Эрон АҚШнинг икки самолётини уриб туширди
Олам
−
09:40 3935 1 дақиқа
Эрон мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари A-10 Thunderbolt II самолётини Ҳормуз бўғози яқинида уриб туширди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
Нашрнинг маълумотига кўра, самолёт уриб туширилгач, Форс кўрфази сувларига қулаган.
Қолаверса, бошқа ОАВлар расмийларга таяниб, шу ҳудудда А-10 самолёти қулагани ҳақида ёзган. Хабарга кўра, учувчи қутқарилган, аммо ҳалокат сабаби очиқланмаган.
Бу ҳодиса сўнгги 24 соат ичида йўқотилган иккинчи АҚШ ҳарбий самолёти бўлиши мумкин. Олдинроқ Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси яна бир АҚШ қирувчи самолёти уриб туширилганини билдирган. Дастлаб у F-35 деб айтилган, аммо экспертлар бу аслида F-15E эканини аниқлаган.
АҚШ томони ҳам битта жанговар самолёт йўқотилганини тасдиқлаган. Экипаждан бир нафари қутқарилган, иккинчи учувчининг тақдири ҳозирча номаълум.
АҚШ Президенти Дональд Трамп бу йўқотишлар Эрон билан музокараларга таъсир қилмаслигини айтиб, “бу уруш” деб изоҳ берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Эронга қарши “Эпик ғазаб” ҳарбий операцияси бошидан бери 365 нафар америкалик ҳарбий жароҳат олгани, 13 нафари эса ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.