Эрдўғаннинг партияси сайловларни кечиктиришга қарши
Олам
−
17 Февраль 2023
40952023 йил бўлиб ўтиши режалаштирилган президентлик сайловида яна амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг номзодини илгари сураётган “Адолат ва тараққиёт” партияси умумий сайловлар билан боғлиқ барча вариантларни ўрганиб чиққан ҳолда, уни кейинга қолдиришдан бош тортмоқда. Бу ҳақда “Hurriyet” газетаси манбааларга таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған сайлов ўзи таклиф қилганидек 14 май куни ўтказилишидан хавотирда эмас.
Гап шундаки, Эрдўған бундан бир неча ҳафта аввал мамлакатда кутилаётган сайлов ёз ойларида эмас, балки майнинг биринчи ярмида ўтказилиши таклиф қилганди. Давлат раҳбари бунга сабаб сифатида кўплаб фуқароларнинг ёз ойларида мамлакатни таътил сабабли тарк этиб, сайлов жараёнларида қатнаша олмаслиги билан боғлаганди. Кейинроқ у сайловни 14 май куни ўтказишни таклиф қилди. Боиси бундан 73 йил аввал, 1950 йилнинг 14 май куни Туркияда илк бор кўп партиявийликка қадам ташланган. Шу йили Аднан Мендерес ва Жалол Баяр бошчилигидаги Демократлар Отатурк таъсис қилган ва 27 йил иқтидорда бўлган “Жумҳурият халқ” партияси устидан ғалабага эришиб, мамлакат бошқарувини қўлга олган.
Хабарда айтилишича, Олий сайлов комиссияси бу жараёнда келишмовчиликлар юзага келмаслиги учун ер қимирлаши рўй берган жойлардан кўчиб кетган ҳамда воқеа ҳудудида қолганлар учун овоз беришнинг барча қулайликлари яратилиши устида иш олиб боради.
Аввалроқ, сиёсатчи Булен Аринч ҳозир сайловнинг вақти эмаслигини, фуқаролар сайлов учун эмас, ҳаёт учун курашаётганини айтиб ўтган эди. Мамлакатнинг 6 мухолифат партияси коалицияси ҳали номзодларни эълон қилгани йўқ. Туркиядаги вайронкор зилзила ортидан Эрдўған ва иқтидорга “Адолат ва тараққиёт” партиясига нисбатан эътирозлар ортган. Мухолифат ва жамоатчилик Ҳукуматдан 1999 йилдан буён йиғилаётган ва Эрдўған раҳбарлиги даврида 36 млрд доллардан ортиб маблағни ташкил қилган Зилзила солиғи қаерга сарфланганининг ҳисобини сўрамоқда. Зилзила ва унинг атрофидаги инқирозли вазият сайловларга ҳам оғир таъсир қилиши кутилмоқда.
LiveБарчаси