Эрон Олий раҳбари ўн минглаб маҳбусларни афв этди

Олам

image

Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳоманаий ўн минглаб маҳкумларни, жумладан, Эрондаги сўнгги тартибсизликларда қўлга олинганлар учун амнистия эълон қилиниши ва жазони енгиллаштирилишига рози бўлди. Бу ҳақда IRNA ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Ислом инқилоби ғалабасининг 44 йиллиги муносабати билан Эрон Суд ҳокимияти раҳбари Оятуллоҳ Ҳоманаийга мактуб йўллаб, олий раҳнамодан ўн минглаб маҳкумларни амнистия қилиш ёки жазосини енгиллаштиришни таклиф қилган.

“Сўнгги пайтларда содир бўлган воқеаларда бир қанча одамлар, айниқса, ёшлар душманнинг ақидапарастлиги ва тарғиботи натижасида нотўғри хатти-ҳаракатлар ва жиноятлар содир этишди. Хорижий душманлар ва аксилинқилобий оқимларнинг режалари барбод бўлгани ортидан бу ёшларнинг кўпчилиги ҳозир ўз қилмишларидан пушаймон”, деган Суд ҳокимияти раҳбари ўз мактубида.

Ҳоманаий ҳам унинг таклифини қўллаб, кўплаб қўлга олинганларни авф этишга рози бўлган. Бироқ бу амнистия хорижий агентликларга жосуслик қилиш ёки Ислом Республикасига душман гуруҳларга алоқадорликда айбланган маҳбусларга таалуқли эмас.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 16 сентябрида эронлик 22 ёшли талаба қиз Маҳса Аминининг мамлакат ахлоқ полицияси томонидан ҳижобни нотўғги ўрагани учун ҳибсга олиниб, қамоқхонада ўлим топгани ортидан Эронда норозилик намойишлари авж олган эди. Намойишларни бостириш жараёнида 500 дан ортиқ киши, жумладан 70 нафар вояга етмаган шахс ҳалок бўлган, 20 мингга яқин одам ҳибсга олинган эди. Норвегияда жойлашган Эрон Инсон ҳуқуқлари гуруҳи ҳам шу ҳафта ичида камида 100 нафар махбус ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкинлигини айтган эди.

Алибек Бейжанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Эрон Олий раҳбари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар