Исроил – саратон бези – Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси
Таҳлил
−
14 Ноябрь
616712 ноябрь куни Эроннинг Тошкентдаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий маҳаллий ОАВ ва журналистлар билан учрашув ташкил қилди. Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги муносабатлар, иқтисодий ҳамкорликдаги устувор масалалар билан бошланган суҳбат Эрон тиббиётнинг айрим соҳаларида дунёда тенгсизлиги, у бутун дунёга, хусусан, Ўзбекистонга нималарни таклиф қила олиши, виза режими бекор қилинганидан тортиб, халқаро муносабатлардаги зиддиятлар ва можаролар ҳақидаги фикрларга уланди. Учрашув давомида айни дамда Яқин Шарқда кечаётган оғир давр ва унга сабабчи бўлаётган Исроил учун алоҳида вақт ажратилди. Яҳудий давлати – “саратон бези” дея Оятуллоҳ Ҳумайнийдан иқтибос келтирган элчи унинг БМТ бағрида дунёга келгани ва бу аслида номақбул туғилиш бўлганини айтиб, бутун дунё учун яхши ва манфаатли бўлган нарсалар фақатгина Исроил учун ёмон бўлиши ҳамда унинг манфаатларига мос келмаслигини ҳам қўшимча қилди. Элчи ўзининг бу фикри билан яҳудий давлати дунё учун ҳақиқий хавф эканига ишора қилди. Шунингдек, Али Искандарий BRICS ҳақида ҳам тўхталиб, ташкилот ҳеч бир субъектга қарши қаратилмагани, бу шунчаки АҚШ доллари сиёсатидаги босимдан чиқиш эшиги эканини таъкидлади. Қуйида шу ва учрашув давомида янграган яна бир қанча фикрларга тўхталамиз.
Эрон ва Туркия Марказий Осиёни бир-биридан қизғанадими?
Эрон ва Кўҳна Турон тарихи бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлиб, бунда географик жойлашув ҳам муҳим ўрин тутиши ҳеч кимга сир эмас. Милоддан аввалги VI асрда Аҳамонийлар сулоласи пайдо бўлганидан бошлаб форслар ва бугунги Марказий Осиё ҳудудлари ўртасида қатор тарихий боғламлар мавжуд. XVI асрдан бошлаб хонликлар даврида минтақадаги давлатларнинг ташқи савдосида Эрон энг олдинги қаторда бўлгани тарихдан маълум. Аммо бу даврда савдо алоқалари билан бирга ўзига яраша сиёсий таъсир ҳам мавжуд бўлган. Бу эса Марказий Осиё хонликларидаги тахт эгаси ёки ҳатто сулолалар алмашинувларида Эрондаги олий ҳокимият жиддий таъсир кўрсатганида яққол намоён бўлган. Шу ва бошқа факторлар туфайли азалдан Эрон ва Туркиянинг кўплаб манфаатлари Марказий Осиёда тўқнаш келиши ва бу бугун ҳам давом этаётгани ҳақидаги фаразлар мавжуд. Айни шу ҳақдаги саволга Искандарий “бугун Эрон ва Туркия ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик йўқлиги, бундан ташқари, рақобат ҳам мавжуд эмаслиги ва Эрон учун Туркиядан яқинроқ дўст йўқ” деб жавоб берди. Марказий Осиёдаги фаоллик борасида эса у қайси соҳада бўлмасин, Эрон фақатгина ёрдам бериши мумкинлигини қўшимча қилди.
“Ҳамманинг ўз заиф нуқталари бор. Масалан, сизларда (Марказий Осиё) технология етишмовчилиги билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Туркияда ҳам шундай. Аммо биз бу борада сизларга ёрдам беришимиз мумкин. Нима бўлишидан қатъи назар биз бир-биримизга ёрдам беришдан тўхтамаслигимиз лозим. Масалан, Туркия қурилиш соҳасига оид кўплаб лойиҳаларни амалга оширади ва бунда бизнинг материалларимиздан фойдаланади”, дейди Али Искандарий.
Бироқ шундай бўлишига қарамай, элчи Эрон амалга оширадиган лойиҳалар Туркияникидан анча арзонга тушишини ҳам қистириб ўтди.
“Туркия қурадиган иншоотлар асосан Эрон маҳсулотлари билан қад ростлайди. Бундан ташқари, улар биздан маҳсулотни 100 долларга сотиб олиб, сизларга 140 долларга пуллайди. Бу бизнес. Бунга қаршилигимиз йўқ. Биз фақатгина бирга ишлашни таклиф қиламиз. Масалан, айтайлик, бир меҳмонхона қурилиши 100 миллион долларга тушса, шу лойиҳани Эрон 80 миллион долларга битириб бериши мумкин”, дейди Эрон элчиси.
Бундан ташқари, элчи Али Искандарий Туркия амалга ошира олмайдиган, аммо Эрон Ўзбекистон учун қила оладиган қатор лойиҳаларни ҳам санаб ўтди. Унга кўра, Эрон Ўзбекистон учун бутун бошли нефтни қайта ишлаш заводи ва атом электростанцияси каби иншоотларни қуриб бериши, мия жарроҳлик амалиётлари бўйича етарлича тажриба алмаша олиши мумкинлиги, бироқ Туркияда бундай салоҳият йўқлигини айтиб ўтди.
Исроил учун аталган сўзлар
Учрашув давомида халқаро майдон хусусан Яқин Шарқдаги вазият ҳақида бироз маълумот бериб ўтиш учун Искандарий айни дамда Ғазо ва Ливанда авжига чиққан Исроил қирғини ва у билан боғлиқ аянчли рақамларга тўхталди. У ўз сўзини Исроилнинг пайдо бўлишидан бошлади.
“БМТ ташкил топганига 79 йил бўлди. Исроил эса айнан шу ташкилот бағрида дунёга келди. Бу номақбул дунёга келиш эди. Мен нима учун бу гапни айтяпман? Чунки бутун дунё учун нима қадрли бўлса, у Исроил учун қадрсиз. Бутун дунё ижобий дейдиган нарсани Исроил салбий деб атайди”, деди Искандарий.
У Исроилнинг Фаластин ва Ливандаги босқинларини урғулаб, яҳудий давлати ўзининг барча хусусиятлари билан дипломатиядаги “персона нон грата” яъни номақбул шахс деган мақомига мос келишини айтди. Элчи томонидан келтирилган кейинги маълумотлар эса ҳар куни, ҳар соатда янгиланаётган, қайси юқори даражали сиёсий тадбир ёки саммитда бўлмасин, Исроил томонидан қириб ташланаётган фаластинликлар ҳақида статистика билан давом этди. Унга кўра, Исроил сўнгги бир йил ичида БМТнинг 230 нафар ходимини, 190 нафар журналистни турли шаклларда ҳалок этди. Исроил Фаластин ва Сурияда 50 мингдан ортиқ одамни ўлдирди. Уларнинг 70 фоизи эса аёллар ва болалар. Шунингдек, 55 та шифохона ва бошқа муҳим инфратузилма объектлари вайрон қилинган. Искандарий Исроил қирғинлари ва минтақадаги тинчликка шикаст етказаётгани ҳақида гапирар экан, яҳудий давлатини “саратон бези” деб атаб, Эрон Ислом Республикаси асосчиси Руҳуллоҳ Ҳумайнийдан иқтибос келтирди.
“Бундан 45 йил илгари бугунги Эрон асосчиси Оятуллоҳ Ҳумайний Исроилни “саратон бези” деб атаганди. Аммо бунга ўша пайтда ҳеч ким ишонмаганди”, дейди элчи.
У, шунингдек, бир кун келиб минтақа давлатлари шу “саратон бези”ни олиб ташлашига умид билдирди.
ҲАМАС ва унинг ҳаракатларига ҳам бироз тўхталиб ўтган Искандарий, Исроил мазкур қаршилик ҳаракатининг 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумига халқаро ҳуқуқ нормаларига биноан, мутаносиб тарзда жавоб бериши лозимлиги, аммо яҳудий давлати бундай йўл тутмаганини айтиб, жавоб кўлами адолатсиз тарзда, бир неча ўн баробар ортиб кетганига ишора қилди. Шунингдек, бугун, Қатар ҲАМАС раҳбариятини Доҳадан чиқариб юбориши ҳақидаги хабарлар фонидан ҳаракат сиёсий бюросининг кейинги тахминий уч манзили Эрон, Ироқ ва Туркия каби давлатлардан қайси бири бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга элчи томонидан аниқ жавоб берилмади. Эроннинг Тошкентдаги элчиси Али Искандарий мамлакат ҳукумати ҲАМАС ҳаракати раҳбариятининг қаерга бориб жойлашишидан қатъи назар Эрон уларнинг қарорини ҳурмат қилиши, агарда улар Теҳрондан жой олишни истаса, бу сўровни бажонидил қабул қилишини айтди. Аммо бу борада ҳукумат коридорларида кетаётган муҳокамаларни очиқлашни истамади.
Эрон BRICS’да “диктатура” шаклланишига йўл қўймайди
Учрашувга йиғилганлар томонидан BRICS ва Эроннинг ушбу ташкилотдан қандай манфаатлар кутаётгани хусусида берилган саволга элчи қуйидагича жавоб берди.
“BRICS доллар ҳукмронлигига қарши давлатлар томонидан тузилган ташкилот. Бу ердаги аъзо давлатлар АҚШ доллари орқали ўз манфаатлари йўлида ўзига ёқмаган давлатларни жазолаш учун фойдаланяпти, деган умумий тўхтамга келган. Чунки қайси йўлдан борманг, энг сўнггида долларга дуч келасиз. АҚШ ва Жаҳон банки долларни суиистеъмол қиляпти ва қандай бўлмасин бу орқали дунё мамлакатларининг “нафасини қисиш”га уринади”. Биз бу муаммони олдиндан пайқагандик, бу ҳақда огоҳлантиргандик. Аммо бошқа огоҳлантиришларимиз каби ҳеч ким бунга ишонмаганди”, дейди Искандарий.
Эрон элчисига кўра, BRICS бирон-бир давлатга қарши қаратилмаган, балки бу турли босимлардан чиқиш йўлидир. Чунки доллар бугун борган сари АҚШ томонидан яхши қаршиланмайдиган мамлакатларга босим ўтказиш инструментига айланиб боряпти. У шундай тизим устига қурилганки, бунда барчанинг олдида икки дона йўл мавжуд бўлиб, давлатлар ё Қўшма Штатларга таслим бўлиши, ё унга қарши чиқишга мажбур бўлади, дея таъкидлади Али Искандарий. У доллар ҳукмронлиги ва унинг кучига ишониб қўлланилган санкциялар ҳатто саратонга қарши дориларни импорт қилишга ҳам тўсқинлик қилаётганини мисол келтирган ҳолда, BRICS мазмун-моҳияти айнан шу каби адолатсиз валюта тизимигагина қарши эканини айтди. Элчига кўра, ҳатто коронавирус пайтида ҳам айнан шу каби чекловлар туфайли Эронда вакцинанинг кириб келиши билан боғлиқ жиддий муаммолар юзага келган ва охир-оқибат мамлакат бу муаммони мустақил тарзда ҳал қилиб, ўзи вакцина ишлаб чиқаришига тўғри келган. Бироқ шундай бўлишига қарамай, бу доллардан тўлақонли воз кечиш, ёки бошқа валютага ўтиш дегани эмас. Чунки бундай ўзгариш элчи таъбирида “бир диктаторни бошқасига алмаштириш” деганидир.
“Дунё доллар босими тугашини 200 йил кутиб тура олмайди. Бу боксдаги рингга ўхшайди. Бугун Эрон ва Россия, эртага эса яна бошқа давлатга қарши қўлланилиши мумкин. Буни ҳеч ким олдиндан айта олмайди. Бироқ шундай бўлишига қарамай, бу доллардан тўлақонли воз кечиш ёки бошқа валютага ўтиш дегани эмас. Биз бир эмас, кўп валютали тизим бўлишини хоҳлаймиз. Пул сиёсийлашмаслиги, пул пуллигича қолишини истаймиз”, деди элчи.
“Эрон Ўзбекистонда салбий талқин қилинган”
Элчи Искандарий Эрон Ўзбекистон фуқаролари орасида қандай қабул қилиниши борасидаги ўзининг тахминларини ҳазиломуз тарзда ифодалади. Унинг фикрича, Эрон ёки эронликлар деганда ўзбеклар кўз ўнгида ҳали ҳам туя миниб юрувчи халқ гавдаланади. Элчи бундан ташқари, Эроннинг узоқ йиллар давомида дезинформация туфайли халқаро ҳамжамиятда асоссиз тарзда обрўсизлантирилгани, нохолис ахборот ва маълумотлар туфайли салбий образда тасвирланганини ҳам қўшимча қилди. Шунингдек, Искандарий ўзбекистонликлар Эрон Ўзбекистон учун виза режимини бекор қилганидан хабари йўқлиги, аммо Ўзбекистон фуқаролари ҳали ҳам чекловларсиз, 200 АҚШ доллари эвазига Эронга етиб олиш мумкинлигини эслатди. Маълумот ўрнида шуни эслатиб ўтиш жоизки, жорий 2024 йил 4 февралдан бошлаб Эрон Ўзбекистон билан виза режимини бир томонлама бекор қилди. Виза режимини бекор қилиш эса Эрон Туризм, маданий мерос ва ҳунармандчилик вазири Эззатолла Заргамий томонидан таклиф қилинганди. Элчи Муҳаммад Али Искандарий Эроннинг туризм салоҳияти юқори эканини таъкидлаб, тарихий ёдгорликлар сони бўйича дунёда тўққизинчи ўринни банд қилгани ва бу UNESCO томонидан эътироф этилгани ҳақида ҳам маълумот берди. Унинг таъкидлашича, Исфаҳон ва бошқа бир қатор тарихий шаҳарлар Ўзбекистондаги тарихий қадамжолар билан кўплаб ўхшашликка эга ва бу Эронда ўзбек сайёҳларини ўзига жалб қилиши мумкин бўлган факторлардан биридир.
Эрон Ўзбекистонга нималарни таклиф қила олади?
Эроннинг Тошкентдаги элчиси Али Искандарий ОАВ вакиллари билан бўлган суҳбатда йиғилганлар эътиборини Эроннинг баъзи соҳалардаги юқори салоҳияти, икки давлат тадбиркорлари бир-бирини энди яхшироқ танишни бошлаганига қаратди. Бу Эронни Ўзбекистонга танитиш йўлидаги ўзига хос қадам ҳам бўлди. Айтилишича, бугунги кунда Эрон Ўзбекистоннинг ўн саккизинчи ўриндаги ташқи савдо шериги ҳисобланади. Аммо айни дамдаги мавжуд имкониятлар Эронни Ўзбекистоннинг энг кучли ўнталикдаги ташқи савдо шеригига айлантира олади. Чунки тадбиркорлар ўртасидаги алоқалар илгаригига қараганда анча ривожланган. Хусусан, эронлик тадбиркорлар олдин Ўзбекистонда атиги икки кўргазмада иштирок этишган бўлса, бугун улар иштирок этадиган шундай кўргазмалар сони ўнтага етган. Шу ўринда ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам Эронда анча фаоллашган. Хусусан, “IranExpo” кўргазмасида илгари 4 нафар ўзбек тадбиркори қатнашган бўлса, ҳозир улар 80 нафарни ташкил қилади. Бундан ташқари, Эрон элчиси мамлакат Ўзбекистонга денгизга чиқиш учун энг яхши имконият бўлишини ҳам эслатиб ўтди. Али Искандарий Эрон Ўзбекистон учун очиқ денгиз портларига чиқишда энг арзон ва энг қисқа транспорт коридори бўлиши ва бу борада улар ўзбек биродарларига ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Элчининг таъкидлашича, аксарият Эрон товарларини муносиб нархларда ва юқори сифатларда Ўзбекистон учун етказиб бериш имконияти бор. Ўз навбатида, Эрон бозори ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарларга қизиқиш билан қарайди. Эронда ривожланган соҳалар қаторида тиббиёт алоҳида мавзу бўлиб, тиббий жиҳозлар ва хизматлар кўрсатиш борасида етакчи давлатлар жумласига кириши таъкидланди. Агар элчининг гапига ишонадиган бўлсак, юрак жарроҳлик амалиёти бўйича Эрон дунёда тенгсиз бўлиб, бу масалада унга фақат Ҳиндистонгина рақобат қилиши мумкин. Эрон элчиси ўзбеклар бундан бохабар эмаслиги, шундай бўлса-да, Эрон Ўзбекистон билан жарроҳлик ва саратон касаллигини даволаш соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Ишлаб чиқариш соҳасида эса етказилган маълумотларга кўра, Эрон ўзини тўлиқ таъминлашни уддалаган. Масалан, ўз эҳтиёжлари учун керак бўлган дори-дармоннинг 90 фоизини, озиқ-овқатнинг эса 95 фоизини қайта ишлайди. Улар чорва, парранда етиштириш, ўғит ва қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғларини ишлаб чиқаришда ҳамкорлик қила олиши айтилди. Бугунги кунда Эрон барча турдаги қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқаради. Искандарийнинг сўзларига кўра, ўтган йили Эрон 40 минг дона трактор ишлаб чиқарган ва улар ушбу техникаларни арзон нархларда ва юқори сифатда Ўзбекистонга етказиб бера олади. Шунингдек, Форс давлати деярли барча фан соҳаларида, хусусан, саноат соҳасидаги билимларда жаҳоннинг илк 15 давлати сафига кириши ва шунга кўра, техник-муҳандислик хизматларини муносиб нархларда ва юқори сифатда кўрсата олиши ҳам алоҳида таъкидланди.