Эронликларга сув захирасини тўплаб қўйиш тавсия қилинди

Олам

image

Эрон ҳукумати сув танқислиги инқирози фонида кечаси баъзи вақтларда сув таъминотини вақтинча ўчириб қўйишга мажбур бўлиши мумкин. Шу сабабли аҳолига сув захирасини йиғиб қўйиш тавсия этилмоқда. Бу ҳақда Эрон Энергетика вазири Аббос Алиабодий маълум қилди.

“Эҳтимол, кечаси, одамлар ухлаётган ва сув истеъмоли камайган пайтларда, сув босимини ноль даражагача туширишга мажбур бўламиз... Одамларни сув сақлаш учун идишлар ўрнатишга чақираман. Агар улар буни қилсалар, балки сув узилишларини умуман сезмай қолишар”, дейди вазир.

Алиабодийнинг айтишича, мамлакатдаги шаҳар сув таъминоти тармоқлари 100 йилдан ортиқ вақт давомида фойдаланиб келинади ва шу давр мобайнида эскирган. Унга кўра, вазиятни жорий йилнинг июнь ойида Исроил томонидан Эронга уюштирилган ҳужумлар янада оғирлаштирган. Ўша пайтда қувур тармоғи зарар кўрган, бироқ босимни камайтириш ва биноларга сув насосларини ўрнатиш орқали сув йўқотилишининг бир қисмини олдини олишга муваффақ бўлинган.

Теҳрон вилояти сув таъминоти компанияси бош директори Беҳзод Парсанинг огоҳлантиришича, пойтахтни ичимлик суви билан таъминлайдиган беш асосий сув омборидан бири – Амир Кабир омборидаги сув захираси икки ҳафтадан ҳам камроқ вақтга етади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён сув инқирози пойтахтда ёғингарчиликнинг йўқлиги сабабли янада оғирлашганини айтиб, агар ноябрнинг учинчи ўн кунлигигача ёмғир ёғмаса, шаҳарни эвакуация қилишга тўғри келишини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон сув захираси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг