Эрдўғаннинг ишонгани молиявий фирибгарлик сабаб ҳибсга олинди
Таҳлил
−
18:39 755 6 дақиқа
Туркиянинг собиқ оила ва ижтимоий сиёсат вазири, “Адолат ва тараққиёт партияси” (АТП) собиқ раис ўринбосари Фатма Бетул Саян Кая фондлар билан боғлиқ молиявий тергов доирасида ҳибсга олинди. Бу ҳақда “TRT Haber” хабар берди.
Нашрга кўра, Кая Туркиянинг “Капитал бозори тўғрисида”ги қонунини бузиш ҳамда жиноят содир этиш мақсадида тузилган ташкилотга аъзо бўлишда гумон қилинмоқда. Унинг турмуш ўртоғи Илёс Кая ҳам мазкур иш доирасида гумонланувчи сифатида сўроқ қилинган. Илёс Кая рафиқаси сингари “Ўзата Денизчилик” компанияси акцияларини сотиб олиш ва сотиш операцияларини амалга оширган. Тергов айнан шу битимлар ҳамда улардан тушган маблағлар ҳаракатини ўрганмоқда.
Мазкур ишга алоқадор яна бир шахс – Иброҳим Ўмер Гўнул эса Туркия Капитал бозори кенгашининг (ТКБК) собиқ раиси ҳисобланади. У ҳам фондлар билан боғлиқ молиявий операциялар юзасидан олиб борилаётган тергов доирасида гумонланувчи сифатида сўроқ қилинган. Бироқ унинг Кая билан бевосита қандай алоқаси борлиги ёки айнан қайси ҳаракатларда гумон қилинаётгани ҳақидаги тафсилотлар ҳозирча очиқланмаган.
Суд қарорига кўра, ҳар икки шахс – Илёс Кая ва Ўмер Гўнул мунтазам равишда тегишли органларга келиб имзо қўйиши ва мамлакатдан чиқмаслиги шарти билан озод қилинган.
Истанбул Бош прокуратураси ҳузуридаги “Терроризмни молиялаштириш ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш” бўлими томонидан олиб борилаётган тергов доирасида Фатма Бетул Саян Кая бугун, 6 ноябрь куни иккинчи бор сўроқ қилинган. Шундан сўнг, у ҳибсга олиш тўғрисидаги илтимоснома билан судга юборилган. Сулҳ суди прокуратура талабини қаноатлантириб, Каяни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган.
Ўзи нима бўлган?
Мазкур терговга Кая ва унинг турмуш ўртоғининг “Ўзата” денгизчилик саноати ва савдо акциядорлик жамияти (ЎЗАТД) компанияси акциялари билан боғлиқ операциялари сабаб бўлган.
Очиқ маълумотларга кўра, Фатма Бетул Саян Кая 2026 йилнинг 8 апрель куни компаниянинг қарийб 250 минг лот акциясини 63,359 миллион лирага сотиб олган. Унинг турмуш ўртоғи Илёс Кая эса тахминан 150 минг лот акция учун 99,687 миллион лира сарфлаган. Шу тариқа, эр-хотиннинг акцияларга киритган жами маблағи 163,046 миллион лирани ташкил этган.
Кейинчалик ушбу акцияларни сотиш орқали Фатма Бетул Саян Кая тахминан 1,344 миллиард лира, унинг турмуш ўртоғи эса 826 миллион лира олгани ҳақида маълумотлар тарқалди. Умумий ҳисобда, операциялар орқали қарийб 2,17 миллиард лира маблағ чиқарилган.
Мазкур операциялар сентябрь ойида, Туркияда 131 та инвестиция фондни тугатиш билан боғлиқ қарорлар ва молиявий бозорлар атрофидаги можаро авж олган даврда жамоатчилик эътиборига тушди.
Прокуратуранинг судга тақдим этган ҳужжатида қайд этилишича, Фатма Бетул Саян Кая жорий йилнинг апрель ойида сотиб олган ЎЗАТД акцияларини 16 сентябрь куни “Тера Инвестиция қимматли қоғозлар” компаниясига вирман, яъни бир ҳисобварақдан бошқа ҳисобвараққа ўтказиш орқали топширган.
Компания акцияларни сотишдан тушган маблағни айнан шу куни Кая ҳисобварағига ўтказган. Фондларни тугатиш тўғрисидаги қарор эса 17 сентябрь куни қабул қилинган. Прокуратура ҳужжатида ушбу операциянинг вақти алоҳида шубҳали ҳолат сифатида кўрсатилган. Чунки ЎЗАТД акциялари бўйича одатий ҳисоб-китоб муддати T+2, яъни сотувдан кейин икки иш куни бўлишига қарамай, Каяга тегишли акциялар T+0 тартибида, воситачилик компаниясига ўтказиш орқали расмийлаштирилган ва маблағ шу куннинг ўзида ҳисобга тушган.
Шунингдек, Капитал бозори кенгаши (КБК) томонидан тайёрланган ҳисоботда Кая оммага ошкор қилинмаган, акция нархи ва инвесторлар қарорларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган маълумотларга эга бўлган бўлиши мумкинлиги қайд этилган. Прокуратура Tera гуруҳи таркибидаги компания ва фондлар ҳам ЎЗАТД акцияларини катта миқдорда сотиб олганини аниқлаган. Кая эса Tera гуруҳи раҳбарларидан Эрдин Ўзел билан аввалдан таниш бўлганини ва инвестиция даврида у билан тез-тез учрашганини билдирган. Шунингдек, гуруҳ директорлар кенгаши раиси Эмре Тезмен билан ҳам мулоқот қилганини айтган.
Прокуратура ушбу алоқалар, инвестиция миқдори ва акцияларни топшириш вақтини биргаликда баҳолаб, Кая фондларни тугатиш тўғрисидаги қарордан олдиндан хабардор бўлган бўлиши мумкинлигини илгари сурмоқда.
Фатма Бетул Саян Кая ва унинг турмуш ўртоғи 7 октябрь куни берган дастлабки кўрсатмаларида ўзларига қўйилган айбловларни рад этган. Кая инвестиция қарорини мустақил қабул қилганини, ҳеч ким унга йўл-йўриқ кўрсатмагани ва махсус маълумот бермаганини билдирган. Илёс Кая эса 2026 йилнинг апрель ойида тахминан 150 минг лот акция сотиб олгани, уларнинг бир қисмини августда, қолганини сентябрда сотганини айтган. У операциялар қонунчилик доирасида амалга оширилганини ва манипуляцияга йўл қўймаганини таъкидлаган.
Эр-хотин инвестициялардан олинган даромад сифатида кўрилган маблағларни Омонатларни суғурталаш фонди (ОСФ) кўрсатган ҳисобвараққа ўтказишга рози бўлган. 5 октябрь куни Кая жуфтлигининг дастлабки инвестиция капиталидан ташқари қарийб 1 миллиард 860 миллион лирани ОСФга қайтариш жараёни бошланган. Ушбу маблағларни етти банкдаги ҳисобварақлардан “Бирлашган фонд банки” ҳисобварағига ўтказиш учун прокуратура томонидан тегишли кўрсатмалар берилган.
Бироқ маблағнинг қайтарилиши операциялар қонуний бўлганини англатмайди. Тергов органлари акциялар савдосида махфий маълумотлардан фойдаланилганми ёки йўқлигини ўрганишда давом этган.
Кая ким?
Фатма Бетул Саян Кая аввалроқ Туркия сиёсатида юқори лавозимларни эгаллаган. У 2016 йилда Бинали Йилдирим ҳукуматида Оила ва ижтимоий сиёсат вазири этиб тайинланган. Кейинчалик Истанбул депутати бўлган ва “Адолат ва тараққиёт партияси” (АТП) раҳбариятида фаолият юритган. 2026 йилнинг сентябрида у партия раис ўринбосари лавозимида ишлаётган эди. Фондлар билан боғлиқ можаро ортидан Кая аввал партиядаги раҳбарлик лавозимидан истеъфога чиққан. 7 октябрь куни эса АТП Бош котиби Эйюп Қодир Инан унинг эндиликда партия аъзоси ҳам, вакили ҳам эмаслигини маълум қилган.
Кая қандай жазога тортилиши мумкин?
Фатма Бетул Саян Каяга қўйилган айбловлардан бири – оммага ошкор қилинмаган маълумотлардан фойдаланиб, капитал бозорида манфаат кўриш. Туркиянинг “Капитал бозори тўғрисида”ги қонуни 106-моддасига кўра, бундай қилмиш учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки суд томонидан белгиланадиган пул жаримаси назарда тутилган. Пул жаримаси тайинланган тақдирда, унинг миқдори олинган манфаатнинг камида икки бараварини ташкил этиши керак.
Иккинчи айблов – жиноят содир этиш мақсадида тузилган ташкилотга аъзо бўлиш. Туркия Жиноят кодексининг 220-моддасида ушбу жиноят учун 2 йилдан 5 йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Агар суд Каяни ҳар икки айблов бўйича ҳам айбдор деб топса ва биринчи айблов учун озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинласа, назарда тутилган жазолар йиғиндиси 5 йилдан 10 йилгача бўлиши мумкин.
Ҳозирча бу муддатлар қонунда назарда тутилган жазо чегаралари бўлиб, Каянинг айби суд томонидан исботланмаган. Унга нисбатан тергов ва суд жараёни давом этмоқда.
Live
Барчаси