“Эркалатиб юбордик”: Россия телеканали эфирида навбатдаги пропаганда
Таҳлил
−
29 Январь 4383 5 дақиқа
Россия пропагандистлари Марказий Осиё малакатларини ҳаддини билишга чақирди. Бир чидадик, икки чидадик, ҳа борингки уч чидадик, ва айнан шу чидаш сабаб энди яна бир Россия пропагандисти политолог Сергей Михеев Владимир Марказий Осиё ва Кавказ малакатларини ўз хатти-ҳаракатларини билиб юришга чақирди. Унинг фикрича, Россия Марказий Осиё мамлакатларини эркалатиб юборганмиш. Михеев бу ҳақда шунчаки бир ижтимоий тармоқдаги чиқишида эмас, балки Соловёвнинг “Россия 1” телеканалидаги “Вечер с Владимиром Соловёвим” дастури эфирида гапирди.
Сергей Михеев эфирда минтақа давлатларининг ташқи сиёсатини танқид қилиб, амалда уларнинг тенг ҳуқуқли ҳамкорликка лойиқ эмасдек кўрсатган.
Михеевнинг айтишича, Москва қўшниларини кўп йиллар давомида қўллаб-қувватлаб, инқирозли вазиятларда “қутқариб”, стратегик хато қилган. Унинг фикрича, Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари Россияга сўзсиз садоқат намоён этиши шарт, аммо бунинг ўрнига мустақил сиёсат юритишга журъат қилмоқда. Айниқса, меҳнат миграцияси масаласи унинг норозилигига сабаб бўлган.
“Россия меҳнат бозоридан фойдалансада, бу мамлакатлар ўзларини “қарздор” деб тан олмаяпти ва етарлича миннатдорлик кўрсатмаяпти”, дейди у.
Михеев очиқчасига таҳдидли ишора ҳам қилган. У Украина сценарийсини эслаб, Кремлнинг “ортиқча юмшоқлиги” ва қаттиқ интизомнинг йўқлиги шундай геосиёсий “фожиаларга” олиб келаётганини айтган. Гапнинг пўскалласини айганда, “Агар биз юмшоқлик қилсак, улар ўз ҳаддини билмай қолади, бу эса аянчли воқеалар билан тугаши мумкин”, деган мазмундаги таҳдидлар билан чиққан.
Бундан ташқари, пропогандистлар Марказий Осиё мамлакатларидаги жамоатчилик фаолларининг бундай таҳдидлар қайтарган жавобини кулгига олиб, уларни асаби бузуқлар деб атаган.
“Биласизми, улар нега бунчалик асабийлашмоқда. Биринчи сабаби улар бизнинг ҳақлигимизни тан олаётган бўлса, иккинчиси биз уларни эркалатиб юбордик”, деб айтган Сергей Михеев.
Бироқ, бу сафар ҳам Ўзбекистон жамоатчилик фаоллари бир четда қараб турмади. Жумладан, Ўзбекистон журналистика ва оммавий комуникациялар университети ректори, сиёсатшунос, профессор Шерзодхон Қудратхўжа “Михеевнинг Соловёв студиясидаги бу акиллаши йўқотилган империя аламидан келиб чиққан”, дея баҳолади.
Михеев асабий маърузалар ўқийди. Соловёв бақириб сунъий кулади. Ва иккаласи ҳам империя йўқотилганидан чин дилдан хафа бўлади: бу мамлакатдан энди ҳеч ким қўрқмайди, унга итоат қилинмайди ёки коинотнинг маркази сифатида тан олинмайди. Бу масаланинг чинакам кулгили томони шундаки, улар ҳали ҳам мамлакатлар ўқувчилар эмаслигини, дунё ота-оналар мажлисимаслиги ва ҳақиқат уларнинг кечки ток-шоусидан иборат эмаслигини тушунишмаган. Улар кап-катта эркакларга ўхшаб кўринса-да, аслида қишки тайганинг бир бурчагидан келган хафа, хўрланган ўсмирлар каби ҳаракат қилишмоқда. Болалар, ростини айтсам, мен сизларга чин дилдан ачинаман. Уйғонинг — дунё ҳозир бошқача! Хоҳлайсизми ёки йўқми, бу ҳақиқат!”, деб ёзди Шерзодхон Қудратхўжа.
Шундан сўнг, у кўрсатувдаги пропагандистларга қарата “Ҳасад қилманг; бу ёмон хусусият. Доно ўзбеклар бежиз айтмаган: ҳасад билан эмас, ҳавас билан яшаш керак!”, деб жавоб қайтарган.
Январ ойининг бошида Соловёвнинг хусусий “Соловёв Ливе” кўрсатувида Марказий Осиёга нисбатан йўллаган илк кескин баёнотларига биринчилардан бўлиб жавоб қайтарган “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов “Соловёв кечаси” дастури иштирокчиларини ҳануз ўтмиш билан яшаётганлигини айтди.
Афсуски, ҳали-ҳануз телевизион студияларда ўтириб ўтган аср категориялари билан яшашга уринаётган “эксперт”ларга мурожаат қилмоқчиман. Илтимос, қулоқ солинг ва мана шу реалликни яхшилаб ёдда тутинг.
Биринчидан, Марказий Осиё ва Кавказ — бу энди кечаги минтақа эмас. Бу – очиқ, мустақил, иқтисодий жиҳатдан кучли субъэктдир. Бу ерга Хитой, Туркия, Европа Иттифоқи, шу жумладан Россия томонидан миллиардлаб инвестициялар киритилмоқда. Улар, энг аввало, барқарорликка сармоя киритмоқда.
Иккинчидан, минтақамиз давлатлари чегаралар ва бошқа баҳсли лойиҳалар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиб бўлди. Биз кўпчилик масалалар бўйича ягона келишувга келдик. Ҳозир конструктив, ягона позицияни илгари суряпмиз. Регион ҳеч қачон бугунгидек якдил бўлмаган, шунинг учун бу ерда провокация уюштиришга бўлган ҳар қандай уриниш — шунчаки вақтни бекорга сарфлашдир”, дейди Бекмуродов.
Шунингдек, у Марказий Осиёнинг демографик салоҳиятини ҳам урғулаган ва бугунги кунда минтақа ёшларининг ДНКсида бўйсуниш ҳисси йўқлигини айтган.
“Демографияга қаранг. Марказий Осиё — бу 80 миллион аҳоли, уларнинг қарийб 60 фоизи 35 ёшгача бўлган ёшлардир. Бу фаол ёшлар. Улар мустақиллик руҳида улғайган. Уларнинг ДНКсида бўйсуниш ҳисси йўқ, бундай теледастурлар билан уларни қайта тарбиялаб бўлмайди. Улар эркинликни, ўз йўлини ва мустақил давлатлар танлаган йўлни қадрлайди”, дейди Бекмуродов.
Яна бир жамоатчилик фаоли Расул Кушербоев эса бу баёнотларни Россия давлат телеканали эфирида суверен давлатларнинг мустақил ташқи сиёсати ва тенг ҳуқуқлилик тамойилига очиқ ҳурматсизлик сифатида баҳолади.
Сизларга бу таҳдидлар сценарий асосида кетаётганга ўхшамаяптими? Ҳали январ ойи тугамасдан ҳар ҳафтада пропагандачиларнинг қўштирноқ ичидаги фикрлари янграяпти. Бундан аввалги журналист Соловёв, файласуф Дугин томонидан билдирилган Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари суверенитетига нисбатан очиқдан-очиқ таҳдидли фикрларни унутмаганиз аниқ. Бири Украинага ўхшаб у ерларда ҳам ҳарбий операция ўтказиш лозим деган бўлса, бири улар Россия назоратидаги ҳудуд ва уларнинг мустақилигини тан олиб бўлмайди деб айтганди. Якунида эса ўша пропагандист Соловев олиб борган кўрсатувда 2024 йилги сайловларда Россия президенти Владимир Путиннинг ишончли вакили сифатида қатнашган, сиёсатшунос телебошловчи Сергей Михеев ҳам минтақа мамлакатлари ҳаддидан ошган деб иддао қилмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, Россия Ташқи ишлар вазири вакили Мария Заҳарова айтганидек бу баёнотлар энди “диван” таҳлилчиларининг шахсий саҳифаларидан эмас, Россия давлат телеканалидаги эфирдан туриб янграмоқда. Будан кейин Заҳарованинг “Бу бир журналистнинг шунчаки фикри холос, расмий Москванинг позициясини кўрсатмайди”, деган баҳоналари мантиқсиз ва оқлашга уринишдек бўлиб кўринаверади.
Live
Барчаси