Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий қаерда?
Олам
−
28 Февраль 8082 3 дақиқа
Бугун, 28 февраль куни Исроил ва АҚШнинг Эронга ҳужумидан сўнг турли оммавий ахборот воситаларида Олий раҳбар Оятуллох Али Ҳоманаийнинг Теҳрон шаҳрида эмаслиги, у хавфсиз жойга кўчирилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Қайд этилишича, сўнгги ойларда 86 ёшли Ҳоманаий деярли жамоатчиликка кўриниш бермаган. 2025 йил июнь ойида Исроил томонидан юқори лавозимли амалдорлар ва стратегик объектларга қарши амалга оширилган ҳужумлардан сўнг у хавфсизлик нуқтаи назаридан ер ости бункерига кўчирилган. Айрим маълумотларга кўра, Олий раҳбар охирги 30 кун давомида очиқ майдонда умуман кўриниш бермаган.
Бу ҳолат Ғарб ОАВларида турлича талқин қилинган. Баъзи нашрлар Ҳоманаийнинг “сояга чекиниши” унинг сиёсий таъсири камайганини англатиши мумкинлигини маълум қилган. Ҳатто айрим манбалар Эрон ичида сиёсий ва ҳарбий элита ўртасида ҳокимият учун кураш кетаётгани ҳақида тахминларни илгари сурган.
Эрон ичида эса Олий раҳбарнинг узоқ муддат кўринмаслиги ижтимоий тармоқларда кинояли муносабатларга сабаб бўлган. Айрим мухолиф доираларда унга нисбатан “Моуше-Али” (“Сичқонча Али”) каби лақаблар пайдо бўлди. Бу эса унинг хавфдан яширинаётгани ҳақидаги қарашларни акс эттиради.
“Ynet” нашрига кўра, сўнгги вақтларда Ҳоманаий билан учрашадиган юқори лавозимли амалдорлар ҳам унинг жойлашуви сир тутилиши учун кўзлари боғланган ҳолда ер ости бункерига олиб борилган. Хабарларда таъкидланишича, ҳатто Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши котиби Али Ларижоний ҳам Уммондаги музокараларга жўнаб кетишидан олдин Олий раҳбар билан учрашувга кўзлари боғланган ҳолда борган.
АҚШ–Исроил–Эрон уруши
Бугун, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Исроил томонидан старт берилган операция “Еҳуда қалқони” деб номланган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.
Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига «иммунитет» олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.
Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унфда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.
Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.
Live
Барчаси