Эрдўған Ўзбекистонга келяпти

Жамият

image
0:00
0:00
download

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистонга келиши кутилмоқда. Айни вақтда расмий Тошкент Эрдўғаннинг ташрифига тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг хабарномасида сўз боради.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 23 апрель куни Бангладеш Халқ Республикаси, Чехия Республикаси, Миср Араб Республикаси, Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги, Туркия Республикаси, Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари ва Россия Федерацияси элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олган. Ушбу маросим ҳақидаги хабарномада Президент Эрдўғаннинг Ўзбекистонга ташрифи кутилаётгани айтилган. 

Қайд этилишича, Ўзбекистон Президенти олий даражада ўтказилаётган мунтазам ва самарали мулоқотлар туфайли Туркия билан стратегик шериклик муносабатларида эришилган бугунги даражани юқори баҳолади.

“Бугун ишончга асосланган сиёсий мулоқот қарор топди. Пандемияга қарамасдан, делегациялар билан алмашинув фаол давом этмоқда. Хусусан, кейинги ойларда Туркия ташқи ишлар ва савдо вазирлари бошчилигидаги делегациялар ташриф билан мамлакатимизда бўлди.

Туркиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида йирик савдо, инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ҳудудлараро мулоқотлар йўлга қўйилди, таълим, маданият ва кино соҳаларида қўшма дастур ва тадбирлар муваффақиятли ўтказилмоқда”, дейилади хабарда. 

Таъкидланишича, бўлажак саммитларга – Туркий кенгашнинг Истанбулдаги навбатдаги йиғилиши ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга расмий ташрифига тайёргарлик кўрилмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон-Туркия муносабатларида янги саҳифа очилди. 2016 йилнинг ноябрь ойида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи, 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. 

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистон сўнгги ташрифини 2018 йилнинг 30-31 апрель – 1 май кунлари амалга оширган эди.  Икки мамлакат раҳбарлари ўртасида ўтказган учрашувлар тарихий муносабатларда янги аҳамият касб этди. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг таклифига биноан 2020 йилнинг 19-20 февраль кунлари ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди

Давлат раҳбарлари дастлаб тор доирада музокара ўтказди. Президентлар раислигида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. 

Ташрифнинг иккинчи кунида Шавкат Мирзиёев Туркиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Туркия Президенти ҳузуридаги “Халқ кутубхонаси”нинг очилиш маросимида иштирок этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

453

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг