Эрон ҳам Украинадаги урушда воситачилик қилмоқчи
Олам
−
19 Сентябрь 2023
5289Эрон Президенти Иброҳим Раисий ўз давлати Украинадаги можарони ҳал қилишда воситачи бўлишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 19 сентябрь куни Нью-Йоркда америкалик ташқи сиёсат экспертлари ва журналистлар билан учрашувда айтиб ўтди.
“Биз Украинадаги урушга қаршимиз ва унга чек қўйиш учун воситачи бўлишга тайёрмиз. Бироқ уруш америкалик солиқ тўловчилар ҳисобига давом этмоқда, уларнинг пуллари қурол ишлаб чиқарувчи компаниялар эгаларининг чўнтагига тушмоқда. Биз АҚШ расмийларига ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни тавсия қиламиз, чунки сўнгги 250 йил ичида америкаликлар бор-йўғи 20 йил давомида қуролли тўқнашув ҳолатида бўлмаган”, деган Президент.
Шунингдек, Раисий Россия Федерациясига Эрон қуроллари етказиб берилгани ҳақидаги маълумотни яна бир бор рад этган.
Қайд этиш жоизки, кўплаб Ғарб давлатлари Эронни Россияга Украинада фойдаланиш учун қурол-яроғ ва учувчисиз самолётлар етказиб беришда айблаб келади. Москва ва Теҳрон буни бир неча бор рад этган. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бундай хабарларни ёлғон деб атаган ва Россия армияси фақат маҳаллий ишлаб чиқарилган самолётлардан фойдаланишини даъво қилган. 2022 йилнинг ноябрида эса Эрон ТИВ раҳбари республика Россия Федерациясига учувчисиз самолётларни етказиб берганини тан олган, бироқ бу оз миқдорда ва Украинада уруш бошланишидан бир неча ой олдин бўлганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, Украинада уруш бошлангандан бери Туркия, Хитой, Бразилия ва Африка давлатлари воситачи бўлишни таклиф қилган.
LiveБарчаси