Эрон Россия билан бирга дрон заводи қуряпти
Олам
−
26 Июль 2023
6924Москва ва Теҳрон Россияда Украинадаги урушга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган Эрон дизайнидаги учувчисиз самолёт ишлаб чиқарадиган завод қурмоқда. Бу ҳақда кеча, 25 июль куни АҚШ Мудофаа вазирлигининг Разведка бошқармаси таҳлилчиларига таяниб, CNN хабар берди.
Қайд этилишича, бундай завод Россияни янги дронлар билан таъминлайди, бу эса Россия Қуролли кучларига “Эрон ҳозир етказиб бераётганидан” сезиларли даражада кўпроқ камикадзе дронларини олиш имконини беради.
Шунингдек, таҳлилчилар Эрон завод қуришда ёрдам бериш учун Россияга мунтазам равишда жиҳозлар жўнатиб турганини даъво қилмоқда. Маълумотларга кўра, Теҳрон ҳозиргача Россияга 400 га яқин дронларни, жумладан Shahed-131, Shahed-136 ва Mohajer каби моделларни топширган.
Шу билан бирга, Теҳроннинг бир неча бор рад этишига қарамай, Қўшма Штатларда Россия Эроннинг камикадзе дронларидан фойдаланаётгани ҳақида “инкор этиб бўлмас далиллар” борлиги эълон қилган. Хусусан, Россия томонидан Украинада фойдаланиладиган дронларнинг таркибий қисмлари Эронда ишлаб чиқарилган ва Ироқда топилган қисмларга мос келгани айтилган.
АҚШ ҳарбий разведкаси маълумотларига кўра, Эрон Россияга олдингиларидан кичикроқ ва енгилроқ янги Shahed -101 дронларини етказиб бериши мумкин.
Манбага кўра, Москванинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига ёрдам бериш эвазига Эрон Россиядан космик ва ракета дастурлари учун молиявий кўмак олмоқда.
Маълумот учун, Россия Эрон учувчисиз самолётларини кенг кўламли харид қилиш ҳақидаги барча айбловларни рад этади. Расмий Теҳрон, ўз навбатида, Республика Москвага оз миқдорда дронларни етказиб берганини тан олган. Фақат бу Эрон томонидан Украинада уруш бошланишидан олдин амалга оширилгани айтилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Татаристоннинг “Алабуга” махсус иқтисодий зонасидаги Алабуга политехника коллежининг вояга етмаган ўқувчилари Shahed дронларини йиғишга мажбурлангани айтилганди.
LiveБарчаси