“Бирёқлама” баёнот ортидан Эрон элчиси Ўзбекистон ТИВга чақиртирилди

Жамият

−

image

Эроннинг Арманистондаги элчихонаси Регистон майдони ҳақида баҳсли баёнот бергани ортидан ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Али Искандарий Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.

Жорий йилнинг 19 октябрь куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Самарқандга келган эди ва у Регистон майдонидан туриб мурожаат йўллаганди. У ўз мурожаатида Самарқанд шаҳрини дунёда муҳим аҳамиятга эга кам сонли шаҳарлардан бири эканини айтган.

“Ер юзида Самарқанд каби глобал савдода тарихан муҳим роль ўйнаган жойлар камдан-кам учрайди. Бугун бу ерда бўлиб, нафақат тарихни йодга олиш, балки келажак учун имкониятлар ҳақида фикр юритиш мен учун шарафдир”, деган эди Рубио.

Унинг ушбу мурожаати Х ижтимоий тармоғида эълон қилинди. Эроннинг Арманистондаги элчихонаси эса Рубионинг постини белгилаб, Регистон форс форс цивилизациясининг бир қисми эканини ёзди.

“Тарихни ўрганаётганингиз жуда соз! Сиз турган бу жой Форс цивилизацияси ва меъморчилигининг бир қисмидир. Ўтган ҳафта Акрополда сафсата сотиб валдираган ўша цивилизациянинг ўзгинаси!” дея ёзиб қолдирилган дипломатик миссия саҳифасида.

Бундан ташқари, Эроннинг Зимбабведаги элчихонаси Регистон майдонидаги равоқларни Эрон-ислом цивилизациясига хос меъморий белги деб атаган бўлса, Болгариядаги элчихонаси Рубио Самарқандда форс мероси фонида суратга тушганини ёзган.

Маълум бўлишича, ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тегишли дипломатик чоралар кўрилган. Хусусан, жорий йилнинг 23 октябрь куни Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Али Искандарий Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган.

Эрон томонига Ўзбекистоннинг қатъий эътирозини ифодаловчи норозилик нотаси топширилган.

“Эътирозга Эроннинг хорижий давлатлардаги бир қатор дипломатик ваколатхоналари томонидан Х ижтимоий тармоғида Самарқанд шаҳрининг тарихий-маданий меросини бирёқлама ва сиёсий мақсадларда талқин қилувчи материалларнинг эълон қилиниши сабаб бўлди”, дейилади Ўзбекистон ТИВ баёнотида.

Қайд этилишича, учрашув давомида Самарқанд, Бухоро, Хива ва Ўзбекистоннинг бошқа тарихий шаҳарлари мероси кўп асрлар давомида шаклланган бой ва кўп қиррали тарихий-маданий тараққиётнинг ажралмас қисми экани таъкидланган. Самарқанднинг тарихий-маданий қиёфаси ўзбек халқининг кўп асрлик тарихи, давлатчилик анъаналари ва маданий тараққиётини акс эттириши уқтирилган.

Шунингдек, дипломатик ваколатхоналарнинг расмий ахборот ресурсларида эълон қилинадиган материаллар ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига мувофиқ бўлиши, тарихий-маданий масалаларнинг сиёсийлаштирилишига олиб келмаслиги лозимлиги урғуланган.

Эрон томонига тегишли постларни дипломатик ваколатхоналарнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан олиб ташлаш ҳамда келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик бўйича зарур чоралар кўриш талаби билдирилган.

“Ўзбекистон Эрон билан ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатларни қадрлайди. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг тарихий-маданий меросини бирёқлама талқин қилишга нисбатан принципиал позициясини сақлаб қолади”, дейилади баёнотда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг