Эронда ўлим ҳукмлари давом этмоқда. Қатл қилинаётганлар орасида болалар ҳам бор

Олам

image

Эронда ўтган йилнинг сентябрида 22 ёшли курд қизи Маҳса Амини вафотидан сўнг авж олган норозилик намойишларига алоқадор шахслар суд томонидан ўлимга ҳукм қилиниши давом этмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Қайд этилишича, ҳозиргача намойишларга алоқадор тўрт йигит қатл этилган, яна 18 киши ўлим жазосига ҳукм қилинган. Эрон ташқарисида жойлашган Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари судларни ўта адолатсиз деб топмоқда. Хусусан, Норвегияда жойлашган Эрон инсон ҳуқуқлари ноҳукумат ташкилоти суд жараёнларига журналистлар ва судланувчининг оила аъзолари кириши тақиқлангани, шунинг учун ёпиқ эшиклар ортида содир бўлаётган воқеаларнинг ягона ойнаси – адлия томонидан эълон қилинган кадрлар бўлаётганидан норозилигини маълум қилган.

Суд ҳукми асосида қатл этилганлар орасида 22 ёшли карате чемпиони Муҳаммад Меҳди Карами ҳам бор. У 3 ноябрь куни Теҳрон ғарбидаги Караж шаҳрида бўлиб ўтган норозилик намойишлари чоғида ҳарбийлаштирилган Басиж кучлари аъзосини ўлдиришда айбланиб, ҳибсга олинган. 30 ноябрь куни Инқилобий суд Меҳди Карами билан бирга қотилликка алоқадорликда айбланган яна 16 киши, жумладан, учта вояга етмаган боланинг ишини кўриб чиқишни бошлаган. Манбага кўра, Карамига  судда ўзини ҳимоя қилиш учун 15 дақиқадан кам вақт берилган. 5 декабрда суд ҳукми эълон қилинган. Унга кўра, Карами ва яна тўрт нафар айбланувчи ўлимга ҳукм қилинган, болалар ва яна саккиз киши узоқ муддатга қамалган. Карами ҳибсга олинганидан атиги 65 кун ўтиб, 7 январда осиб ўлдирилган. 

Одатда, судланувчиларнинг оила аъзолари сукут сақлашлари учун босим остида қолсаларда, Меҳди Карамининг отаси Машаалаҳ Карами маҳаллий “Etemad” газетасига интервью берган. Унинг сўзларига кўра, ўлимга ҳукм қилинган куни ўғли унга йиғлаб қўнғироқ қилиб, суд натижасини айтган ва онасига айтмаслигини сўраган. 

Шунингдек,  Машааллаҳ Карами давлат томонидан тайинланган адвокат билан бир неча бор боғланишга уринганини, аммо ҳеч қандай жавоб бўлмаганини айтган. Кейин у Эроннинг энг таниқли юристларидан бири Муҳаммад Ҳусайн Ағосийни ёллаган. Бироқ юристнинг маҳаллий судга, кейинчалик Олий судга ёзган хатлари ҳам эътиборга олинмаган. Олий суд қарори устидан шикоят қилиш ҳам судья томонидан рад этилган.

Карами билан бирга ўлимга ҳукм қилинганлардан бири 39 ёшли болалар мураббийи Сайид Муҳаммад Ҳусайни эди. Карамидан фарқли ўлароқ, Ҳусайни Олий суд унинг ўлим ҳукмини тасдиқлаганидан кейин мустақил адвакат олишга муваффақ бўлган. Адвокат Али Шарифзода Ардаканий декабрь ойида у билан қамоқхонада кўришган ва бу ҳақда Тwitter’даги саҳифасида ёзган.

“У ташриф давомида йиғлаб юборди. У қийноқлар, кишанланган ва кўзлари боғланган ҳолда калтаклангани, бошига тепишгани ва ҳушини йўқотгани ҳақида гапирди. Унинг барча иқрорликлари қийноқлар остида олинган ва қонуний кучга эга эмас”, деб ёзган адвокат Ардаканий. 

Адвокат Ардаканий Олий суд қарори устидан шикоят қилиш учун ҳужжатларни тақдим этган ва унга 7 январь куни судга қайтиши айтилган. Аммо у ерга кетаётиб, Ҳусайнийнинг осилгани маълум бўлган. Кейинчалик адвокатнинг ўзи ҳам ҳибсга олинган ва гаров эвазига озодликка чиқарилган. Манбада айтилишича, у Ҳусайний қийноққа солингани ҳақидаги постлари юзасидан прокурорнинг шикоятига дуч келган.

Эрон Инсон ҳуқуқлари ташкилотининг хабар беришича, ҳозирда камида 109 намойишчи ўлимга ҳукм қилиниш хавфи остида. Улар орасида уч нафар вояга етмаган шахс ҳам бор.  

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ собиқ Мудофа вазири ўринбосари Алиризо Акбарий ҳам ўлимга ҳукм қилингани хабар қилинганди.

Алибек Бейжанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг