Эрдўғаннинг куёви Туркия Молия вазирлиги раҳбарлигидан кетди
Олам
−
09 Ноябрь 2020
6892Кеча, 8 ноябрь куни Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг куёви, Туркия Молия ва ғазначилик вазири Берат Албайроқ сўнгги кунларда унга қарши босимлар кучайиб, ижтимоий тармоқларда #albayrakistifa (Албайроқ истеъфога чиқарилсин) ҳештеги трендга чиқиши фонида истеъфо берди. Албайроқ ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилишича унинг истеъфосига соғлиги сабаб бўлган.
“Соғлигим сабабли вазир лавозимида ишлашни давом эттирмаслик тўғрисида қарор қабул қилдим”, деб ёзган Албайроқ.
Шунингдек хабарда, сиёсатчи оиласи билан кўпроқ вақт ўтказишни исташини ҳамда ҳукуматдаги беш йиллик фаолияти давомида бунга эътибор бермаганлигини ёзган.
Маълумот ўрнида, Албайроқ 2015 йилдан 2018 йилгача Туркиянинг Табиий ресурслар ва энергетика вазири бўлиб ишлаган ва 2018 йилдан бошлаб Молия ва ғазначилик вазирлигини бошқариб келаётган эди.
Аввалроқ, 7 ноябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған миллий валютанинг рекорд даражада пасайиши фонида мамлакат Марказий банки раҳбари Мурат Уйсални истеъфога чиқарган эди.
Гап шундаки, турк валюта курси кескин пасайишда давом этмоқда ва ҳатто тарихий минимал даражага етди. Жаҳон оммавий ахборот воситалари ва экспертлар ҳамжамияти турк лирасининг қадрсизланишини, биринчи навбатда, Анқаранинг Озарбайжон томонида Тоғли Қорабоғдаги урушда қатнашишга тайёрлиги ҳақидаги хабарлар билан боғлашмоқда. Эрдўған бир неча бор Бокуни қўллаб-қувватлашини ва ҳар қандай ёрдамни, шу жумладан, ҳарбийларни ҳам қўллаб-қувватлаш ниятида эканлигини очиқчасига эълон қилган.
Маълумот учун, ҳозирда лира курси бироз кўтарилиб, бир доллар 8,29 лирага тенг бўлиб турибди. Таъкидланишича, Албайроқнинг истеъфоси ортидан лира "қаддини" бироз тиклаб олган. Молия бозорлари унинг истеъфосини ижобий қабул қилган.
Фаррухжон Муродқулов
LiveБарчаси