Эрон Туркманистон билан чегарани ёпиб қўйди
Олам
−
07 Октябрь
13583Эрон 4 октябрдан бошлаб Туркманистон билан чегарасини ёпиб қўйди. Эронга йўл олган туркманистонликлар қайтариб юборилмоқда. Бу ҳақда “Turkmen.news” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, туркманистонлик тадбиркорлар, зиёратчилар ва даволаниш учун қўшни мамлакатга йўл олган одамлар чегарадан қайтарилмоқда. “Гаудан-Баджигиран” ва “Серахс” назорат-ўтказиш пунктларида Эрон юк машиналари ҳам Туркманистонга ўтказилмаяпти. Шу сабабли мамлакатда ўсимлик ёғи танқислиги юзага келган.
Қайд этилишича, нейтрал ҳудудда ўнлаб одамлар қўшни давлатга ўтишга рухсат кутмоқда, бошқалари эса кутишдан чарчаб орқага қайтган. Туркманистон чегарачилари одамларни ўтказмоқда, лекин улар ундан нарига ўтолмаяпти. Эрон томони икки кундан буён на одамларни, на транспорт воситаларини икки йўналишда ҳам ўтказмаяпти.
Нашрга кўра, чегаранинг ёпилиш сабаблари маълум эмас. Бир версияга кўра, бу Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинлик билан боғлиқ. Чегара ёпилиши сабабли Туркманистон пойтахти Ашхобод ва вилоятларда ўсимлик ёғи танқислиги юзага келган. Ўтган ҳафтанинг ўрталарида импорт қилинган бир литрлик маҳсулот 18 манат (тахминан 65 минг сўм) бўлса, ҳозир бу ҳажмдаги ёғ 25 манатга (тахминан 91 минг сўм) ҳам топилмаяпти. Ашхободнинг улгуржи бозорларида ёғ бирорта ҳам дўконда йўқ. Мамлакатдаги “Kämil” гипермаркетлар тармоғида харидорларга қатъий равишда бир литрдан ёғ сотилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон ҳарбийлари мамлакатни муҳожирларнинг кириб келишидан ҳимоя қилиш учун Афғонистон билан чегарада 10 километрдан ортиқ масофада девор қургани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси