Эрон ШҲТ давлатларини доллардан воз кечишга чақирди

Олам

image

Эрон Президенти Иброҳим Раисий Ғарб таъсиридан чиқиб кетиш учун АҚШ долларидан воз кечишга чақирди. Бу ҳақда у бугун, 4 июль куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгаши саммити чоғида маълум қилди.

“Ғарбнинг гегемонлигига АҚШ долларининг гегемонлиги ёрдам беради. Янги иқтисодий тизим яратиш учун ундан воз кечиб, давлатлар ўртасидаги ҳисоб-китобларда миллий валюталардан фойдаланиш керак”, деган Раисий.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат минтақада транспорт йўлакларини яратиш бўйича Россия билан ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Шунингдек, Эрон раҳбари ШҲТга аъзолик республикага иқтисодий ривожланиш имкониятини беришини қўшимча қилган.

Бундан ташқари, Раисий ШҲТга қабул қилингани учун Эрон ҳукумати ва халқи номидан ташкилотга миннатдорлик билдирган.

“Биз Ҳиндистон Бош вазирининг самимий сўзлари ва ушбу саммитга мезбонлик қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак қадрлаймиз. Фурсатдан фойдаланиб, Эрон Ислом Республикасини ШҲТга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилгани учун Эрон ҳукумати ва халқи номидан ўз миннатдорлигимизни билдираман”, деган Раисий.

Ўз навбатида, Хитой Раиси Си Цзиньпин саммит давомида “совуқ уруш”ни қўзғатишга уринишларга, шунингдек, гегемонизм ва куч сиёсатига қарши туриш зарурлиги ҳақида гапирган.

Россия Президенти Владимир Путин эса ўз нутқи чоғида раҳбарлари саммитда иштирок этаётган давлатлар билан алоқаларни янада чуқурлаштириш ниятида эканини билдирган. У ШҲТ халқаро ҳуқуққа асосланган жаҳон тартибини шакллантириш тарафдори эканини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ мазкур саммит иштирокчилари Эроннинг ШҲТга аъзолигини расман тасдиқлаган, Шанхайдаги ташкилот котибиятида Эрон байроғи кўтарилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

доллар Эрон ШҲТ Раисий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг