Эроннинг Ироқдаги прокси кучлари нега урушга шошилмаяпти?

Олам

image

Эрон ўнлаб йиллар давомида Ироқдаги шиъа қуролли гуруҳларини молиялаштириб, тайёрлаб келган. Бу кучлар Теҳроннинг минтақадаги таъсир доираси – “Қаршилик ўқи”нинг муҳим қисми ҳисобланар эди. Аммо АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти бошланганига бир ҳафта бўлганига қарамай, ушбу гуруҳлар урушга фаол қўшилишга шошилмаяпти.

Манбаларнинг айтишича, баъзи гуруҳлар дрон орқали алоҳида ҳужумлар ҳақида даъво қилган бўлса-да, асосий зарбалар бевосита Эрон томонидан амалга оширилмоқда. Ироқнинг шимолидаги Эрбил шаҳри атрофида бир нечта портлашлар қайд этилган, аммо улар катта зарар етказмаган.

Айрим милиция қўмондонларининг фикрича, агар Теҳрондан тўғридан тўғри буйруқ келса ҳам, у фақат бир нечта ишончли гуруҳларга берилиши мумкин. Чунки кўплаб қуролли тузилмалар бугун ўз манфаатларини биринчи ўринга қўяётгани айтилмоқда.

Таҳлилчилар бу вазиятни бир неча омил билан изоҳламоқда. Биринчидан, сўнгги йилларда Эронга яқин минтақавий гуруҳларга қарши олиб борилган ҳужумлар уларнинг имкониятларини анча сусайтирган. Иккинчидан, Суриядаги сиёсий ўзгаришлар Теҳрон учун муҳим таъминот йўлини узиб қўйган.

Шу билан бирга, Ироқдаги кўплаб шиъа гуруҳлари раҳбарлари сиёсат ва бизнесга кириб кетган. Улар парламентда ўрин эгаллаб, йирик иқтисодий лойиҳаларга эгалик қила бошлаган. Шу сабабли Ғарб билан очиқ тўқнашув улар учун катта хавф туғдириши мумкин.

Айрим экспертлар фикрича, бу гуруҳлар аввалгидек Эроннинг тўлиқ назоратида эмас. Улар халқаро санкциялардан қочиш, хорижда таълим ва тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини сақлаб қолишни ҳам ҳисобга олишмоқда.

Шу билан бирга, вазият ўзгариши эҳтимоли ҳам истисно қилинмайди. Агар уруш чўзилиб кетса ёки шиъа муқаддас жойларига таҳдид пайдо бўлса, Ироқдаги баъзи гуруҳлар фаол ҳаракатга ўтиши мумкин. Ҳозирча эса кўплаб Эронга яқин тузилмалар сиёсий ва иқтисодий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда эҳтиёткор позицияни сақлаб турибди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Ироқ шиъа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг