Эронда Ҳукумат бир йилда 1900 дан ортиқ кишини ўлдирди

Олам

image

Эронда 2025 йилда 1922 киши қатл этилган. Улар гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар, қотиллик, жосуслик ва зўрлашда айбланган. Бу ҳақда Эрон инсон ҳуқуқлари фаоллари ахборот агентлиги томонидан эълон қилинган 2025 йилги Эрон инсон ҳуқуқлари бўйича ҳисоботда сўз борган.   

Қайд этилишича, 2015 ва 2025 йиллар оралиғида қатл этилганлар сони бўйича маълумотлар келтирилган. 

Статистикага кўра, 2025 йилда Эронда 1922 киши қатл этилган, бу сўнгги ўн йил ичидаги энг юқори кўрсаткичдир. 

Ҳисоботда шунингдек, ўтган йили қатл этилганларнинг 87 фоизи эркаклар, 3 фоизи аёллар бўлганлиги ва қатл этилганларнинг 10 фоизининг жинсини аниқлашнинг иложи бўлмаганлиги билдирилган. 

Аввалроқ, Iran Human Rights декабрь ойининг бошигача бўлган даврда камида 1500 та қатлни аниқлаганини хабар қилганди. Фақат 2025 йил декабрь ойининг ўзида 376 та ўлим жазоси ижро этилди – бу 37 йил ичидаги ойлик рекорд кўрсаткич.

Iran Human Rights маълумотларига кўра, қатл этилганлар сони 2022 йилда, мамлакат аёлларга нисбатан зулмга қарши норозилик намойишлари билан ларзага келганида тез суръатлар билан ўсишни бошлаган: ўша йили 520 киши, кейинги йили эса 832 киши қатл этилган.

Жосуслик ёки норозилик намойишларида иштирок этиш каби сиёсий жиҳатдан нозик жиноятлар учун ўлим жазоси қўлланилиши ҳолатлари маълум. Бироқ, ўлим жазосининг 99% қотиллик ёки гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун берилади ва бу фоиз ўзгаришсиз қолмоқда. 

Эрон сиёсий фаолларининг таъкидлашича, ҳукмрон режим ўз барқарорлигига таҳдид солаётганини сезганда, ўлим жазоси сони кўпаяди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Саудия Арабистони бир йил ичида амалга оширилган қатллар сони бўйича ўзининг аввалги рекордини янгилагани хабар қилинганди. 2025 йилда камида 347 киши қатл этилган. Таққослаш учун, 2024 йилда 345 та қатл амалга оширилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон ўлим жазоси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг