Эрон Россияга 400 га яқин баллистик ракеталар берди – “Reuters”
Олам
−
22 Февраль
5505Эрон Россияга 400 га яқин “ер-ер” баллистик ракеталарини топширди. Бу ҳақда аноним олти манбага таяниб, “Reuters” хабар берди.
Агентликнинг уч нафар суҳбатдошига кўра, улар орасида Fateh-110 оиласига мансуб қисқа масофали ракеталар ҳам бор. Бу турдаги ракеталар 300 дан 700 километргача бўлган масофадаги нишонларга зарба бера олади.
Нашрнинг қайд этишича, етказиб бериш 2024 йил январь ойи аввалида бошланган. Эрон ҳарбий амалдорининг аноним тарзда “Reuters” агентлигига айтишича, ўшандан бери Россия Федерациясига камида тўртта ракета партияси етказилган.
Унинг қўшимча қилишича, келгуси ҳафталарда ракеталар кўпроқ этказиб берилиши кутилмоқда. Бошқа бир ҳарбий амалдор эса ракеталар Каспий денгизи орқали ва самолётда Россияга етказилаётганини маълум қилган.
“Кўпроқ таъминот бўлади. Буни яшириш учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Биз хоҳлаган давлатга қурол экспорт қилишимиз мумкин”, дея қўшимча қилган у.
“Reuters”нинг билдиришича, 2023 йил октябрь ойида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Эроннинг баъзи ракеталар, учувчисиз самолётлар ва бошқа технологиялар экспортига чеклов киритган резолюцияси муддати тугаган.
2022 йил кузидан бери Россия ҳарбийлари Украинага зарба беришда Эронда ишлаб чиқарилган камикадзе дронлардан фаол фойдаланмоқда. Ўша йилнинг октябрь ойида “The Washington Post” газетаси Эрон Россияни баллистик ракеталар билан таъминлай бошлаши мумкинлигини ёзган эди.
2023 йил баҳорида “Financial Times” газетаси Россия Эрондан баллистик ракеталарни сотиб олишдан бош тортаётгани, чунки Қўшма Штатлар Украинага узоқ масофага мўлжалланган ATACMS ракеталарини етказиб бера бошлайди, деган хавотир сабаб бўлганини ёзган. 2023 йил октябрь ойи ўрталарида Украина Қуролли кучлари биринчи марта Россия қўшинларига қарши ATACMS ракеталарини қўллаган.