Эрон Украинанинг Россия томонидан босиб олинган қисмларини тан олмайди - ТИВ
Олам
−
19 Июль 2023
8196Эрон Украинанинг Россия томонидан аннекция қилинган ҳудудларини тан олмайди ва барча давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллахон Теҳрондаги матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Биз ҳар бир давлатнинг, шу жумладан, Украинанинг ҳам ҳудудий яхлитлигига ишонамиз, бу халқаро ҳуқуқ асосида барча мамлакатлар учун устувор бўлиши керак”, дейди у.
Вазир, шунингдек, можаро сиёсий мулоқот орқали тўхтатилиши зарурлигини таъкидлаган.
Бундан ташқари, расмий Теҳрон Москванинг Эрон ҳудудий яхлитлиги масалаларига аралашувини номақбул деб атади. Эронлик дипломат бу орқали яқинда Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашида юзага келган дипломатик можарога ишора қилган. Ўшанда россиялик дипломатлар Хўрмуз бўғози яқинидаги Эрон ўзиники деб ҳисобловчи, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари ҳам даъво қиладиган учта орол масаласида музокаралар ўтказишга чақирган эди.
Бунга жавобан, Россиянинг Теҳрондаги элчиси Алексей Дедов Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган ва унга норозилик билдирилган.
Маълумот учун, Форс кўрфазида жойлашган Абу Мусо, Катта Тонб ва Кичик Тонб ороллари Эрон ҳарбийлари томонидан 1971 йилда назоратга олинган. Буюк Британия ороллардан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетганидан сўнг, Бирлашган Араб Амирликлари ташкил топган. Бироқ юқоридаги уч оролни тарихан ўзиники деб ҳисоблаган Эрон уларни қайтариб олишга қарор қилган. Шу йили ноябрь ойида, БАА мустақиллиги эълон қилинишидан икки кун олдин Эрон оролларни назоратга олиш учун ўз флотини юборган. Мазкур оролларда ҳали ҳам Эрон ҳарбийлари мавжуд бўлиб, биргина Абу Мусо оролининг ўзида минглаб ҳарбий хизматчилар жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Эрон ва Россия ўртасида сўнгги пайтларда бир неча бор шундай дипломатик ва сиёсий можаролар келиб чиқмоқда. Хусусан, яқинда, 24 июнь куни Евгений Пригожин исён кўтарганида Эрон томони Путинга ушбу муаммо Россиянинг ички иши экани, бу орқали унга ёрдам бермаслигини дипломатик йўл билан етказганди. Кейинроқ эса Эрон Россия Су-35 самолётларини етказиб беришни пайсалга солгани учун норозилик билдирди.
LiveБарчаси