Эроннинг навбатдаги нишони туркийларми? Озарбайжонга ким ҳужум қилди?

Таҳлил

Эрон–Исроил–АҚШ ўртасидаги уруш тобора кенгайиб бормоқда. Айтилишича, Эрон томонидан Озарбайжон ҳудудига ракета ҳужуми амалга оширилган. Бироқ айрим таҳлилчилар бу ҳужум ортида Озарбайжоннинг “жон акаси” деб таърифланадиган Исроил ҳам бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Эрон расмийлари Бакудан ёрдам сўраганини ҳам маълум қилди. Шу билан бирга, Туркия осмонида Эронга тегишлилиги гумон қилинган ракета уриб туширилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон Эронга таъзия билдирган бўлса-да, айни пайтда араб давлатлари билан ҳам бирдам эканини маълум қилди. Эрон эса ҳозирги вазиятда ҳеч бир сиёсий йўналишни четда қолдирмаётгани айтилмоқда.

Бу жараёнларда Туркия, Озарбайжон, Арманистон ва Исроил каби давлатлар манфаатлари кесишмоқда. Россия эса кутилмаган баёнот билан чиқди. Яқин дақиқалар ичида шу ва бошқа муҳим воқеалар ҳақида батафсил маълумот берамиз.

Эрон атрофида душманлар кенгаймоқда

Жорий йилнинг 5 март куни Эрон ракетаcи Озарбайжоннинг Нахичевон Автоном Республикаси ҳудудидаги аэропорт яқинига қулаб тушди. Нахичевон Озарбайжоннинг Эрон, Туркия ва Арманистон билан чегарадош эксклави бўлиб, Жанубий Кавказда стратегик аҳамиятга эга ҳудуд ҳисобланади.

Мазкур ҳодисани Озарбайжон томони кескин қоралади. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотга кўра, бир дрон Нахичевон аэропорти терминал биносига зарба берган, яна бир дрон эса Шакаробод қишлоғидаги мактаб биноси яқинига қулаб тушган. Ҳодиса сабаб мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари эвакуация қилинган.

Баёнотда таъкидланишича, ушбу ҳужум икки давлат ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Нахичевонга қилинган ҳужумни “террористик ҳаракат” деб баҳолаб, Эрон бунинг учун расман узр сўраши кераклигини билдирди. У ҳужумни “нонкўрлик” сифатида баҳолаб, бундай тажовузга “темир мушт” билан жавоб қайтарилишини айтди. Бу ҳақда Президент 5 март куни Хавфсизлик кенгаши йиғилишида маълум қилди.

Президент ўз нутқида аввал ҳам Эрон махсус хизматлари билан боғлиқ шахс Теҳрондаги Озарбайжон элчихонасига террор ҳужуми уюштирганини эслатди. Ушбу ҳодисада бир нафар фуқаро ҳалок бўлган, яна бири оғир жароҳат олган.

Алиевнинг таъкидлашича, ҳужум қарийб 40 дақиқа давом этганига қарамай, Эрон хавфсизлик хизматлари ёки полиция вакиллари элчихонага етиб келмаган. Президент бу ҳолат юқори даражадаги буйруқ билан боғлиқ бўлганини иддао қилди.

Шундан сўнг Озарбайжон ўз элчихонасини Эрондан эвакуация қилиб, дипломатик муносабатларни тўхтатган. Кейинчалик Эрон расмийларидан узр талаб қилинган ва ҳужумни амалга оширган шахс қатл этилгани маълум қилинган.
Мазкур воқеадан сўнг Илҳом Алиев мамлакат Қуролли кучларида биринчи даражали сафарбарлик эълон қилинганини маълум қилди.

Президент шунингдек, Эрон томонидан Озарбайжонга нисбатан аввал ҳам асоссиз айбловлар айтилганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Эрон давлат органлари назоратидаги айрим медиа ресурслар Озарбайжонни обрўсизлантиришга қаратилган ахборот кампаниясини олиб борган.

Алиевнинг фикрича, мустақил Озарбайжон Эрон ҳудудида яшайдиган миллионлаб озарбайжонликлар учун умид манбаи ҳисобланади. Шу боис айрим кучлар Озарбайжоннинг халқаро имижини пасайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Президент, шунингдек, Озарбайжон Эрон ҳудудига қарши ҳеч қандай ҳарбий операция ўтказмаганини ва бундай режалар йўқлигини билдирди.

Унинг таъкидлашича, у шахсан Эрон элчихонасига бориб Олий раҳбар Али Хоманаий вафоти муносабати билан таъзия билдирган. Алиевга кўра, буни бошқа давлат раҳбарлари амалга оширмаган.

Шунингдек, у Эрон расмийлари Бакуга қўнғироқ қилиб ёрдам сўрагани ва Озарбайжон зарур ёрдамни кўрсатганини ҳам маълум қилди.
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг айтишича, Нахичевондаги ҳужумга Эрон алоқадор эмас ва бу воқеанинг ортида ким тургани аниқланади.

Шу билан бирга, вазият юзасидан Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Исроил Ташқи ишлар вазири Гидеон Саар билан телефон орқали мулоқот қилди. Саар Эроннинг Озарбайжонга қарши “очиқ ва қасддан амалга оширилган тажовузи”ни қоралади.

“Бу мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат. Бу Эрон режими ақлдан озган ва жиловсиз эканини яна бир бор кўрсатади”, деди у.

Эслатиб ўтамиз, 28 февраль куни БМТнинг фавқулодда йиғилишида Россия АҚШни музокаралар тугамасидан туриб Эронга ҳужум қилганликда айблаб, буни “орқадан зарба” деб атаган эди.

Айрим хорижий манбалар эса ушбу урушдан Озарбайжон манфаатдор бўлиши мумкинлигини ёки ҳужум ортида Исроил ва АҚШнинг билвосита иштироки бўлиши эҳтимолини ҳам тилга олмоқда.

Чунки Озарбайжон ва Исроил ўртасидаги стратегик ҳамкорлик узоқ йилларга бориб тақалади. Хусусан, озарбайжонликлар “Улуғ ватан уруши” деб атайдиган Қорабоғ урушида Исроил Озарбайжонни қурол-яроғ билан таъминлаган. Бунга жавобан Озарбайжон Исроилга нефть етказиб берувчи асосий ҳамкорлардан бири ҳисобланади.

Айрим маълумотларга кўра, Арманистонни эса айрим масалаларда Эрон зимдан қўллаб-қувватлаб келган. Шу сабаб Озарбайжон томони Теҳронни Арманистонга иқтисодий ва логистик ёрдам кўрсатишда айблаб келади.

Қорабоғ можароси нафақат сиёсий, балки маданий ва диний омилларни ҳам ўз ичига олади. Озарбайжон томонига кўра, Қорабоғ ҳудуди Арманистон назорати остида бўлган даврда кўплаб масжидлар вайрон қилинган.

Бу ҳудудда сақланиб қолган кам сонли исломий ёдгорликлардан бири – “Юқори Гавҳар оға” масжиди ҳисобланади.

Айрим даъволарга кўра, ушбу масжидни таъмирлаш ва сақлаб қолиш ишларида Эрон ҳам молиявий иштирок этган. Бу эса Арманистон томонига “Қорабоғда исломий ёдгорликлар вайрон қилинмаган” деган сиёсий аргументни илгари суриш имконини бергани айтилмоқда.
Шу билан бирга, Эрон ҳудудида тахминан 30–40 миллионга яқин озарбайжон турклари яшайди. Бу рақам ҳатто Озарбайжон аҳолисидан бир неча баравар кўп. Шу сабабли “Жанубий Озарбайжон” масаласи Теҳрон учун жуда нозик ва эҳтиёткор сиёсат талаб қиладиган мавзу ҳисобланади.

Туркий давлатлар позицияси

Эрон атрофида юзага келган вазиятга нисбатан Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ҳам муайян позиция билдирди. Мазкур ташкилотга Туркия, Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо ҳисобланади.

4 март куни Яқин Шарқдаги можаро бошланганидан буён илк бор Туркия осмонида Эрондан учирилгани тахмин қилинган баллистик ракета йўқ қилинди. Ракетага қарши мудофаа тизимига тегишли парчалар Ҳатай вилоятининг Дортёл тумани ҳудудига тушган. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ.

Воқеадан сўнг Туркия Мудофаа вазирлиги мамлакат ҳар қандай таҳдидга жавоб қайтариш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини маълум қилди.
Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан ҳам вазиятга нисбатан кескин муносабат билдирди. У Эронни бутун минтақада кескинликни кучайтириши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди. Шунингдек, Фидан АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан телефон орқали мулоқот қилиб, минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди.

Айни пайтда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Эрон элчисини вазирликка чақиртириб, расмий дипломатик норозилик билдирди.
Президент Ражаб Тойиб Эрдоған 5 март куни Анқарадаги ифторлик маросимида Туркия Эрон билан боғлиқ ракета ҳодисасининг такрорланишига тоқат қилмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Анқара бу борада аниқ огоҳлантиришлар берган ва ўз чегаралари ҳамда ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўрмоқда.

“Минтақамиз бошидан кечираётган бу оғир кунларда биз ҳеч қачон чегараларимиз ва ҳаво ҳудудимизни тасодифга қолдирмаймиз. Агар бу абадий ватанимизда тинчлик ва хавфсизликда яшашни истасак, доимо ўз қўрқитиш кучимизни оширишимиз керак”, дейди Президент.

Эрон томони эса Туркия ҳудудига атайлаб ракета учирилгани ҳақидаги иддаоларни рад этди. Айрим тахминларга кўра, ракета аслида Кипрдаги Британия ҳарбий базасига йўналтирилган бўлиши ва йўлдан адашган бўлиши мумкин.

Озарбайжонда кузатилган ҳодисалардан сўнг Туркия Бокуни қўллаб-қувватлашини билдирди. Икки давлат ташқи ишлар вазирлари мазкур ҳужумларни қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлади. Шу билан бирга, улар стратегик иттифоқ доирасидаги мувофиқлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди.

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам ўз позицияларини маълум қилди.

Ўзбекистон Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий вафоти муносабати билан таъзия билдирди. Шу билан бирга, Эрон томонидан ҳужумга учраган араб давлатлари билан бирдамлигини ҳам маълум қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5 март куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат аввалида Мирзиёев Озарбайжон ҳудудига учувчисиз учиш аппаратлари орқали амалга оширилган ҳужумларни қоралаб, жабрланганларнинг тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.

Қозоғистон ҳам минтақадаги вазиятга муносабат билдириб, Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамдард эканини маълум қилди. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев БААни дўст ва биродар давлат деб атаб, зарурат туғилган тақдирда қўлидан келган ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар эса ҳозирча Яқин Шарқдаги вазият юзасидан расмий муносабат билдирмаган. Хусусан, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Эрон–Исроил–АҚШ ўртасидаги уруш бўйича изоҳ бермаган.

Шу билан бирга, Курдистон минтақаси Президенти Нечирвон Барзоний ўз баёнотида минтақаси “ҳеч қандай можаро ёки ҳарбий кескинликнинг бир қисми бўлмаслиги”ни таъкидлади.

Ҳаммасига айбдор – нефть

Ушбу можаро фонида Теҳрон Яқин Шарқдаги энергия бозорига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган кескин қарорлар қабул қилди. Хусусан, Эрон минтақадан энергия экспортини вақтинча тўхтатгани, шунингдек, Форс кўрфази орқали амалга ошириладиган айрим юк ташиш йўналишларини чеклагани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу эса минтақадаги энергетика ва логистика занжирларига жиддий босим ўтказмоқда.

Айни пайтда Қатар томонидан суюлтирилган табиий газ (LNG) ишлаб чиқариш ҳажмини қисқартириш эҳтимоли ҳақидаги маълумотлар ҳам халқаро бозорларда хавотир уйғотмоқда. Бундай вазият аллақачон Европа бозорларида энергия нархларининг ошишига сабаб бўла бошлади.

Яқин Шарқдаги ҳар қандай кескинлик глобал энергия бозорига бевосита таъсир қилади. Чунки ушбу минтақа дунё нефть қазиб олишининг тахминан учдан бир қисмини ва табиий газ ишлаб чиқаришининг қарийб бешдан бир қисмини таъминлайди. Шу боис, можаронинг чуқурлашиши халқаро бозорларда инфляциянинг янги тўлқинини келтириб чиқариши мумкин.

Агар вазият узоқ давом этса, бу Европа ва Осиё давлатларида иқтисодий тикланиш жараёнларининг секинлашишига, энергия танқислиги ва саноат харажатларининг ошишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас. Таҳлилчиларга кўра, бундай ҳолат глобал иқтисодий барқарорлик учун ҳам жиддий хавфлардан бири ҳисобланади.

Ўрта коридор – халқаро савдо ва транзит йўли

Сўнгги йилларда халқаро савдо тизимида катта ўзгаришлар кузатилмоқда. Геосиёсий зиддиятлар, санкциялар ва логистика занжирларидаги муаммолар туфайли давлатлар янги транспорт йўналишларини излашга мажбур бўлмоқда. Ана шундай муҳим лойиҳалардан бири – Ўрта коридор деб аталадиган транспорт йўлагидир.

Ўрта коридор – Хитойдан бошланиб, Марказий Осиё, Кавказ ва Туркия орқали Европага чиқадиган халқаро транспорт йўлагидир. У расман Транскаспий халқаро транспорт йўлаги деб ҳам аталади. Маршрут тахминан қуйидаги давлатлар орқали ўтади:
Хитой → Қозоғистон → Каспий денгизи → Озарбайжон → Грузия → Туркия → Европа.

Ушбу йўлак орқали юклар темирйўл, денгиз ва автомобиль транспорти орқали ташилади.

Эрон эса мазкур лойиҳага танқидий муносабат билдириб келади. Чунки Ўрта коридор Хитойдан Европа бозорларига товарларни Каспий денгизи орқали етказишни назарда тутади ва бу маршрут Эрон ҳудудини айланиб ўтади.

Агар ушбу йўлак тўлиқ ишлаб кетса, Хитой ва Европа ўртасидаги савдонинг бир қисми Эрон орқали эмас, балки Қозоғистон, Каспий денгизи ва Кавказ орқали амалга оширилади. Бу эса Эрон учун транзит даромадларининг камайишини англатади.

Шу билан бирга, Теҳрон Кавказ ва Марказий Осиёда ўз таъсирини сақлаб қолишга интилмоқда. Бироқ мазкур коридор орқали Туркия, Озарбайжон ва Қозоғистоннинг роли ортиши Эроннинг минтақадаги стратегик аҳамиятини қисман камайтириши мумкин.

Зангезур йўлаги ҳам Эронни хавотирга солаётган омиллардан бири ҳисобланади. Ушбу коридор Озарбайжон, Арманистон ва Туркия ўртасида янги қуруқлик транспорт алоқасини очиши мумкин. Эрон эса бу йўлак очилса, Кавказдаги транспорт тармоқлари уни четлаб ўтиши мумкинлигидан хавотирда.

Ҳар иккала коридорнинг муҳим нуқталаридан бири Туркия ҳисобланади. Агар бу маршрутлар тўлиқ ишга тушса, Туркия Европа ва Осиё ўртасидаги асосий логистика марказларидан бирига айланиши мумкин. Бу эса минтақада Эрон учун рақобатни янада кучайтириши эҳтимолдан холи эмас.

Россиянинг аралашуви

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ ва Исроилнинг асосий мақсадларидан бири Форс кўрфази давлатларини Эронга қарши урушга жалб қилиш эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Исроил ҳаракатларидан жабр кўраётган ҳар қандай давлат Россия учун дўст ҳисобланади.

“АҚШ ва Исроил тажовузидан жабр кўраётган барча томонлар бизнинг стратегик ҳамкорларимиздир. Биз халқаро ҳамжамиятнинг бошқа тинчликсевар аъзолари билан биргаликда, ушбу операцияни мутлақо имконсиз қиладиган муҳитни яратишга ҳисса қўшиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз”, дейди Россия Ташқи ишлар вазири.

Ҳозирги вазият

Расмий маълумотларга кўра, 2026 йил 5 март ҳолатига кўра АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида Эронда ҳалок бўлганлар сони 1 230 нафарга етган.

Шунингдек, Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг 4 март куни ўтказилиши режалаштирилган дафн маросими ҳам Исроил ва АҚШ зарбалари туфайли номаълум муддатга қолдирилди.

Айни пайтда Исроил Эронга қарши ҳарбий амалиётнинг иккинчи босқичи бошланишини маълум қилди. Агентликлар тарқатган маълумотларга кўра, қирувчи самолётлар ер остида жойлашган баллистик ракета инфратузилмасига зарба беришга тайёргарлик кўрмоқда. Яқин Шарқдаги вазият кескинлигича қолмоқда.

Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Европа Эрон Озарбайжон нефть БМТ можаро Яқин Шарқ ҳужум Осиё Туркий давлатлар Эрон–Исроил–АҚШ навбатдаги нишон туркийлар халқаро савдо душманлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг