Эрон Президенти “қора шаҳзода” билан Исроил-Фаластин можаросини муҳокама қилди
Олам
−
12 Октябрь 2023
11642Эрон Президенти Иброҳим Раисий Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Эрон Президенти маъмурияти вакили Муҳаммад Жамшидий маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, томонлар Исроил ва Фаластин ўртасидаги можаро ҳудудидаги вазиятни муҳокама қилган.
“45 дақиқа давом этган музокаралар чоғида суҳбатдошлар фаластинликларга қарши уруш жиноятларига барҳам бериш зарурлиги ҳақида фикр алмашди”, дейди Жамшидий.
Суҳбат давомида Иброҳим Раисий можаронинг кучайишига Исроил ҳукумати томонидан фаластинликларга нисбатан мунтазам равишда зулм ва дискриминация қилинаётгани сабаб бўлганини айтган.
“Сўнгги воқеалар шуни кўрсатдики, фаластинликларнинг ҳуқуқларини ҳисобга олмасдан туриб билдирилаётган ҳар қандай ташаббус муаммони ҳал қила олмайди. Эрон ва Саудия Арабистони ҳозирги нозик даврда асосий давлатлар сифатида мазлум мусулмон Фаластинни қўллаб-қувватлаши керак”, деган Эрон Президенти.
Раисий Саудия Арабистонини “Исроилнинг фаластинликларга қарши жиноятларини тезда тугатиш” учун ҳамкорлик қилишга чақирган.
“Эрон ва Саудия Арабистони фаластинликларнинг қонуний ҳуқуқларини таъминлаш ва сионистик режимнинг тажовузи ва жиноятларига барҳам беришга ҳисса қўшиши мумкин”, деган Эрон Президенти.
Ўз навбатида Муҳаммад бин Салмон Ғазо секторидаги воқеаларни “оғриқли ва хавфли” деб атаган. Унинг фикрича, мавжуд вазият бутун дунёда беқарорликнинг кучайишига олиб келиши мумкин.
“Ар-Риёд ва Теҳрон ўртасидаги ҳамкорлик тўқнашувларни имкон қадар тезроқ тўхтатишга ва Фаластин масаласини адолатли ҳал қилишга ёрдам беради”, дейди Саудия валиаҳд шаҳзодаси.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.