Эрдўған Сурия учун курашмоқчи

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Шимолий Суриядаги хавфсизликка таҳдид солаётган курд гуруҳларини йўқ қилиш учун Туркия ҳарбий амалиёт ўтказиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда “The Times of Israel” хабар берди.

Эрдўғаннинг бу баёноти Туркия томонидан қўллаб-қувватланаётган аскарлар ва АҚШ тарафидан ёрдам олувчи курдлар бошчилигидаги Сурия демократик кучлари (SDF) ўртасидаги жанговар ҳаракатлар фонида очиқланган.

“Икки гуруҳ ўртасидаги тўқнашувлар, асосан, Кобани шаҳри яқинида ва Евфрат дарёсидаги Тишрин тўғони ҳудудида содир бўлмоқда”, дейилади хабарда.

Шу билан бирга, Туркия раҳбари АҚШ ва Ғарб давлатларини Исроил Мудофаа кучларининг (IDF) Сурия ҳудудидаги ҳаракатларини тўхтатишга чақирган.

“Биз Сурияда мавжуд террористик ташкилотларни зарарсизлантириш ва жанубий чегараларимиздан келаётган таҳдидларни тўхтатиш вақти келганини маълум қиламиз”, деган у.

Шунингдек, у Курдистон Ишчилар партияси билан боғлиқ бўлган гуруҳларнинг минтақа келажагида ўрни йўқлигини таъкидлаган.

Қолаверса, Туркия раҳбари янги тузилаётган Сурия давлат тузилмаларини қўллаб-қувватлашини ва Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фиданнинг яқинда Сурияга ташриф буюришини маълум қилган.

Эрдўған халқаро ҳамжамиятнинг янги Сурия раҳбарияти билан алоқа ўрнатаётганини “янги маъмуриятга бўлган ишонч” деб баҳолаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 15 кун ичида Сурия пойтахти Дамашққа ташриф буюриши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Туркия Эрдўған Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг