Эрдўғанга ҳурматсизлик, самолётдаги жанг ва Қирғизистоннинг сунъий йўлдоши
Review
−
17:00 1394 17 minutes
Дубайдан учган самолёт кабинасида қонли тўқнашув! Иккинчи учувчи учоқ капитанини ўлдириб, самолётни Исроилдаги осмоноўпар бино устига қулатмоқчи бўлгани айтилмоқда. Аммо бахтли тасодифни қарангки, ҳаво кемасида исроиллик докторлар ва захира учувчилари бўлган экан!
Зеленский Киевдан қочиб кетиши мумкин. Сиёсий таҳлилчи шундай демоқда. Бироқ Украина президенти ўз давлатида баллистик ракета ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани билан мақтанмоқда. Хўш, кимнинг гапига ишонасиз?
Эрдўғанга нисбатан очиқ ҳурматсизлик. Туркия президенти нутқ сўзлаётганида мухолифатчилар ошкора зални тарк этди. “Кимнидир эшитиб туришга вақтимиз йўқ”, деди улар. Анқарада сиёсий зиддиятлар авж оляпти.
Россия инсон аралашувисиз – тўлиқ автоматик режимда бутун дунёни йўқ қила оладиган “Ўлик қўл” тизимини янгилади! Мамлакат раҳбарияти ҳалок бўлган тақдирда ҳам, ядровий ракеталар қасос олиш учун ўз-ўзидан учади.
Самолётдаги қонли жанг
Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Яқин Шарқ авиация тарихида ва минтақавий сиёсатда камдан-кам учрайдиган, мураккаб ҳамда кўплаб саволларни келтириб чиқарган ҳодиса юз берди. Дубайдан Тель-Авивга йўл олган Flydubai авиакомпаниясининг Boeing 737 MAX 8 самолётида, учувчилар хонасида қонли жанг бўлган. 174 нафар йўловчи, жумладан 27 нафар бола ва экипаж аъзолари бўлган лайнер кутилмаганда пастга қулашни бошлаган. Одамлар қўрқиб кетган, бақир-чақир бошланган, аммо шу пайтда ҳам ҳаммасини телефонига ёзиб олганлар бўлган.
Парвоз бошланганидан тахминан бир ярим соат ўтгач, самолёт дастлаб халқаро авиацияда умумий фавқулодда ҳолатни билдирувчи 7700 кодини узатган. Бироқ орадан бир неча дақиқа ўтар-ўтмас, бортдан 7500 коди – яъни самолётни ноқонуний эгаллаб олиш ёки олиб қочиш ҳолатини англатувчи сигнал берилган. Кейинчалик маълум бўлишича, самолёт жуда қисқа вақт ичида – бор-йўғи 37 сония ичида тахминан 4,6 минг метр баландликни йўқотган ва кескин пастлай бошлаган. Сигнал ва баландликнинг бирдан тушиб кетиши ортидан исроил Ҳарбий-ҳаво кучлари зудлик билан ҳаракатга келиб, ҳарбийлар эҳтимолий терактнинг олдини олиш мақсадида қирувчи самолётларни ҳавога кўтарди. исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Мудофаа вазири Исраэль Кац зудлик билан фавқулодда маслаҳатлашувлар ўтказишга мажбур бўлди.
Воқеа жойидан ва манбалардан олинган дастлабки хабарлар ахборот маконида бироз чалкашлик ва ҳатто сиёсий манипуляцияларга сабаб бўлди. Дастлабки хабарларда учувчилар Россия ва Украина фуқаролари экани ҳақида асоссиз даъволар тарқалди. Масалан, россиялик тарғиботчи Владимир Соловьёв ўз Telegram-каналида: “Иккинчи учувчи – украиналик россиялик капитанга бир неча бор пичоқ жароҳати етказди”, деб ёзиб, вазиятдан сиёсий очко ишлашга уринди. Бироқ тез орада бу маълумотлар мутлақо ёлғон экани тасдиғини топди.
Кейинчалик “Ynet”, “Walla” ҳамда “The Telegraph” каби етакчи халқаро ва Исроил нашрлари тарқатган расмий ҳамда аниқлаштирилган маълумотларга кўра, самолёт капитани Ҳиндистон фуқароси Смит Маччхар бўлган, унга ҳужум қилган иккинчи учувчи эса Оман фуқароси экани маълум бўлди. Исроил махсус хизматлари ва “The Telegraph” нашри суҳбатлашган 3 та манбанинг таъкидлашича, иккинчи учувчи самолёт бошқарувини эгаллаб олиб, уни Тель-Авивдаги осмоноўпар бинолардан бирига уришни ҳамда бортдаги 150 нафарга яқин исроиллик йўловчилар билан бирга ҳалокатга учратишни режалаштирган. 2001 йил 11 сентябрь воқеаларини эслатяптими сизга ҳам?
Кабина ичида содир бўлган қонли тўқнашув тафсилотларини эса Капитан Смит Маччхар кейинчалик Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан видеомулоқот чоғида очди:
“Ўша пайтда мен ўз ҳаётим учун курашаётган эдим. Жуда оғир жароҳат олганимдан йиқилиб тушдим. Хаёлимдан: “Агар қайтиб оёққа тура олмасам-чи?” деган фикр ўтди. Полда ётганимда самолёт пастга шўнғиётганини ҳис қилдим. Бунинг нима билан якунланишини аниқ тушуниб турардим. Мени калтаклашда давом этаётганига қарамай, шунчаки эшикни очдим. Шунда ичкарига бошқалар кириб келишди”.
17 йиллик парвоз тажрибасига эга бўлган капитан Маччхарга чўнтак пичоғи билан оғир жароҳат етказилган. Унга бортда бўлган исроиллик шифокорлар ёрдам берган. Самолёт бошқарувини эса ушбу рейсда йўловчи сифатидаги ва келгуси рейсни бажариши керак бўлган захирадаги икки нафар учувчи ўз қўлига олиб, лайнерни Саудия Арабистонининг Табук аэропортига хавфсиз қўндиришга муваффақ бўлди.
Зўр тасодиф-а? Бир учувчи яраланар экану, лекин бортда ҳам шифокор, ҳам ҳамшира бўлиб, унинг ҳаётини сақлаб қолади. Бири қўлга олингани, иккинчиси жароҳатлангани учун учувчисиз қолган самолётда йўловчи бўлиб кетаётган бошқа учувчилар ҳам бўлиб, вазиятни назоратга олар экан. Ҳа, бир қарашда шубҳаланишга арзийдигандек маълумот. Аммо дунё авиация тажрибасида узоқ масофали сафарларга бир томонга бошқа учувчилар, қайтишга эса бошқа экипаж аъзолари жалб қилиниши аллақачон одатга айланган.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху “Fox News” телеканалига берган интервьюсида ушбу ҳужумчини зарарсизлантиришда жонбозлик кўрсатган фуқаро оддий сантехник эканини алоҳида таъкидлаб ўтди. Самолёт Табук аэропортига қўнгач, Саудия Арабистони ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳужумчи – Оман фуқаросини ҳибсга олди ҳамда кейинчалик уни БААга топширди. Ҳозирда унга нисбатан терроризм моддаси бўйича тергов олиб борилмоқда. БАА Президентининг дипломатик масалалар бўйича маслаҳатчиси Анвар Гаргаш содир бўлган воқеани расман “хавфли террорчилик ҳаракати” деб баҳолади. Исроил Мудофаа вазири Исраэль Кац эса воқеани “жиҳодга уриниш” деб атади. Шунга қарамай, Flydubai авиакомпаниясининг расмий вакиллари тергов якунланмагунича барвақт хулосалар чиқармасликка чақирмоқда.
Эрдўған нутқи тингланмади
Туркиянинг қизғин сиёсий саҳнасида навбатдаги кескинлик. Мухолифат Эрдўғаннинг нутқини тинглашни хоҳламай, президент сўзлаётганида зални тарк этди. Жорий йилнинг 1 октябрь куни Туркия Буюк Миллат Мажлиси 28-чақириқ 5-қонунчилик йилининг очилиши муносабати билан ўз ишини расман бошлади. Анқарадаги парламент биносида соат 14:00 да Мажлис раиси Нўмон Куртулмушнинг янги конституция яратиш зарурати ва мамлакатдаги жамғарма инқирозига оид маърузаси билан бошланган йиғилиш кейинчалик мухолифатчиларнинг ошкора сиёсий кураш майдонига айланди.
Воқеалар ривожи мамлакат Президенти Режеп Тайип Эрдўған маъруза қилиш учун минбарга таклиф этилганида кескин тус олди. Минбарга Эрдўған кўтарилаётган пайтда “Янги партия” (Yeni Parti), “Яхши партия” (İYİ Parti) ҳамда “Республика халқ партияси” (Cumhuriyet Halk Partisi) депутатлари ўринларидан турмай, унга нисбатан ўзларининг эътирозли позициясини намойиш этди. Истиқлол марши (Мустақиллик мадҳияси) ўқилиб, сукут сақлаш маросими поёнига етгач, Эрдўған ўз нутқини бошламоқчи бўлган сонияларда Ўзгур Ўзел бошчилигидаги “Янги партия” депутатлари бирин-кетин зални тарк эта бошлади. Эрдўған минбарда турганча бир муддат “Янги партия” сафларидаги ўриндиқлар бўшаб қолишини жим кузатишга мажбур бўлди, ушбу ноқулай сукунатни эса ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт партияси” (Adalet ve Kalkınma Partisi) сафидан янграган қарсаклар босиб кетишга уринди.
Аслида, бу каби кескин қадамни парламент залидаги кўпчилик кутмаган эди. Бўлиб ўтган воқеадан бир кун аввал, яъни 30 сентябрь куни Ўзгур Ўзел “Medyascope” нашрига берган интервьюсида босиқроқ баёнот берган ва парламент очилишини шунчаки иштирок билан чеклашини қайд қилган эди:
Эртага Мажлисдаги ўзимизнинг ўрнимизни эгаллаймиз, мажлисда иштирок этамиз. Сўнгра ҳамкасбларимиз ўз сайлов округларидаги дастурлар учун жўнаб кетишади”, деган эди у.
Зални тарк этаётган вақтда журналистларнинг саволларига жавоб берган Ўзгур Ўзел мазкур қарорининг сабабларини очиқ ва қатъий оҳангда тушунтириб ўтди. У мамлакатда суд тизими ва маҳаллий ҳокимият органларига нисбатан тазйиқлар ўтказилаётганини таъкидлади:
“Асосий мухолифат партияси сифатида Мажлис очилишида иштирок этдик, Мажлис раисининг нутқини тингладик, Истиқлол маршимизни ўқидик. Бундан буён партиямизга нисбатан суд тўнтаришини амалга ошириб, партия бош раиси ва раҳбариятини ўзгартириб, ўрнига ўзига маъқул бўлган тайинловни бажарган, президентликка номзодимизни қамоққа ташлаган, бугун эрталаб Туркия шаҳар ҳокимликлари уюшмаси сайловларида ғалаба қозониш учун айбсиз ва гуноҳсиз Мерсин шаҳар ҳокимига қарши операция уюштирган кимнидир эшитишга сарфлайдиган вақтимиз йўқ”, деди у.
Мазкур баёнотдан сўнг Ўзел парламент биносида ўз партиясининг Марказий ижроия кенгашини фавқулодда йиғилишга тўплади.
Халқаро ва маҳаллий кузатувчиларнинг таъкидлашича, Ўзгур Ўзелнинг бу хатти-ҳаракати унинг ўтмишдаги сиёсий тактикасининг давоми ҳисобланади. Аслида Ўзел “Республика халқ партияси” етакчиси сифатида 2025 йилда ҳам Мажлиснинг очилиш маросимини бойкот қилган ва бу қадами турк сиёсий жамоатчилигида кенг баҳсларга сабаб бўлган эди. Эндиликда эса у “Янги партия” раҳбари сифатида янги қонунчилик йилини яна бир бор Эрдўған ҳукуматига қарши очиқ протест билан бошлади. Мухолифат вакилларининг фикрича, ҳукумат суд тизимидан фойдаланиб, мухолиф партияларнинг ички ишларига аралашмоқда ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органларига, хусусан Мерсин шаҳар ҳокимлигига нисбатан босим ўтказмоқда.
Туркияда Эрдўған бошчилик қиладиган Ҳукмрон партия парламентда янги конституция ислоҳотларини илгари суришга уриняпти. Табиийки, бу мухолифат томонидан “ўз-ўзига шароит ҳозирлаш” сифатида ёмон баҳоланади. Бу эса Анқарада яқин ойларда қонун чиқарувчи органдаги баҳслар янада шиддатли ва муросасиз кечиши аниқ дегани.
Украина атрофида ҳарбий гирдоб
Жорий йилнинг сентябрь ойи охири ва октябрь ойи бошига келиб, Украина атрофидаги ҳарбий ва геосиёсий вазият бир вақтнинг ўзида ҳам фронт чизиғида, ҳам халқаро дипломатия саҳнасида ўта кескин ва мураккаб тус олди. Бир томондан Киев ўзининг ҳарбий-саноат салоҳиятини намойиш этиб, ички имкониятлар эвазига яратилган янги қуролларни синовдан ўтказаётган бўлса, иккинчи томондан фронт ортидаги молиявий, дипломатик ва ички сиёсий босимлар тобора ортиб бормоқда.
Ҳарбий фронтдаги энг шов-шувли воқеалардан бири – Украинанинг ўзида ишлаб чиқарилган “FP-7” тактик баллистик ракетасининг илк бор жанговар шароитда қўлланилиши бўлди. Украина Президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram-каналида буни маълум қилди:
“Украинанинг тактик баллистик ракетаси – FP-7. Биринчи жанговар қўлланиш. Натижа учун раҳмат. Эндиликда асосий вазифа ушбу ракеталарни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдан иборат”, деди Зеленский.
“Fire Point” компанияси томонидан яратилган ушбу ракета қуруқликдаги қурилмадан учирилиб, 200 километргача бўлган масофадаги нишонларни уриши ва 150 килограммгача жанговар каллак олиб юриши мумкин. Компания ҳамраиси ва бош конструктори Денис Штилерман ушбу қуролни АҚШнинг машҳур Армия тактик ракета тизимига қиёслаб, у Американинг аналогидан тахминан 2,5 баробар арзон тушишини билдирди. Компания бош директори Ирина Терех эса сентябрь ойида ракета синовлардан муваффақиятли ўтганини маълум қилган эди. Бундан ташқари, компания 850 километргача уча оладиган “FP-9” ракетасини ҳам синовдан ўтказмоқда.
Бироқ ҳарбий соҳадаги бундай силжишлар фонида Киевнинг халқаро муносабатларида жиддий дарз кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Хусусан, Жанубий Корея билан юзага келган дипломатик жанжал бунга ёрқин мисолдир. Украина Президенти Владимир Зеленский 2026 йил 28 сентябрь куни эълон қилган постида Россия ҳудудида 8 мингдан ортиқ Шимолий Корея ҳарбийси борлигини ва яна 10 минг киши юборилишга тайёрланаётганини айтди. Бу баёнот ортидан Киев ва Сеул ўртасида парда ортида кечган пинҳона келишув ошкор бўлиб қолди. Украина асир тушган икки Шимолий кореялик маҳбусни Жанубий Кореяга бергани маълум бўлди. Жанубий Корея Президенти Ли Чжэ Мён X (Twitter) тармоғида кескин муносабат билдирди:
“Шимолий кореялик ҳарбий асирларни репатриация қилиш масаласи бўйича Украина томони маълумотларни ошкор қилмасликни сўради ва биз уни сир сақлашга келишиб олгандик. Бироқ Украина бир томонлама тартибда бу маълумотни ошкор қилди”.
Сиёсатчининг таъкидлашича, Сеул расмий кечирим сўрашни талаб қилганда, Киев дипломатик этикетни четга суриб, ўзини худди ҳеч қандай келишув бўлмагандек тутган ва Жанубий Корея Президентини амалда ёлғончига чиқарган. Ли Чжэ Мён Украина ҳаракатларини “Корея яриморолида уруш бошланишига туртки беришга уриниш” деб атади ва агар Киев ошкора кечирим сўрамаса, Сеул қатъий чора кўришидан огоҳлантирди. Вазиятни юмшатиш мақсадида Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига муносабат билдирди:
“Жанубий Корея биз учун муҳим… Биз ушбу дипломатик тушунмовчиликни ҳал қилишни чин дилдан хоҳлаймиз”, дея баёнот беришга мажбур бўлди у.
Шу билан бирга, Океан ортидан келаётган хабарлар ҳам Киев учун унчалик яхши эмас. “The Washington Post” нашрининг ёзишича, Трамп администрацияси Конгресс тақиқини четлаб ўтиб, Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларига, жумладан Украинани қўллаб-қувватлашга мўлжалланган 52 миллион доллар ҳарбий ёрдам маблағларини Лотин Америкаси давлатларига (Панама, Перу, Эквадор ва Колумбияга) наркотерроризмга қарши кураш баҳоси билан йўналтириб юборди. 30 сентябрь куни кечқурун Администрация бу ҳақда Конгрессни яширинча хабардор қилган, бу эса сенатор Жинн Шейхин ва Грегори Микс каби қонунчилар ҳамда Давлат котиби Марко Рубио ўртасида жиддий эътирозларга сабаб бўлди.
Вазиятнинг бундай мураккаблашуви фонида, халқаро майдонда сулҳ бўйича турли таклифлар илгари сурилмоқда. 1 октябрь куни Украина ТИВ раҳбари Андрей Сибига Киев Москва билан ўт очишни тўхтатиш бўйича Ҳиндистон, Туркия, Миср ва АҚШдан 4 та таклиф олганини айтди. Ҳиндистон таклифи энергетика ва Қора денгизда бир вақтнинг ўзида сулҳ ўрнатишни назарда тутса, Туркия ва Миср денгиздаги дон экспорти хавфсизлигига урғу бермоқда. АҚШ эса энергетика объектларига зарбаларни ўзаро тўхтатишни таклиф қилган. Бироқ 1 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин бу каби чекланган таклифларни, хусусан НҚЗлар ва кемаларга зарбаларни тўхтатиш ғоясини “маъносиз” деб атаб, масалани фақат комплекс ва ўзаро манфаатларни инобатга олган ҳолда кўриб чиқиш мумкинлигини билдирди.
Аммо 1 октябрга ўтар кечаси Россия кучлари Украина шаҳарларига дронлар орқали навбатдаги зарбаларни берди. Киев мэри Виталий Кличконинг маълум қилишича, дронлардан бири Соломенский туманидаги мактаб биносига ва 16 қаватли тураржой биносига урилган. Одессада эса бизнес-марказ ва инфратузилма объектлари шикастланган.
Муаммолар ва инфратузилманинг издан чиқиши Украина ичидаги кайфиятга ҳам таъсир ўтказмай қолмаяпти. Британиялик сиёсатшунос Александр Меркурис “The Duran” каналида берган интервьюсида, Киевдаги оғир шароит ва транспорт тугунларининг заифлашуви сабабли Зеленский ва ҳукумат пойтахтни тарк этиб, мамлакат ғарбига кўчиши реал эҳтимолга айланаётганини айтди. Украинанинг собиқ президенти матбуот котиби Юлия Мендель ҳам пойтахтни тарк этаётганлар сони ортганини тасдиқлаб, аҳоли ҳукуматдан “кенг кўламли пиар ва ўғриликдан бошқа ҳеч нарса олмаётганини” ва инқилобий кайфият шаклланиб бораётганини таъкидлади. Собиқ депутат Килинкаров каби баъзи таҳлилчилар эса можаро якунлангач, Зеленский ҳатто Исроилга кетиши мумкинлиги ҳақида фаразларни илгари сурмоқда.
Россияда ёнғинлар
Россияда ҳам вазият у қадар зўр эмас. Украинанинг кетма-кет зарбалари техноген инқирозларга сабаб бўлганди. Энди эса Россия ичкаридан ёняпти.
Жорий йилнинг 1 октябрь куни Россиянинг Москва вилоятида жойлашган ва “Ростех” давлат корпорациясига қарашли Краснозаводск кимё заводида кучли портлаш содир бўлди. Маҳаллий аҳолининг гувоҳлик беришича, корхонада кетма-кет 3 та кучли портлаш овози эшитилиб, атрофда уйлар силкинган, шундан сўнг объектда ёнғин бошланган. Портлаш заводнинг 4-цехида юз берган ва ушбу бино тўлиқ қулаб, вайроналар остида одамлар қолиб кетган. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида камида 7 киши ҳалок бўлган ва ўнлаб ишчиларнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Бинодан 40 га яқин ходим эвакуация қилинган. Фавқулодда хизматлар воқеани техноген хусусиятга эга деб баҳолади. Тезкор хизматлар ҳудудда ҳаво ҳужуми ҳақида хабар берилмаганини таъкидламоқда, бироқ уруш шароитида ҳарбий-саноат мажмуи объектларидаги бундай ҳалокатлар Россия ички саноат хавфсизлигидаги жиддий инқирозларни кўрсатиб беряпти.
Худди шу куни, яъни 1 октябрь кечки соат 20:11 ларда Санкт-Петербург шаҳрининг тарихий марказида – Исаак майдонида жойлашган XVIII асрга оид машҳур Миллер саройида ҳам улкан ёнғин юзага келди. Олов тезлик билан 2 минг квадрат метр майдонни қамраб олиб, бинонинг томи қулаб тушган ҳамда олов қўшни бинодаги меҳмонхонанинг 250 квадрат метр қисмига ўтган. Шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакили Андрей Литовка ёнғин вақтида бинодаги ёғоч қаватлар, мураккаб режалаштириш ва юқори ҳарорат оловнинг шиддат билан тарқалишига сабаб бўлганини билдирди. “Fontanka” нашрининг манбаларига кўра, фавқулодда хизматлар қасддан ўт қўйиш версиясини ҳам кўриб чиқмоқда. Эътиборлиси, қиймати 700 миллион рубльдан ортиққа баҳоланган ва “ТАС” компанияси томонидан элита уй-жойига мослаштириш режалаштирилган ушбу объектда айнан 1 октябрь куни реставрация олди тайёргарлик ишлари бошлангани эълон қилинган эди. Саноат ва маданий мерос объектларининг кетма-кет аланга олиши Россия шаҳар инфратузилмаларида назорат ва хавфсизлик механизмлари издан чиққанини англатади.
Аммо Россиянинг ҳарбий-стратегик режалари кўпчиликни хавотирга солишда давом этмоқда. “Досье” маркази, “Danwatch” ва “The Sunday Times” тадқиқотчиларининг махфий ҳужжатлар ва давлат харидлари материалларига таяниб эълон қилган хабарига кўра, Россия тоғ ичида дунёни портлатишга тайёр турадиган “ақлли” ва автоматлаштирилган ядровий тугмани яширган. У “Ўлик қўл” деб аталади.
Свердловск вилоятининг шимолидаги Косьвинский Камень тоғи ичида барпо этилган бу ақлли қурол қандай ишлайди? Тасаввур қилинг, душман кутилмаганда Россияга ҳужум қилди ва барча раҳбарларни (Президент, генераллар, қўмондонларни) йўқ қилди. Одатда бундай пайтда буйруқ берадиган одам қолмайди. Лекин бу тизим махсус датчиклар орқали мамлакатда нима бўлаётганини кузатиб туради. Агар раҳбарлар ҳалок бўлганини ва мамлакатга ядро зарбаси берилганини билса, инсон аралашувисиз, автоматик равишда душманга қарши барча ядро ракеталарини учириб юборади. Американинг мутахассиси жеффри Льюиснинг айтишича, Россия раҳбарияти буни ёвузлик қилиш учун эмас, балки қўрқув ва хавотир сабабли қилган. Улар АҚШ тўсатдан ҳужум қилиб, раҳбариятни йўқ қилиб ташлашидан қўрқади. Қисқача айтганда: Бу Россиянинг “бизни йўқ қилсангиз ҳам, автоматлаштирилган тизим барибир сизга жавоб зарбасини беради” деган охирги кафолат қалқонидир. 1970 йилларда “Периметр”ни яратишда қатнашган ва 2005–2010 йилларда уни модернизация қилишга раҳбарлик қилган истеъфодаги генерал-майор Виктор Халиннинг сўзларига кўра, Президент Владимир Путин 2005 йилнинг май ойида “Ўлик қўл”нинг янги бошқарув бўғинини қуриш тўғрисидаги махфий фармонни имзолаган. Тизим 2010 йилда синовдан ўтказилган, 2020 йилга келиб эса объект яқинида ҳарбий шаҳарча қад ростлаган.
Қирғизистон илк сунъий йўлдоши
2026 йилнинг 1 октябрь куни Марказий Осиё минтақаси ва хусусан Қирғизистон учун тарихий, аммо шу билан бирга кўплаб геосиёсий саволларни ўртага ташлайдиган муҳим воқеа юз берди. АҚШнинг Калифорния штатида жойлашган Ванденберг ҳарбий-ҳаво кучлари базасидан Илон Маскнинг SpaceX компаниясига тегишли Falcon 9 ташувчи ракетаси орқали Қирғизистоннинг биринчи миллий сунъий йўлдоши орбитага учирилди. Амалий ташриф билан Америка Қўшма Штатларига борган Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ушбу коинотга учириш маросимида шахсан иштирок этди. Ушбу воқеа бир қарашда технологик ва экологик сакраш каби кўринса-да, унинг замирида минтақадаги сиёсий мувозанат ва рақамли назоратнинг янги босқичи ётганини пайқаш қийин эмас.
Қирғизистон Президенти Администрацияси ва матбуот хизмати берган расмий маълумотларга кўра, коинотга олиб чиқилган ушбу аппарат тўлиқ Бишкек шаҳридаги махсус бошқарув марказидан назорат қилинади. Расмийларнинг таъкидлашича, космик аппарат энг аввало, қишлоқ хўжалиги экин майдонлари, эриётган музликлар, сув объектлари, ўрмонлар ва яйловларни мониторинг қилиш учун мутлақо янги имкониятлар эшигини очади. Шунингдек, у экотизимлардаги ўзгаришларни кузатиш, табиий офатлар хавфини олдиндан баҳолаш, ер қаъридан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини, ноқонуний чиқиндихоналарни аниқлаш ҳамда логистика йўналишларини мақбуллаштиришга хизмат қилиши айтилмоқда.
“Бу давлат қарорларини қабул қилиш, инвестициявий режалаштириш ва давлат дастурлари амалга оширилишини назорат қилишда холис маълумотларни қўллаш имконини беради”, дейилади Президент матбуот хизмати тарқатган хабарда.
Бироқ, сиёсий ва технологик таҳлилчилар ушбу ҳодисага биргина экологик ва иқтисодий призма орқали қараш бирёқлама бўлишини эътироф этмоқда. Биринчидан, лойиҳанинг айнан АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари базасидан ва америкалик хусусий аэрокосмик гигант томонидан амалга оширилиши Вашингтон ва Бишкек ўртасидаги сўнгги йилларда сезиларли даражада илиб бораётган алоқалардан далолат беради. Анъанавий равишда Россия ва Хитойнинг таъсир доирасида бўлган Марказий Осиё давлатларидан бирининг ўз илк космик инфратузилмасини АҚШ орқали коинотга олиб чиқиши геосиёсий пичинг ва сигналлардан холи эмас. Бишкек бу қадами билан ўзининг кўп векторли ташқи сиёсатини намойиш этаётгандек таассурот қолдиради.
Иккинчидан, сунъий йўлдош орқали йиғиладиган маълумотларнинг кейинчалик давлат рақамли тизимларига интеграция қилиниши мамлакат ички бошқарувида назорат ва мониторинг имкониятларини мисли кўрилмаган даражада оширади. Маълумотларни фазовий хариталар ва таҳлилий моделлар кўринишига келтириш орқали ҳукумат нафақат табиий ресурсларни, балки ноқонуний кончилик ёки ер бўлинмаларини аниқ кўриб туради. Табиийки, бундай даражадаги шаффофлик айрим маҳаллий олигархик гуруҳлар ва ноқонуний бизнес тузилмалари учун унчалик хуш ёқмайдиган ҳақиқатдир.
Халқаро космик ва таҳлилий нашрларнинг ёзишича, Марказий Осиё мамлакатларининг космик пойгага қўшилиши минтақада суверен маълумотлар базасини яратиш истаги билан боғлиқ. Ҳозиргача ҳудуддаги кўплаб давлатлар геодезия ва гидрология маълумотларини хорижий сунъий йўлдош операторларидан сотиб олишга мажбур бўлиб келаётган эди. Қирғизистоннинг ушбу қадами уларни ўз ҳудудидаги жараёнларни холис ва мустақил баҳолаш имконияти билан таъминлайди.
Live
All