Эрдўғаннинг куёви Алишер Саъдуллаевни “Teknofest”га таклиф қилди
Олам
−
01 Сентябрь 2022
16192Туркия Республикаси Президентининг куёви – “Bayraktar” учувчисиз ҳаво воситаларининг муаллифи Селчук Байроқдор Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор Алишер Саъдуллаевга мактуб йўллаб, уни Туркиянинг Самсун шаҳрида бўлиб ўтаётган “Teknofest Aero & Tech 2022” фестивалига таклиф қилди. Саъдуллаев ўзининг Telegram-каналида ушбу мактубни эълон қилди.
“Сиз, Жаноби Олийлари, ҳурматли меҳмонимизни Туркиянинг Самсун шаҳрида бўлиб ўтадиган Текнофест аэроконмонавтика ва технология фестивалига таклиф этишдан мамнунмиз.
2018 йилда илк бор ташкил этилган Текнофест лойиҳаси дунёнинг етакчи аэрокосмонавтика ва технология фестивалларидандир. 2019 йилда хорижий давлатлардан 1,7 миллион шахсан ташриф буюрувчилар ва яна кўплаб қизиқувчиларга мезбонлик қилган Текнофест шу йили дунёнинг энг йирик авиация кўргазмасига ҳам айланди.
Турли давлатлар талабаларида ўртасида конкурслар ва мудофаа технологияларини намойиш этиш баробарида Текнофест турли давлатлар ҳаво кучларининг ер ва ҳаводаги имкониятларини намойиш этиш учун идеал платформа бўлиб ҳам хизмат қилади”, дейилади мактубда.
Қайд этилишича, Текнофест Туркия Республикаси Саноат ва Технология вазирлиги ва давлат ва хусусий секторнинг бошқа ҳиссадорлари билан ҳамкорликда Т3, Туркия Технология Жамоаси Фонди томонидан ташкил этилади.
“Фестивальнинг асосий мақсади ёшларни юқори даражали технологиялар ва аэрокосмонавтика соҳалари билан фаолиятини боғлашини қўллаб-қувватлаш. Сўнгги пандемияга қарамай, 2020 йилда 84 давлатдан 20000 та жамоа ва 100 000 ёшлар 21 та категория бўйича технология конкурсларига ариза топширди. Ҳайратланарли ҳаво шоулари ва бутун дунёдан ташриф буюрган ҳаво кучлари тузилмаларининг ҳолатини намойиш этувчи кўргазмалар билан бир қаторда, мусобоқалар иштирокчилари уларнинг фаолиятида ва ютуқларида ҳисса қўшиш учун иштирок этган экспертлар, муҳандислар, академиклар томонидан ташкил этилган онлайн тренинглар, ўқув комплекслари ва “Савол-жавоб” сессияларида ҳам қатнашиш имконига эга бўлдилар.
Сизни мазкур ноёб ҳодисанинг иштирокчиси бўлишга чин дилдан таклиф қилиб қоламан”, деб ёзган Селчук Байроқдор.
Шунингдек, у Саъдуллаевга агар фестивалга ташриф буюрса Ўзбекистон делегациясини тўлиқ турар жой билан таъминлашга ваъда берган.
Маълумот учун, “Bayraktar” ишлаб чиқарувчиси Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг қудаси саналади. Учоқларнинг асл муаллифи унинг куёви Селчук Байроқдор.
Bayraktar дрони
“Bayraktar TB2” – Туркиянинг Baykar Makina компаниясининг узоқ парвоз қила оладиган ҳужумкор разведкачи дрон. Унинг максимал тезлиги 222 км/соат, қанотлари кенглиги 12 м, қурилма ҳавода 24 соатгача туриши мумкин, дроннинг амалий шифти эса 8,2 минг м.
Дрон учиш масофаси 0,5 дан 8 кмгача бўлган иккита лазерли бошқариладиган UMTAS танкга қарши ракеталари ёки Туркиянинг Roketsan компаниясининг тўртта Bozok, MAM-C ёки MAM-L бошқариладиган аниқ бомбалари билан қуроллантирилади.
Бундай турдаги дронлардан Қорабоғ, Сурия ва Ливиядаги жанговар ҳаракатларда фойдаланилган. Айни пайтда “Bayraktar TB2” дронлари Озарбайжон, Қатар, Ливия, Марокаш, Польша, Жибути, Украина армиялари ҳамда Қирғизистон Чегара хизматида мавжуд.
ОАВ маълумотларига кўра, ушбу қурилмалар аллақачон 22 давлатга, жумладан Марокаш, Нигер ва Эфиопияга сотилган.
LiveБарчаси