Эрон янги баллистик ракетани синовдан ўтказди

Олам

image

Эрон 17 апрель куни Qassem Basir янги қаттиқ ёнилғили баллистик ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказди. Бу ҳақда кеча, 4 май куни кечқурун Эрон Мудофаа вазири Азиз Носирзода IRIB 2 давлат телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

У ракета манёвр қобилиятини яхшилагани ва “THAAD ва Patriot каби ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда Исроилда мавжуд бўлганларга дахлсиз” эканини айтди.

Носирзода, шунингдек, АҚШни Эрон “агар унга ҳужум қилинса ёки урушга мажбурланса”, “қатъий жавоб беришга тайёр”лигидан огоҳлантирди. Эрон Мудофаа вазирлиги раҳбари Теҳрон “қўшни давлатларга нисбатан душманлик ҳис қилмаслиги ва улар билан биродарлик муносабатларига интилиши”га ишонтирди, бироқ уруш бошланган тақдирда уларнинг ҳудудидаги Америка базалари Эрон ҳарбийлари учун “қонуний нишон”га айланади.

Яман ҳусийларининг Исроилга яқинда уюштирган ракета ҳужумига изоҳ берар экан, Носирзода Яман “ўзи қарор қабул қиладиган мустақил давлат” эканини айтди. У, шунингдек, АҚШ расмийларининг Эрон бу мамлакатдаги можарога алоқадорлиги ҳақидаги даъволарини рад этди.

4 май куни Ямандан учирилган ракета Тель-Авив яқинидаги Бен Гурион халқаро аэропорти яқинига қулади. Жараёнда олти киши жароҳатланган. Кейинроқ Lufthansa авиакомпанияси вакиллари Тель-Авивга 6 майгача рейсларни амалга оширмаслигини эълон қилди. Худди шундай қарорлар British Airways, Air France ва бошқа бир қанча йирик халқаро авиаташувчилар томонидан ҳам қабул қилинган.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Мудофаа вазири Исроил Кац ҳужумга кенг кўламли ва кўп томонлама жавоб беришга ваъда берди. Нетаньяху, жумладан, ҳусийлар ҳужуми ортида Эрон тургани ҳақида фикр билдирди ва унинг мамлакати Теҳронга “аниқ сигнал” етказишига ишонтирди.

АҚШ Президенти Дональд Трамп 30 март куни Трамп NBC News телеканалига берган навбатдаги интервьюсида Эрон ядровий дастури бўйича Вашингтон билан келишувга эришмаса, “мисли кўрилмаган” портлашлар ва иккиламчи тарифлар билан таҳдид қилган эди. Шундан сўнг, Вашингтон ва Теҳрон Уммон воситачилигида Эрон ядро дастури бўйича музокараларнинг уч раундини ўтказди. Улар 12, 19 ва 26 апрель кунлари бўлиб ўтди.

22 апрель куни “Time” журналига берган интервьюсида (уч кундан кейин чоп этилди) Трамп Эрон билан келишувга эришиш имкониятини кўришини ва Ислом Республикаси етакчилари билан учрашишга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, агар келишувга эришилмаса, ҳарбий чоралар кўриш имкониятини кўриб чиқаётганини яна бир бор таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон баллистик ракета

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг