Эрдўған Зеленский билан 2,5 соат “дардлашди”
Олам
−
08 Июль 2023
8250Кеча, 7 июль куни Истанбулда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Украина Президенти Владимир Зеленский ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди.
“Анадолу” агентлигининг хабар беришича, учрашувда етакчилар Украинадаги вазият, Қора денгиз дон ташаббуси ва бошқа халқаро масалаларни муҳокама қилган.
Президентларнинг учрашуви 2,5 соат давом этган. Давлат раҳбарларининг музокаралари билан бир вақтда делегацияларнинг кенгайтирилган таркибдаги учрашуви бўлиб ўтгани айтилмоқда.
Учрашувдан сўнг президентлар қўшма матбуот анжумани ўтказди ва журналистларнинг саволларига жавоб берди. Унда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Қора денгиз дон ташаббуси бўйича келишувни узайтириш алоҳида аҳамият касб этишини қайд этган.
“Йил давомида ғалла йўлаги бўйлаб 33 миллион тонна маҳсулот ташилди. Ушбу шартнома муддати 17 июлда тугайди. Энди келишув муддатини узайтиришга эришиш жуда муҳим. Туркия бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларини давом эттирмоқда. Бу ташаббусни икки ойдан уч ойгача давом эттириш муҳим. Умуман олганда, 2 йил муддатда жаҳон бозорларига маҳсулот етказиб беришни таъминлашга ҳаракат қиламиз. Туркия 17 июлда тугайдиган Қора денгиз дон битимининг узайтирилишига умид қилмоқда. Биз дон коридорини икки йилга узайтиришга интиламиз”, деган у.
Президент Туркиянинг Украинани қўллаб-қувватлашда давом этганини қўшимча қилди. Унга кўра, Туркия Украина ва Россия ўртасида тинчликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини давом эттиради.
“Можаронинг бошиданоқ биз Украина билан бирдамлигимизни кўп соҳаларда – сиёсий, иқтисодий, хавфсизлик бўйича аниқ ёрдам кўрсатиш орқали намойиш этдик. Урушни халқаро ҳуқуқ асосида музокаралар йўли билан тугатиш учун энг жадал ҳаракат қилган давлат ҳам биз эдик”, дейди Президент Эрдўған.
Украина Президенти Владимир Зеленский Президент Эрдўған ва турк халқига кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.
“Асосий мавзу Қора денгиз минтақаси ва умуман Европадаги хавфсизликдир. Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети ҳамда тинчлик формуламизни қўллаб-қувватлагани учун Туркияга миннатдорлик билдирамиз. Бунинг замирида мамлакатларимиз, халқимиз ва манфаатларимиз ҳимояси ётади”, дейди Зеленский.
Ғалла келишувига келсак, Зеленский Киев дон шартномасини узоқ муддатга узайтириш тарафдори, унинг тақдири бир давлат позициясига боғлиқ бўлмаслиги кераклигини таъкидлаган.
Украина Президенти, шунингдек, "турли хил йўлаклар бўлиши керак"лигини айтиб, гап Николаев вилояти портларидан кемалар ҳаракати ҳақида кетаётганини билдирди.