Эронлик хакерлар Байден штабига электрон хабарлар юборган

Олам

image

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампнинг сайловолди ташвиқоти материалларини ўғирлаган эронлик кибержиноятчилар амалдаги Президент Жо Байденнинг сайловолди кампаниясига алоқадор шахсларга ушбу ҳужжатлардан кўчирмаларни ўз ичига олган электрон почта хабарларини жўнатган. Бу ҳақда АҚШ разведка агентликлари – Федерал қидирув бюроси (ФҚБ), Миллий разведка бошқармаси ва Миллий хавфсизлик департаментининг Киберхавфсизлик ва инфратузилма хавфсизлиги агентлиги қўшма баёнот берди. 

Қайд этилишича, кирувчи хабарлар июнь ойи охири ва июль ойи бошида юборилган. Ҳозирча қабул қилувчилар уларга жавоб бергани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

“Бундан ташқари, июнь ойидан бери эронлик хакерлар Трамп кампанияси билан боғлиқ ўғирланган ички материалларни Америка ОАВларига жўнатишга уринган”, дея таъкидлади разведка агентликлари.

Баёнотда, шунингдек, ноябрь ойидаги АҚШ сайловлари яқинлашар экан, Россия, Эрон ва Хитой уларга таъсир ўтказишга уринишларини кучайтираётгани таъкидланган.

"Улар ўз манфаати учун Америка жамиятидаги бўлинишни кучайтиришга ва сайлов даврларини заифлик пайти сифатида кўришга ҳаракат қилмоқда. Бу ёки бошқа хорижий иштирокчиларнинг бизнинг демократик институтларимизга путур етказишга уринишлари Қўшма Штатлар учун тўғридан-тўғри хавф туғдиради ва бунга йўл қўйилмайди", дейди разведка идоралари.

Август ойи ўрталарида худди шу идоралар жорий сайловлар даврида Эроннинг агрессив фаоллиги ошгани ҳақида баёнот берганди.

"Эрон бу йилги сайловларни миллий хавфсизлик манфаатларига таъсир қилиши нуқтаи назаридан муҳим деб ҳисоблайди", дейилганди ўшанда.

АҚШ разведка идоралари собиқ президент Дональд Трампнинг сайловолди ташвиқотига киришга уринишларини эслатиб ўтди ва буни Теҳрон билан боғлади. Билдирилишича, унинг рақиби Камола Ҳарриснинг кампанияси ҳам хакерлар диққат марказида бўлган.

Бир ҳафта аввал Google'нинг Threat Intelligence Team Эрон ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланадиган APT42 хакерлар гуруҳи АҚШ президентлик сайловлари билан боғлиқ аккаунтларга, шунингдек, Исроилдаги нишонларга найзали фишинг ҳужумларини уюштиришда давом этаётгани ҳақида хабар берган эди.

“Охирги олти ой ичида АҚШ ва Исроил барча APT42 ҳужумларининг қарийб 60 фоизини ташкил қилган”, деди Google.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Эрон Дональд Трамп Жо Байден

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made