Эронда икки кунда камида 29 киши қатл этилди

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Волькер Турк Эрон Ислом Республикасида шу ҳафтанинг икки куни мобайнида 29 киши қатл этилганидан хавотирда эканини билдирди. Бу ҳақда ташкилот ўз саҳифасида хабар берди.

Қайд этилишича, июль ойида 38 киши қатл этилган. Шу билан 2024 йилда қатл қилинганлар сони камида 345 тага етди, улардан 15 нафари аёллардир.

“Қатл этилганлар асосан гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар ёки қотиллик учун судланганлар. 2024 йил бошидан бери қатл этилганларнинг деярли ярми гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун ўлим жазосига ҳукм қилинган. Қасддан одам ўлдириш билан боғлиқ бўлмаган жиноятлар учун ўлим жазосини қўллаш халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрлари ва стандартларига тўғри келмайди, буни биз қайта-қайта таъкидлаган эдик”, деган ташкилот вакили Лиз Тросселл.

Ташкилотга кўра, юқоридаги ҳолатларнинг кўпчилигида тегишли тартиб ва адолатли суд меъёрларига амал қилинмаган.

“На маҳкумнинг оиласи, на адвокати хабардор қилинмаган ҳолда бир неча киши қатл қилинган”, дейилган хабарда.

БМТ, шунингдек, Эронга қатлларга қарши мораторий жорий этиш орқали, охир-оқибатда ўлим жазосини бекор қилиш мақсадида бутун дунё бўйлаб кучайиб бораётган консенсусга қўшилиш вақти келганини эслатган.

Amnesty International ташкилотининг йиллик ҳисоботига кўра, 2023 йилда дунё бўйлаб қатл қилишлар деярли ўн йил ичидаги энг юқори кўрсаткичга кўтарилган. 2023 йилда қатл этилганлар сони энг кўп бўлган беш давлат Хитой, Эрон, Саудия Арабистони, Сомали ва АҚШ бўлди. Қатлларнинг 74 фоизи Эронда, 15 фоизи Саудия Арабистонида қайд этилган. Сомали ва АҚШда ҳам 2023 йилда қатл қилишлар сони ошди. 2023 йилда дунё бўйлаб чиқарилган ўлим жазолари сони 20 фоизга ошиб, уларнинг умумий сони 2428 тага етган. Бешта давлат – Беларусь, Камерун, Япония, Марокаш/Ғарбий Саҳара ва Зимбабве – танаффусдан сўнг ўлим жазосини қайта тиклаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эроннинг Караж шаҳри марказий қамоқхонасида бир суткада 11 маҳбус дорга осилганди. Шунингдек, Эронда Исроил фойдасига жосусликда айбланган тўрт киши қатл қилингани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон қатл Волькер Турк

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made