладан, якуний декларацияни имзолаганди. Жорий йил 21 май куни эса Венгрияда Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити бўлиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркий давлатлар ташкилотининг матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га ТДТ Давлат раҳбарлари кенгашининг 12-саммити жорий йилнинг 6-7 октябрь куни Озарбайжоннинг Габала шаҳрида “Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик” мавзусида бўлиб ўтишини маълум қилганди.