Туркий давлатлар раҳбарлари келаси ҳафта Озарбайжонда тўпланади

Олам

image

Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг 12-саммити жорий йилнинг 6-7 октябрь куни Озарбайжоннинг Габала шаҳрида “Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик” мавзусида бўлиб ўтади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га хабар берди.

Қайд этилишича, саммитда давлат ва ҳукумат раҳбарлари, шунингдек, ТДТга аъзо давлатларнинг юқори даражадаги делегациялари ва кузатувчилар йиғилади.

“Бу минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама қилиш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш, туркий дунёда тинчлик ва фаровонликни ривожлантиришга қаратилган муҳим ҳужжатларни қабул қилиш учун муҳим майдон бўлади”, дейилади хабарда.

Расмий дастур доирасида ТДТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши учрашуви Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишидан олдин ўтказилади. Габала шаҳрида бўлиб ўтадиган ушбу йиғилиш туркий давлатлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик, ҳамжиҳатлик ва шерикликни янада мустаҳкамлаш борасидаги муштарак қарашларни ўзида акс эттириши айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ТДТнинг ХI саммити 2024 йилнинг 6 ноябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда “Турк дунёсини мустаҳкамлаш: иқтисодий интеграция, барқарор ривожланиш, рақамли келажак ва барча учун хавфсизлик” мавзусида бўлиб ўтган эди. Саммитда ташкилотга аъзо беш давлат – Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари, шунингдек, ТДТ кузатувчи мақомига эга мамлакатлар раҳбарлари иштирок этган. Давлат раҳбарлари ТДТ доирасидаги кўптомонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиб, бир қатор кўп томонлама ҳужжатларни, жумладан, якуний декларацияни имзолаганди.

Шунингдек, ўша саммит доирасида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Туркий дунё учун ягона ахборот маконини яратиш мақсадида кабель телеканалларини ўзаро эфирга узатишни таклиф қилган эди. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев эса Туркий давлатлар ташкилотининг бюджети олдинга қўйилган мақсадларни амалга ошириш учун етарли эмаслигини айтганди.

Саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев илк бор Исроилнинг Ғазога ҳужумларини, шунингдек, Фаластин қочоқларига ёрдам бериш бўйича махсус агентлик фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатларини қоралаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Туркий давлатлар ташкилоти Габала

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг