Эрон яна Ҳормуз бўғозини ёпишини эълон қилди

Олам

image

Эрон Ҳормуз бўғозини кемалар қатнови учун ёпишини эълон қилди. Бу ҳақда Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг (ИИҚК) “Хатам ал-Анбиё” марказий штаби баёнотига таяниб, “Fars” хабар берди.

Қайд этилишича, штаб ушбу қарорни Қўшма Штатлар томонидан урушни якунлаш тўғрисидаги меморандумнинг биринчи банди очиқчасига ва намойишкорона бузилгани билан изоҳлаган. Бундан ташқари, Теҳрон Исроил томонидан Ливан жанубида ўт очишни тўхтатиш режимининг узлуксиз бузилаётганини, бунинг оқибатида “минтақанинг юз минглаб аҳолиси ҳалок бўлаётгани ва қочқинга айланаётганини”, шунингдек, Исроил қўшинлари Ливан ҳудуди жанубини ҳанузгача тарк этмаганини кўрсатиб ўтган. 

“Ҳормуз бўғози кемалар ўтиши учун ёпилади”, дейилади штаб баёнотида.

Ушбу қарор стратегик бўғоз орқали амалга ошириладиган ҳар қандай турдаги кемалар қатновига тегишли. Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг аниқлик киритишича, бўғознинг ёпилиши – рақиб томонидан мажбуриятларнинг бузилишига берилган жавобнинг фақатгина биринчи қадамидир. Агар “тажовуз давом этадиган бўлса”, Эрон ҳарбийлари АҚШни ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажаришга мажбур қилиш учун кейинги чораларни режалаштиради ва амалга оширади.

Эрон ТИВ расмий вакили Теҳрон ўз мажбуриятларини бажарганини, АҚШ эса Исроилни Ливанга ҳужумларини тўхтатишга мажбур қилиши кераклигини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, агар қарши томон мажбуриятларининг ҳатто бир қисми бажарилмаса, бутун меморандум хавф остида қолади, шу сабабли келишув бўйича шериклар имкон қадар тезроқ зарур чораларни кўришлари лозим. ТИВ вакили Эрон мажбуриятларни улар бажарилмаслиги учун имзоламаганини ва Теҳрон “мажбуриятга жавобан мажбурият” тамойили асосида ҳаракат қилишини алоҳида таъкидлади — агар бошқа томон ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, Эрон бунга ўз чоралари билан жавоб қайтаради.

Шу билан бирга, Эрон делегацияси қарши томондан ўз мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш учун Швейцарияга жўнаб кетади. Бундан икки кун аввал АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Ҳормуз бўғози блокдан чиқарилгани ва Эрон кемаларининг ундан эркин ўтиши ҳақида эълон қилган эди. Ўшанда йирик кема эгалари охирги 110 кун ичида илк бор бўғоз орқали кемаларни ўтказа бошлашган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳормуз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг