Эрон Ҳормуз бўғозини ёпиб қўйди – “Reuters”
Олам
−
28 Февраль 6206 3 дақиқа
Бугун, 28 февраль куни Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ҳарбий-денгиз флоти ултра қисқа тўлқинли радио орқали кемаларнинг Ҳормуз бўғозини кесиб ўтиши тақиқланганини эълон қилди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг “Аспидес” денгиз миссияси вакилига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Ушбу бўғоз дунёдаги энг муҳим нефть экспорт йўналиши бўлиб, у орқали Саудия Арабистони, Эрон, Ироқ ва БААдан ёқилғи етказиб берилади.
“Reuters” билан анонимлик шарти билан гаплашган расмий вакилнинг сўзларига кўра, Эрон бундай буйруқ мавжудлигини расман тасдиқламаган. Бироқ аввал ҳам Теҳрон кўп йиллар давомида Ислом Республикасига қилинган ҳар қандай ҳужумга жавобан Ҳормуз бўғозини ёпиб қўйиш билан таҳдид қилиб келган.
Бундан олдин “Bloomberg” гарчи бу йўл очиқ қолаётган бўлсада, танкерлар Ҳормуз бўғозини кесиб ўтишдан қочишни бошлагани ҳақида ёзган. Хусусан, Япониянинг Nippon Yusen KK кемачилик компанияси ўз кемаларига ушбу бўғоз орқали ўтмаслик ҳақида кўрсатма берган, Греция ҳам ўз савдо флотини огоҳлантирган.
Эроннинг “Fars” агентлиги хабар беришича, танкерлар ҳаракатининг халқаро мониторинг тизимлари Ҳормуз бўғози ҳудудида танкерлар тезлиги нолга тушганини кўрсатмоқда.
Ҳормуз бўғози орқали дунё нефтининг қарийб 20 фоизи ва суюлтирилган табиий газ таъминотининг 30 фоизигача қисми ўтади, у сайёранинг энг муҳим энергетика артерияси деб аталади.
“Агар бўғоздан ўтиш кемалар учун хавфли бўлиб қолса, улар бу йўлни фақат Ғарб давлатлари ҳарбий-денгиз кучлари ҳимоясидаги конвойлар таркибида амалга ошириши мумкин”, деб ёзди “Bloomberg”.
Нашрга кўра, бу ҳаракатни секинлаштиради, бироқ жаҳон нефть етказиб беришига жиддий таъсир кўрсатмаслиги керак.
Нефть нархи Эронга зарбалар берилиши арафасидаёқ кўтарила бошлаган, нарх бир баррель учун 73 доллардан ошди. Ҳормуз бўғози ёпилган тақдирда котировкалар 100 долларлик довондан ошиб кетиши мумкин.
АҚШ–Исроил–Эрон уруши
Бугун, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Исроил томонидан старт берилган операция “Еҳуда қалқони” деб номланган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.
Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига «иммунитет» олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.
Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.
Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.
Live
БарчасиЭрон Кипрга ҳам зарба берди
01 Март