Эрдўған Зеленскийга қўнғироқ қилиб, яна “даллоллик”ни таклиф қилди
Олам
−
28 Сентябрь 2022
11406Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 28 сентябрь куни украиналик мавқедоши Владимир Зеленский билан телефон орқали суҳбатлашди ва у Запорожье атом электр станцияси атрофида қуролсизлантирилган ҳудуд яратиш учун воситачилик қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда Туркия Президенти маъмурияти Алоқа бошқармаси маълум қилди.
“Президент Эрдўған, Россия ва Украина ўртасида узоқ вақтдан бери ишлаб келаётган маҳбуслар алмашинуви муваффақиятли якунланганидан чуқур мамнунлигини билдирди. Украина ғалласини Қора денгиз орқали экспорт қилиш бўйича келишув амалга ошаётганини таъкидлаган. У шундай ёндашувни Запорожье атом электр станцияси контекстида ҳам кўрсатиш мумкинлигини ва станция атрофида қуролсизлантирилган ҳудудни яратишда зарур воситачилик ва ёрдам кўрсатиш бўйича таклиф ҳақиқий эканлигини айтди”, дейилади идора хабарида.
21 сентябрь куни МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гросси БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси доирасида бир қатор учрашувлар ўтказганини, жумладан, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ва Франция Президенти Эммануэль Макрон билан учрашганини маълум қилди. Унда у Запорожье АЭС атрофида хавфсизлик зонасини яратишни муҳокама қилинган. Гросси Украина Бош вазири Денис Шмигаль ва Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель билан ҳам учрашувлар ўтказган. Бундан ташқари, МАГАТЭ раҳбари агентлик яқин кунларда Запорожье АЭСдаги миссия таркибини кенгайтириш ниятида эканини айтган.
Кейинроқ Гросси МАГАТЭ Бош конференциясининг 66-йиллик сессияси доирасида Россия ва Украинага хавфсизлик зонасини яратиш бўйича музокараларни давом эттириш режалари ҳақида гапирган. У буни “иложи бўлса” шу ҳафтада амалга оширишга умид қилмоқда. Шунингдек, у ушбу ташаббус бўйича давом этаётган музокараларда муваффақиятга эришилганини маълум қилди.
Энергодарда жойлашган Запорожье АЭС Россия қўшинлари назорати остида қолмоқда. Сентябрь ойи бошида станцияга Гросси бошчилигидаги МАГАТЭ миссияси ташриф буюрди. Миссия станцияни тарк этгач, агентликнинг икки ходими кузатувчи сифатида унда қолди. Кейинроқ МАГАТЭ ҳарбий ҳаракатлар оқибатида аварияларнинг олдини олиш учун Запорожье АЭС атрофида хавфсизлик зонасини яратишга чақирувчи ҳисоботини чоп этди.
LiveБарчаси