Эрон қамоқхонасидаги ёнғин “сирлари” очила бошлади
Олам
−
16 Октябрь 2022
26180Эроннинг пойтахти Теҳрондаги Эвин қамоқхонасида кеча, 15 октябрь куни содир бўлган катта ёнғин ҳақида қўшимча тафсилоталар маълум бўла бошлади. Фоижа оқибатида маҳбуслардан камида тўрт киши ҳалок бўлган ва 61 киши жароҳатланган, деб ёзмоқда CNN.
Давлат ОАВларининг хабар беришича, тунда қамоқхона палаталаридан бирида маҳбуслар ва ходимлар ўртасида тўқнашувлар содир бўлган ва маҳбусларнинг омборни ёқиб юбориши катта ёнғинга сабаб бўлган.
“Бу ёнғин тикувчилик цехидаги маҳбуслар ўртасидаги муштлашув натижасида юзага келган”, деди Теҳрон губернатори Моҳсин Мансурий.
Унинг сўзларига кўра, “тўпалончилар” можарони юмшатиш учун бошқа маҳбуслардан ажратилган. Бирорта маҳбус қочиб қутулмаган. Ҳозирда қамоқхонага тинчлик қайтган ва бу ҳодиса беш ҳафтадан бери мамлакатни қамраб олган норозилик намойишлари билан боғлиқ эмас. Ёнғин бутунлай ўчирилгани айтилмоқда.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, полиция Эвинга олиб борувчи йўллар ва автомагистралларни тўсиб қўйган ва ҳудуддан камида учта кучли портлаш овози эшитилган.
Пойтахт шимолидаги қамоқхона яқинидаги йирик магистраль йўлларда тирбандлик кузатилди ва кўп одамлар норозилик намойишларига бирдамлик билдириш учун сигнал чалган. Маълум бўлишича, ҳудудда интернет блокланган.
Бугун 16 октябрь куни маҳбусларнинг оилалари қамоқхона яқинида йиғилиб, “зиндон” ичидаги яқинлари ҳақидаги хабарни кутмоқда, яъни уларнинг соғ-омонлиги ҳақида қайғурмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.
Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесмоқда. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо bermoqda. Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтишди.
Амини ўтган ҳафта пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.
Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.
Теҳронда Эрон ахлоқ полицияси томонидан Ислом Республикасининг қаттиқ кийиниш қоидаларини бузгани учун ҳибсга олинганидан кейин комага тушиб, вафот этди.
Эронда унинг ўлимидан сўнг бутун мамлакат бўйлаб мисли кўрилмаган норозилик тўлқини кузатилди, сўнгги тўрт ҳафта ичида камида 233 намойишчи ҳалок бўлди.
Мусулмон Зиё
LiveБарчаси