Эрон Ливанга қўшин киритишни кўриб чиқмоқда
Олам
−
04 Октябрь
12382Эрон Яқин Шарқдаги воқеалар ривожига нисбатан турли хил жавоб вариантларини кўриб чиқмоқда. Улар орасида Ливан ва Голан тепалигига қўшин киритиш ҳам мавжуд. Бу ҳақда Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг (Эрон Қуролли кучларининг элита бўлинмаси) юқори мартабали ҳарбий қўмондони Моҳсин Рафиқдўст маълум қилди.
Рафиқдўстга кўра, Эрон Исроил билан тўғридан тўғри тўқнашувга киришиши мумкин ва мамлакат Қуролли кучлари бу борадаги барча вариантларни кўриб чиқмоқда. Шунингдек, у Эрон мудофаа соҳасида ўзини-ўзи тўлиқ таъминлай олиш даражасига етганини, яъни ҳарбий техникани ҳаво, ер ва сув операциялари учун мустақил равишда ишлаб чиқаришга қодирлигини таъкидлади.
“Душман Эронни мағлуб этиб бўлмаслигини ёдда тутиши керак”, дейди у.
Аммо Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Носир Канани 30 сентябрь куни Ливан ва “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатига ёрдам бериш учун Эрон қўшинларини юбориш режаси йўқлигини ва Ливан ўзини ўзи ҳимоя қилишга қодирлигини исботлаганини таъкидлаган.
Маълумот учун, Эрон 1 октябрь куни Исроилга йирик ракета ҳужуми уюштирганди. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳужум Исроил томонидан ҲАМАС, “Ҳизбуллоҳ” етакчилари ва Ливандаги Эрон қўмондони ўлдирилишига жавоб бўлганини эълон қилди. Исроил матбуотига кўра, Эрон Исроилга 200 га яқин ракета учирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қўшма Штатлар ҳукумати Исроил билан Эроннинг йирик ракета ҳужумига эҳтимолий жавоб чораларини мувофиқлаштираётгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь