Эронда мотам эълон қилинди (видео)
Олам
−
20 Май
13427Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Президент Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳлари вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилди. Бу ҳақда ISNA хабар берди.
“Беш кунлик оммавий мотам эълон қиламан ва азиз Эрон халқига ҳамдардлик билдираман”, дейилади Оятуллоҳ Хоманаийнинг таъзия мактубида.
Қайд этиш жоизки, Раисийнинг вафоти муносабати билан Покистонда бир кун, Ливанда уч кун мотам эълон қилинган.
“Mehr” агентлигининг хабар беришича, Раисийнинг дафн маросими эртага, 21 май куни Табриз шаҳрида бўлиб ўтади.
Маълумот учун, кеча, 19 май куни Эрон Президентини олиб кетаётган вертолёт Эрон шимоли-ғарбий қисмида қийин қўнишни амалга оширди. Эрон делегацияси Озарбайжондан қайтаётган эди, у ерда Раисий Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашган. Умуман олганда, Президент кортежи учта вертолётдан иборат бўлиб, улардан иккитаси хавфсиз қўнган.
Қидирув операцияси 12 соатдан ортиқ давом этди. 20 май куни Эрон Қизил ярим ой жамияти вертолёт қулаган жойни топди. Раисий, мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти губернатори Малик Раҳмати ва бошқа расмийлар вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлган. Ҳаммаси бўлиб, бортда камида саккиз киши, жумладан, икки учувчи ва бир техник ходим бўлган.
Вертолёт қулаган жойда қутқарув ишлари якунланди. Қурбонларнинг жасадлари Шарқий Озарбайжон вилоятининг маркази Табризга етказилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эроннинг амалдаги вице-президенти Муҳаммад Мохбер вақтинчалик Эрон Президенти бўлиши маълум қилинганди. Мамлакат парламенти Ички ишлар қўмитаси раиси Муҳаммад Солиҳ Жокар Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловлари келаси 50 кун ичида бўлиб ўтиши кераклигини айтди.
LiveБарчаси