Эрон расман ШҲТга аъзо бўлди
Олам
−
04 Июль 2023
7261Бугун, 4 июль куни Шанхай ҳамкорлик ҳашкилоти (ШҲТ) Эрон расман ташкилотга аъзо бўлганини эълон қилди. Бу ҳақда Ҳиндистон раислигидаги ташкилотнинг 23-саммитида қарор қабул қилинди. Виртуал учрашув ШҲТ Котибияти томонидан трансляция қилинди.
Айтиш жоизки, Эрон давлатлараро бирлашманинг тўққизинчи аъзосига айланган. Шу муносабат билан Пекиндаги ташкилот котибиятида Эрон байроғини кўтаришга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтган.
Маълумот учун, ШҲТ 2001 йил 15 июнда Шанхайда ташкил топган. Дастлаб ташкилот таркибига олтита давлат – Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Тожикистон ва Ўзбекистон кирса, 2017 йилда Ҳиндистон ва Покистон ҳам қўшилган. 2022 йил сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Эроннинг ташкилотга аъзо бўлиш мажбурияти тўғрисидаги меморандум имзоланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 май куни Ўзбекистон Президентининг “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан Эроннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиш бўйича сўрови Тошкент томонидан маъқулланганди. 4-5 май кунлари Ҳиндистон раислигида Гоа штатининг Панажи шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди ва унда Эрон Ислом Республикаси ва Беларусь Республикасининг ШҲТга аъзо давлатлар сифатида ташкилотга қабул қилиш жараёни муҳокама қилинди.